Наманганда ишламаган боғчаларга 1,3 млрд сўм субсидия ажратилиб, маблағлар талон-торож қилингани аниқланди
Наманган вилояти Учқўрғон туманида мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул шахслари фаолият юритмаган боғчалар учун сохта маълумотлар асосида 1,3 млрд сўм субсидия олиб, буджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Наманганда фаолият юритмаган боғчаларга 1,3 млрд сўм субсидия ажратилиб, маблағлар талон-торож қилингани маълум бўлди
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида амалда ишламаган мактабгача таълим ташкилотларини расмийлаштириш орқали 1,3 млрд сўмлик субсидия маблағларини ўзлаштириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Департаментнинг Учқўрғон тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул шахслари ҳамда бошқалар ўзаро тил бириктиргани аниқланган.
Улар Меҳнатобод ва Деҳқонобод маҳаллаларидаги хонадонларда мактабгача таълим ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказган. Бироқ бу МТТлар амалда фаолият юритмаган.
Шунга қарамай, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, ушбу ташкилотларга 1,3 млрд сўмлик субсидия маблағлари ажратилган. Бу маблағлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Самарқанд вилоятида 1,1 млрд сўмлик буджет маблағлари ўзлаштирилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилганди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментга кўра, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимлари 90,8 минг дона суюқ совунни оширилган нархларда харид қилган.

