Накамура: “Жавоҳир Синдоровга қарши баҳсда жамоам панд берди”

Накамура: "Жавоҳир Синдоровга қарши баҳсда жамоам панд берди"
Америкалик гроссмейстер Ҳикару Накамура Даъвогарлар турнири доирасида ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоровга қарши кечган партиядаги тайёргарлик жараёнида юз берган воқеалар ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, ушбу баҳсда унга ўз жамоаси панд берган.
"Контент яратишдаги муваффақиятимнинг асосий сабабларидан бири — атрофимдаги кучли жамоамдир. Мен одатда жараёнларга кўп аралашавермайман ва ўз одамларимга тўлиқ ишонаман.
Даъвогарлар турниридаги тайёргарликнинг катта қисмида ҳам шундай бўлди — назоратни бироз сусайтирдим. Барча ишларни таҳлилчиларга топширгандим. Балки, ҳаммасини ўзим қайта текшириб чиқишим керак эдими... Аммо ушбу вазиятда кўпроқ жамоамдан ранжидим.
Партия вақтида хато кимдан ўтганига юз фоиз амин эмасдим. Лекин холисона айтганда, жамоа мени уялтириб қўйди. Баҳс якунланиши биланоқ ёрдамчим Крис Литтлжондан: 'Файлда рокировка бормиди?' — деб сўрадим. У эса: 'Йўқ, файлда йўқ эди, бу бизнинг хатомиз', — дея жавоб берди", дейди гроссмейстер.
Маълумот ўрнида, 28-мартдан 16-апрелга қадар Кипрнинг Пафос шаҳрида бўлиб ўтган Даъвогарлар турнирида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров ғолибликни қўлга киритган эди. Шахматчилар ўртасидаги илк баҳсда Синдоров ғалаба қозонган, иккинчи давра ўйинида эса дуранг қайд этилган. Эътиборлиси шундаки, Накамура Жавоҳирга қарши биринчи партияда битта юришни амалга ошириш учун нақ 67 дақиқа ўйланиб қолган. Америкалик гроссмейстер ўзининг бой тажрибасига қарамай, ёш рақиби томонидан қўйилган тузоқдан чиқиш йўлини топа олмаган. Якунда у хатога йўл қўйиб, мағлубиятга учраган.

