Наманганда 77 яшар фуқарога туғилганлик гувоҳномаси берилди
У паспорти йўқлиги сабаб пенсия ҳам ололмай келган.

Наманганда 77 ёшли фуқарога туғилганлик гувоҳномаси топширилди
Наманганда 77 ёшли фуқарога туғилганлик гувоҳномаси берилди. 1949-йилда туғилган Раҳманов Турсунбой бу кунни узоқ вақт кутган эди. У туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳамда собиқ Совет Иттифоқи даврида олган паспортини йўқотиб қўйгани сабабли шу пайтгача Ўзбекистон фуқаролигини расмийлаштира олмаган.
Фуқароликни тасдиқловчи зарур ҳужжатларга эга бўлмагани боис Турсунбой ака шу вақтгача нафақа ҳам ололмаган. Бу ҳолат унинг кундалик ҳаётида бир қатор қийинчиликларни юзага келтирган.
Муаммонинг ечимини излаб, у Наманган тумани ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган.
Мурожаатчи билан суҳбат чоғида унинг шу кунгача Ўзбекистон фуқаролиги паспортини олмагани, шунингдек, доимий яшаш манзилига эга бўлмагани аниқланган.
ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан мавжуд ҳолат батафсил ўрганилиб, зарур маълумотлар тўпланган. Натижада Турсунбой аканинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси такрорий тартибда тикланиб, унга тантанали равишда топширилган.
Эндиликда Турсунбой ака мазкур гувоҳнома асосида фуқаролик масаласини қонуний тартибда ҳал этиш юзасидан судга мурожаат қилиши ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини расмийлаштириш имкониятига эга.
Фуқаролик масаласи ҳал этилгач, қонунчиликда белгиланган талаблар асосида пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлардан фойдаланиш масаласини ҳам қонуний тартибда ҳал этиш имконияти юзага келади.

