Наманганда собиқ банк раҳбари фуқародан 20 минг доллар олаётганда ушланди

Наманганда собиқ банк бошқарувчиси фуқародан 20 минг доллар пора олаётганида қўлга олинди. У ер майдонининг ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати маълум қилди.
Департаментнинг Наманган вилояти бошқармасига Янги Наманган туманида яшовчи фуқаро мурожаат қилган. Аризачининг сўзларига кўра, “Саноат қурилиш банк” Наманган вилояти филиалининг собиқ бошқарувчиси унга Норин туманида жойлашган, вилоят насос стансиялари ва энергетика бошқармаси балансидаги ер майдонини сотишни таклиф қилган. Ушбу ер майдони балиқчиликни ривожлантириш учун ижара асосида фойдаланишга берилиши режалаштирилган. Собиқ банк раҳбари ўз танишлари орқали ернинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтган. Бунинг эвазига у фуқародан 29 минг доллар талаб қилиб, 20 минг долларни олдиндан беришни сўраган.
Фуқаронинг аризасига асосан, жорий йилнинг 30-июл куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида собиқ банк раҳбари Давлатобод туманидаги кўп қаватли уйлар олдида аризачидан кимёвий ишлов берилган 20 минг долларни олаётган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижонда давлат захирасидаги 24 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали 39 минг долларга расмийлаштириб беришни ваъда қилган икки шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Улардан бири 25 минг долларни олаётган вақтида қўлга тушган.
Шунингдек, июл ойида Тошкентда кадастр бош инспектори пора билан ушлангани, Андижонда эса ер майдонини ноқонуний сотиш билан боғлиқ яна бир ҳолат аниқлангани маълум қилинган эди. Жорий йилнинг 15-июл куни Тошкентда давлат ташкилоти балансидаги ер участкасини ижарага бериш бўйича шартномани расмийлаштириб, ижара тўловини камайтириб беришни ваъда қилган мансабдор шахс 15 минг доллар олаётган вақтида ушланган эди.

