Навоий музейи тақдири: реставрациями ёки навбатдаги “снос” хавфи?

**Навоий музейи тақдири: реставрация ёки навбатдаги бузилиш хавфи?**
Сўнгги кунларда Тошкентдаги Алишер Навоий музейи атрофидаги вазият зиёлилар орасида кўплаб саволларни келтириб чиқарди. "Дарё" нашри соҳа мутасаддилари, олимлар ва ижодкорлар билан суҳбатлашиб, музейнинг келажаги бўйича энг муҳим саволларга жавоб излади.
Тошкент шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи тақдири жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Музейнинг ёпилиши, бино фасадининг ўйиб ташланиши, экспонатлар ва нодир қўлёзмаларнинг шошилинч равишда бошқа жойларга кўчирилиши хавотирларни кучайтирди. Айрим ижодкорлар музейни сақлаб қолишни сўраб Президентга мурожаат қилишгача борди. Хўш, музей ва қарийб бир асрлик тарихга эга унинг биноси сақлаб қолинадими? Бу вақтинча реставрациями ёки навбатдаги "снос"нинг бошланишими?
**Музейнинг ҳозирги ҳолати**
**Музей жойида қолиши муҳим**
Адабиёт музейи шунчаки экспонатлар қўйилган бино эмас, балки бадиий асарлар тадқиқ қилинадиган илмий маскан вазифасини ҳам бажаради. Бу ерда Алишер Навоий ижоди ва ўзбек адабиёти тарихига оид 847 та нодир қўлёзма, 1500 дан ортиқ тошбосма ҳамда 1,5 миллиондан зиёд архив ҳужжатлари сақланиб келган. Ўнлаб йиллар давомида илмий мактаб шаклланган.
Фанлар академиясига қарашли музей 60 йил мобайнида капитал таъмирланмагани ҳайратланарли. Шу пайтгача асарларни сақлаш ва томоша залларида етарли шароитлар яратилмагани янада ачинарли ҳолат.
"Дарё" манбаларига кўра, маблағ ажратилмаган ва ўз ҳолига ташлаб қўйилган бинонинг ички қисмидаги деворларни музей ходимлари қўлбола усулда таъмирлаб келган.
Энди эса нодир манбаларни сақлашга шароит йўқлиги важ қилиниб, музей Янги Тошкентга кўчирилиши мумкин. Зиёлилар бинони таъмирлаб, сақлов хоналари қуриш мумкинлигини, музейни Алишер Навоий кўчасидан кўчириш хатолигини айтмоқда. Янги Тошкентда барпо этилаётган бино алоҳида музей сифатида қурилиши фойдадан ҳоли эмаслиги таъкидланмоқда.
Пойтахтда сўнгги йилларда "кўчириш" ва "реконструксия" баҳонасида қатор тарихий меъморий обидаларнинг бузилиб кетгани жамоатчилик хотирасида чуқур из қолдирган. Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова музей биноси ҳам ана шундай фожиали қисматни такрорлашидан жиддий хавотир билдирди.
"Менимча, "Турон" кутубхонаси ҳам маданий мерос рўйхатида эди. Лекин нега бузилди? Энди Алишер Навоий музейининг ҳам бузилиш хавфи пайдо бўляпти. Бино қурилганига яқинда 100 йил бўлади. Тошкент бузилиб-бузилиб, қадимги жойлари қолмаяпти. Бу бинони нега Янги Тошкентга кўчириш керак? Янги Тошкентда ўзининг янги бир рухсори пайдо бўлсин. Бу музей эса ўз жойида қолаверсин. Бинода фақат музей эмас, Ёш томошабинлар театри ҳам бор. Бино бузилса, театр ҳам бузиладими? Кейин Сатира театрига ўхшаб 20-30 йил кўчада спектакл қўядими?", дейди ижодкор.
Актриса собиқ Миллий хавфсизлик хизмати биноси бузилиб, ўрнига меҳмонхона қурилаётганини қоралади. Аксинча, бундай бинолар музей сифатида сақланиб, миллат учун хотира маскани бўлиб қолиши муҳимлигини айтди.
"Бино 1950-йилларда қурилган, мустаҳкам, қатағон йилларининг нафаси уриб турган жой эди. Қанчадан-қанча ҳужжатлар сақланарди. Бино нимага бузиб ташланди? Туппа-тузук, чиройли жой эди. Хотира сифатида музей қилинмайдими? Бузилиб ўрнига нима қурилди? Меҳмонхона! Шунга ўхшаб бу музей ҳам бузилиб, ўрнида бир катта ресторан, тўйхона ёки банк қуриладими? Зиёлилар, рассомлар, ёзувчилар томошабин бўлиб турмаслиги керак", дейди халқ артисти.
Ижодкор бино узоқ йиллар таъмирланмагани нотўғри бўлганини айтди. Унга бино тарихнинг бир бўлаги сифатида қараш зарурлигига урғу берди.
"60 йил давомида таъмирланмаган. Нега таъмирлашмайди? Неча йилдан бери директор бўлганлар жавоб берсин. Чиройли қилиб, яхшилаб таъмирлашсин. Нимага кўчириш ёки бузиш керак? Нега чиройли нарсани йўқ қилиш керак? У қадрият, хотира-ку?! Янги Тошкентда яна музейлар қурмоқчи бўлишса, хоҳлаган безаги билан қураверишсин. Бу нимага халақит беради? "Кимгадир керакда... Марказ жой-ку". Мана шунақа ёмон шубҳалар одамнинг юрагига ўрмалаб киради. Қанақадир бизнес учун керакдир-да шу жой", дейди Дилором Каримова.
**"Авлодлар бизни сўроққа тутади"**
Таълим эксперти ва жамоатчилик фаоли Комил Жалилов Алишер Навоий кўчасини совет даврида лойиҳалаштирилган ноёб меъморий композиция деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, музейни бу ердан суғуриб олиш бутун кўчанинг руҳи ва тарихий муҳитини бой бериш демакдир.
"Немис олими, архитектор ва маданий меросни сақлаш бўйича мутахассиснинг тадқиқотини ўқигандим. У Тошкентда бир яхлит архитектура мажмуаси сифатида Навоий кўчасини мисол қилиб келтирган. Музей, Навоий ҳайкали, Навоий метроси — булар кичик бир композиция. Бу жойдан Адабиёт музейининг кўчирилиши жуда нотўғри ҳодиса бўлади. Авлодлар бу ҳақида ўқиганда бизни кечиришмайди деб ўйлайман. Келажакда "Навоий ўзининг номига аталган кўчага сиғмадими", деган савол кўтарилади", дейди мутахассис.
Комил Жалилов Тошкент сити қурилаётган пайтда тарихий обьектлардан бири бўлган "Киночилар уйи" биноси бузиб юборилганини эслади. Самарқандда совет даврида қурилган Ўзбекистон халқлари маданияти тарихи музейи ҳам кўчирилганига урғу берди.
"Музей бошқа жойга кўчирилиб, биноси бузилганди. Лекин у олдингидек шон-шуҳрати ва миссиясини қайта тиклай олмади. Музейни шундоқ олиб, бошқа жойга кўчириш жуда катта хатарлар келтиради. Шунинг учун бу масалага эҳтиёткорлик билан қараш керак. Агар зарурат бўлмаса, жойида қолгани маъқул", дейди у.
Мутахассис Лондонда бир неча асрлар олдин қурилган тарихий бинолар замонавий технологиялар билан жиҳозланиб, музей сифатида фаолиятини давом эттираётганини таъкидлади. Яъни тарихий фасад сақланади, ички қисм эса бугунги талаблар асосида янгиланади. Комил Жалиловнинг фикрича, агар хоҳиш ва сиёсий ирода бўлса, Алишер Навоий музейини ҳам айнан шундай йўл билан замонавийлаштириш мумкин.
**"Музейнинг истиқболи бор деб ўйлаганман"**
Адабиёцҳунос Шаҳноза Назарова музей раҳбари этиб тайинланганига эндигина икки ой бўлди. Филология фанлари доктори "Дарё"га интервю бераркан, раҳбар эмас, олима сифатида гапиришни лозим топди. Адабиёцҳунос суҳбат давомида музейда уч йилдан бери ишлаётгани, дастлаб иш бошлаганда қандай орзулар қилгани ҳақида гапирди.
"Қачондир бу бино тўлиқ реконструксия қилинади, орқасидаги ерларда замонавий сақловхоналар ташкил этилади деб ўйлаганман. Музейнинг нашриёти, босмахонаси, архив экспедициялари қайта тикланишини орзу қилганман. Тошкент сити қаршисида Навоий даври Ҳирот боғларига ўхшаш классик услубдаги мўжизавий боғ барпо этилишини тасаввур қилганман. Музейнинг истиқболи бор деб ўйлаганман", дейди олима.
Шаҳноза Назарова иссиқ ва совуқ ҳавода бинодаги шароит оғирлигига қарамай, Ўзбекистон ҳудудлари ва дунёнинг турли ерларидан олимлар ҳамда томошабинлар оқими асло тўхтамаганини айтди.
Фан доктори ҳозир музей нуфузини сақлаб қолиш муҳимлигига урғу берди. Алишер Навоий кўчасидан ўтаётганлар музейга қараганда ёки кирганда буюк шоир руҳини ҳис қилиши учун етарли имконият яратилиши кераклигини таъкидлади. Олима фикрларидан келиб чиқилса, музей кўчирилиши эмас, аксинча, бинода тадқиқотчилар ва томошабинлар учун етарли шароитлар яратилиши зарур.
"Янги Тошкент ҳудудида Навоий даҳосини абадийлаштириш масалалари кўриляпти. У ҳам давом этиши керак бўлган илмий тадқиқотларнинг, ҳукумат томонидан қаратилаётган эътиборнинг янги босқичи сифатида қаралиши зарур", дейди Шаҳноза Назарова.
**"Битта мих қоқишга ҳам рухсат йўқ"**
Жамоатчиликнинг бино бузилишига оид хавотирлари юзасидан Маданий мерос агентлиги билан боғландик. Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов мажмуа давлат муҳофазасига олинган моддий-маданий мерос обьекти ҳисобланишини айтди.
"Обьект Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан маданий мерос рўйхатига киритилган. Бинода нафақат Адабиёт музейи, балки Ёш томошабинлар театри ҳам ўтирибди. Икки ой олдин комплекснинг ташқи фасадини реставрация қилишни бошлаганмиз. Лойиҳа институтимиз музей ички қисмида тадқиқот ўтказиб, ремонт ёки реставрация қилиш таклифини беради. Кейин таклифларни ҳукуматга киритамиз. Бизнинг позициямиз ҳар доим қаттиқ: нафақат бино бузилишга, балки унинг деворига рухсациз битта мих қоқилишига ҳам қаршимиз", дейди агентлик расмийси.
Биз музей залларида бўлиб, айрим экспонатлар ва суратларни тасвирга олдик. Ноёб деворий суратлардан бири 1972-йилда машҳур рассом Чингиз Аҳмаров томонидан чизилган. Асар Алишер Навоий достонларига бағишлаб ишланган.
Музейда бошқа рассомлар томонидан чизилган яна қатор деворий суратлар ҳам мавжуд. Элмурод Нажимов агентлик илмий ходимлари Адабиёт музейига бориб, деворий суратлар ва панноларни ҳеч қаерга кўчирмаслик тўғрисида қарор қабул қилганини айтди.
"Масалага нуқта қўйилди. Музейдаги деворий суратлар ва паннолар жойида қолиши керак. Маданий мерос обьекти маданий мерослигича қолади", дея таъкидлади агентлик раҳбари ўринбосари.
Ҳозир музей фасади ўйиб ташланган. Лекин бир неча кунлик кузатишлар давомида бирор уста ёки реставраторлар кўринмади. Бу ҳолат бино фасади ўйилгач, таъмирлаш бошланмаётгандек таассурот уйғотади.
**Нодир қўлёзмалар кўчирилган**
Адабиёт музейининг 847 дона нодир қўлёзма манбалари Ислом сивилизацияси марказининг сақлаш хоналарига кўчирилиб, жойлаштирилган.
"Дарё" мухбири бинонинг ертўла қисмидаги қўлёзмалар сақланаётган хонада бўлиб, асарлар қандай сақланаётганини кўздан кечирди.
Марказнинг Кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими бошлиғи Равшан Қодировнинг айтишича, қўлёзмалар ишончли жойда сақланмоқда.
"Сақлов хоналаримиз халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Масалан, хонанинг ҳаво ҳарорати ва нисбий намлиги, ёруғлиги, китоб жавонлари сифати белгиланган меъёрларга мос келади. Қўриқлаш тизими, камералар доимий ишлаб турибди", дейди марказ вакили.
Музейдаги ноёб тошбосма манбаларни ҳам марказга вақтинча сақлаш учун олиб келиш режалаштирилган. Экспонатлар эса Фанлар академиясининг Антропология институтига жойлаштирилади.
**Янги Тошкентдаги лойиҳа ва очиқ қолаётган саволлар**
Музей биноси атрофидаги яна бир жумбоқ — унинг Янги Тошкентга кўчирилиши ҳақидаги хабарлар билан боғлиқ. Янги Тошкент дирексиясининг "Дарё"га маълум қилишича, ҳудудда Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилмоқда.
Мажмуа таркибидан музей, илмий-тадқиқот маркази ва Мақом маркази жой олади. Қурилиш ишларини 2027-йилда якунлаш режалаштирилган.
Бу шунчаки бир бинога оид хавотирлар эмас, тарихни қандай сақлаймиз, маданий меросимизни қандай асраймиз ва келажак авлодга нималарни қолдирамиз деган катта савол устидаги изланиш эди. Бугун бир неча саволларга жавоб олдик. Бино давлат муҳофазасида экани, музей экспонатларига зарар етказилмаслиги айтилди. Бироқ музейнинг кейинги тақдири қандай бўлиши маълум эмас.
"Дарё" воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

