Наманганда иккита катер тўқнашиб кетди
Ҳолат 23-август куни Сирдарё дарёсининг Тўрақўрғон туманидан ўтган ҳудудида юз берган. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Наманган вилоятида икки катер иштирокида тўқнашув содир бўлди.
Жорий йилнинг 23-август куни Наманган вилоятида, Сирдарё дарёсининг Тўрақўрғон тумани ҳудудидан ўтган қисмида, дам олувчиларни олиб кетаётган иккита катер бир-бирига урилди.
Kun.uz манбасининг хабар беришича, ушбу ҳодиса ҳудуддаги дам олиш маскани меҳмонларини сайр қилдириш мақсадида ҳаракатланаётган катерларнинг кўприк остида тўқнашуви натижасида юзага келган. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу бахциз ҳодиса оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмган.
Таҳририятга тақдим этилган видеотасвирларда қутқарув нимчаларини кийган шахсларнинг сувда оқиб кетаётгани ва катерлардаги одамларнинг уларни қутқаришга уринаётгани акс этган.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан расмий изоҳ берилмаган.

