Наманганда шилқимликка учраган 18 ёшли қиз жарима тўлайдиган бўлди

Наманганда 18 ёшли қиз жамоат автобусида ўзига шилқимлик қилган эркакни ургани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Воқеа 2026-йил 27-июл куни содир бўлган. 1959-йилда туғилган эркак 2007-йилда туғилган қизнинг сон қисмидан ушлаб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган. Қиз эса бунга жавобан эркакни урган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, эркак олган жароҳатлар соғлиғига зарар етказмаган енгил тан жароҳати ҳисобланади.
Суд эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари — 824 минг сўм жарима тайинлади.
Қиз эса МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Унга енгиллаштирувчи ҳолатлар ва шахсий ҳолати инобатга олиниб, БҲМнинг ярим баравари — 206 минг сўм жарима тайинланди.
Аввалроқ Фарғонада ҳамкасбига шаҳвоний шилқимлик қилган шифокор 5 суткага қамалган эди. Сирдарёда собиқ ўқувчисига шилқимлик қилган мураббий ҳам 5 суткага қамалгани ҳақида хабар берилган. Қизга нисбатан тайинланган жарима жазоси эса апелляция инстансия суди қарори билан бекор қилинган эди.
**Шаҳвоний шилқимлик учун жазо**
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасига кўра, шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

