НАТО илк бор АҚШ иштирокисиз ҳарбий машғулот ўтказди

**НАТО илк бор АҚШ иштирокисиз ҳарбий машғулот ўтказди**
НАТО давлатлари Алянс тарихида илк марта АҚШсиз ҳарбий машғулот ўтказди.
Нашр ёзишича, Нортҳерн Викинг номли йиллик машғулотлар 21-августдан 4-сентябргача Исландия қирғоқлари яқинида бўлиб ўтган. Машғулотлар чоғида НАТО кучлари Россия сувости кемаларини аниқлаш ва йўқ қилиш бўйича амалиётларни бажариб кўрди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам, Оқ уй ҳам ҳозирча мамлакатнинг машғулотларда бевосита қатнашмагани ҳақида изоҳ бермади.
Бу йилги машғулотларда, жумладан, Германия ҳарбий-ҳаво кучларининг разведка самолётлари, Белгия қирувчи самолётлари ва Канада ҳарбий кемалари қатнашди.
АҚШ бир неча ўн йилдан бери Нортҳерн Викинг машғулотларига бощилик қилиб келган. Бу сафар эса америкалик ҳарбийлар машғулотларда тўғридан тўғри иштирок этмади. АҚШ томони фақат машғулотларни режалаштиришга ёрдам берди ва Кефлавик аеропортининг ҳарбий қисмида янги обьектлар қурди.
НАТО вакили Тимоти Петракнинг айтишича, бундай машғулотлар Шимолий Атлантикада доимий ҳарбий мавжудликни таъминлашнинг асосини ташкил этади.
Унинг сўзларига кўра, машғулотлар НАТО иттифоқчилари ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга ва алянс хавфсизлиги талаб қилган жойда ҳаракат қилишга тайёр эканини намойиш этади.
Май ойида НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари бош қўмондони, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Алексус Гринкевич Европа давлатлари ҳарбий салоҳиятини ошириб бораётгани сабабли узоқ муддатда АҚШ қўшинларининг бир қисмини дунёнинг бошқа ҳудудларига кўчириш мумкинлигини айтган эди.
Гринкевичнинг таъкидлашича, бу жараён бир неча йил давом этиши мумкин.
Июл ойида АҚШ мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Элбриж Колби Пентагон Европадаги Америка ҳарбий контингенти масаласини қайта кўриб чиқаётганини билдирган.
Колбига кўра, бунинг натижасида НАТО Европа давлатлари ўз мудофааси учун асосий масъулиятни зиммасига оладиган моделга тобора тезроқ ўтади. Бунда Европа мамлакатлари ўз хавфсизлигини аввало ядровий бўлмаган қуроллар ёрдамида таъминлаши назарда тутилмоқда.
Феврал ойида АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Германиядан қарийб 5 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчини бир йил ичида олиб чиқиш ҳақида буйруқ берган эди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 2025-йил декабр ҳолатига Европадаги ҳарбий базаларда доимий равишда тахминан 68 минг нафар америкалик ҳарбий жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ярмидан кўпроғи, тахминан 36 400 нафари Германияда.
Таққослаш учун, 1985-йилда Берлин девори қулашидан ва Совуқ уруш тугашидан олдин Ғарбий Германияда 250 минг америкалик аскар жойлаштирилган эди.

