НАТО Эроннинг Европа давлатларига таҳдидига жавоб қайтарди
НАТО Эрон Болгария ва Кипрдаги ҳарбий объектларга зарба бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан алянс аъзоларини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай таҳдидга жавоб қайтаришга тайёрлигини билдирди. Теҳрон эса Европага эҳтимолий зарбалар ҳақидаги хабарларга ҳозирча муносабат билдирмаган.

НАТО Эроннинг Европа давлатларига таҳдидига жавоб қайтарди
Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) Эроннинг Европадаги ҳарбий объектларга эҳтимолий ҳужумлари ҳақидаги оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Алянс вакилининг 19-август куни Реутерс агентлигига маълум қилишича, НАТО ҳар қандай таҳдидга жавоб бериш ва аъзо давлатларни ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришга тайёр.
"Бизнинг тийиб туриш ва мудофаа стратегиямиз кучли ҳамда самарали", - деган исми ошкор этилмаган НАТО вакили.
Бунга қадар Финансиал Тимес Эрон АҚШ билан можаро яна кескинлашган тақдирда Европадаги айрим объектларга зарба бериш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эди. Нашр маълумотларига кўра, эҳтимолий нишонлар орасида Кипр ва Болгариядаги объектлар ҳам бор.
Болгария июл ойида АҚШга мамлакатдаги авиабазадан самолётларга ёнилғи қуйиш мақсадида фойдаланишга рухсат берган. Кипрда эса Буюк Британиянинг ҳарбий авиабазалари жойлашган.
Тҳе Нев Ёрк Тимес манбаларига таяниб, Эрон Украинадаги портлардан бирига зарба бериш вариантини ҳам кўриб чиққанини ёзган. Нашрга кўра, бундай эҳтимолий ҳужум Каспий денгизида Эрон кемасига Украина Қуролли кучлари томонидан берилган зарбага жавоб сифатида муҳокама қилинган. Бироқ кейинчалик Теҳрон бу режадан воз кечгани айтилмоқда.
Эрон расмийлари Европадаги нишонларга эҳтимолий зарбалар ҳақидаги сўнгги хабарларни изоҳламади. Шу билан бирга, 19-август куни Эрон олий ҳарбий қўмондонлиги вакили генерал Али Абдуллоҳи Алиободий АҚШ билан ҳамкорлик қилаётган Форс кўрфази давлатларига навбатдаги огоҳлантириш билан чиқди.
У ушбу мамлакатларни Вашингтонга Эрон ҳудудига зарбалар беришда ёрдам кўрсатаётганликда айблади.
Бу баёнот Бирлашган Араб Амирликлари Эрон билан барча савдо, тижорий алмашинув ва молиявий операцияларни кейинги хабарга қадар тўхтатишга қарор қилганидан сўнг янгради.
БАА расмийлари Теҳронни мамлакат йўналишида иккита ракета учирганликда айблаб, ҳужумдан кўзланган мақсад денгиз қатновига зарба бериш бўлганини билдирган. Эрон эса ушбу айбловларни рад этган.

