Маҳаллий

Наманганда 2,8 млрд сўмлик ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдосига чек қўйилди

Наманганда 2,8 млрд сўмлик ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдосига чек қўйилди

Наманган вилоятида 2026-йилнинг ўтган даврида аксиз маркаларисиз олиб кирилган, қиймати 2,8 миллиард сўмдан ортиқ тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши чоралар кўрилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ўтказган давра суҳбатида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, ҳисобот даврида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 46 та ҳолат аниқланган. Уларда умумий қиймати 2 млрд 832 млн сўмлик 230 351 қути тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳуқуқбузарликларнинг 32 таси Ўзбекистон чегарасидан ўтиш чоғида (140 948 қути), 14 таси эса вилоят ички ҳудудида (89 403 қути) қайд этилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 12 та жиноят иши қўзғатилиб, 31 та маъмурий иш судларга юборилган, яна 3 та ҳолат бўйича текширув давом этмоқда.

Хусусан, қўшни давлатларда 5–8 минг сўм атрофида бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистонда 13–15 минг сўмдан сотилиши ноқонуний оқимнинг сақланиб қолишига асосий сабаб экани таъкидланди.

Тезкор тадбирлар давомида йирик қонунбузарликлар ҳам аниқланган. Масалан, март ойида ўтказилган рейдларда Наманган шаҳрида Ласетти машинасидан ҳужжатлаштирилмаган 10,5 минг қути, шунингдек, Чуст тумани чегарасида айланма йўллар орқали олиб ўтилаётган 30 минг қути тамаки маҳсулоти ушлаб қолинган.

Давра суҳбати доирасида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи бўйича вазиятга доир маълумотлар ҳам тақдим этилди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети тадқиқоти маълумотларига кўра, Фарғона водийсида бу кўрсаткич 16,5 фоизни, Наманаган шаҳрида эса 28,5 фоизни ташкил этади.

Ноқонуний тамаки маҳсулотлари асосан қўшни Қирғизистондан чегаранинг заиф ҳудудлари орқали кириб келиши ва Фарғона водийси, шунингдек, Янгиқўрғон, Чортоқ ва Уйчи туманларидаги ноқонуний савдо каналлари орқали тарқатилиши қайд этилди.

Шунингдек, контрабандага қарши курашда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва ноқонуний савдо занжирининг турли босқичларига таъсир қилувчи механизмларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида мусодара қилинган контрабанда тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда ёқиш йўли билан йўқ қилинди. Бошқарма ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда назорат тадбирларини давом эттирмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.