“Мутлақо қаршиман”. Тошкент ҳокими — мактаб ва боғчалар ҳудудида ДХШ ҳамда хусусий обьектлар ҳақида
Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов давлат мактаб ва боғчалари ҳудудларини давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун, жумладан, хусусий таълим муассасаларини қуриш учун берилишига қаршилигини билдирди. У бундай участкаларда фақат давлат таълим обьектларини қуришни тўғри деб ҳисоблайди.

“Мутлақо қаршиман”. Тошкент ҳокими — мактаб ва боғчалар ҳудудида ДХШ ҳамда хусусий обьектлар ҳақида
Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов давлатга қарашли мактаб ва боғчалар ҳудудларини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларига беришга қарши эканини билдирди.
Илгари берилган ерларни давлатга қайтариш масаласига тўхталар экан, Умурзоқов кўриб чиқилаётган ҳолатлар орасида ДХШ лойиҳалари учун ажратилган мактаб ҳудудлари, шунингдек, аввал мактаб ҳудудидан чиқарилиб, ҳокимиятга, кейин эса бошқа шахсларга берилган ер участкалари ҳам борлигини айтди.
“Мен Тошкент шаҳрида мактаб, боғча ҳудудини ДХШ лойиҳаларига беришга мутлақо қарши сиёсат юрғизяпман. Бундай ҳудудда фақат давлат мактаб ё боғчаси қурилиши тарафдориман”, — деди у.
Газетаънинг давлат мактаби ёки боғчаси ҳудудида ҳатто хусусий таълим муассасаси ҳам бўлмаслиги керакми, деган аниқлаштирувчи саволига ҳоким ижобий жавоб берди.
“Хусусий ҳам бўлиши керак эмас. Одамларнинг тўлов қобилияти ва ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб, бугун давлат бундай обьектларни ўзи қуришга қодир, туман ҳокимлари ҳам уларни қуриши мумкин, деб айтоламан. Пули бўлмаганда, балки сиз айтгандек, ДХШ лойиҳа қилиш яхши ва тўғри ечимдир”, — деди шаҳар маъмурияти раҳбари.
Шавкат Умурзоқовнинг айтишича, давлат-хусусий шериклик механизмидан бошқа шаҳар обьектларида фойдаланиш мумкин.
“ДХШни мен бошқа соҳаларда қўллаган бўлардим. Масалан, бекатларни бизнесга ауксионга чиқаришимиз мумкин: агар тадбиркор пул тўласа, тозалаб, обьектни сақлаб турса, якунда эса мулк барибир давлатда қолса, у ерда халақит берадиган дўкон қурмасдан нормал инфраструктура яратаётган бўлса, нега бундан фойдаланмаслик керак?” — деди у.
Бироқ таълим ва тиббиёт муассасалари ҳудудларига келганда, ҳоким бошқача ёндашувни таклиф қилди.
“Лекин таълим — бошқа масала. Соғлиқни сақлаш, таълим обьектлари, мактаблар, боғчалар, институтлар ҳудуди ичида ДХШ лойиҳаларига рухсат бериш керакми, деб сўрашса, мен йўқ деган бўлардим”, — деди пойтахт ҳокимияти раҳбари.
Олий таълим соҳасида ДХШнинг мақбул йўналишларидан бири сифатида Умурзоқов талабалар турар жойлари қурилишини тилга олди.
“Шу билан бирга, олий таълимда ДХШнинг яхши мисоли бор — талабалар турар жойлари қурилиши. Агар олийгоҳга ётоқхона етмаётган бўлса, у ҳудуд ажратиши мумкин, хусусий сектор эса олийгоҳ билан келишиб, ДХШ доирасида ётоқхона қуради. Бу бошқа нарса. Лекин кимдир келиб: „Олийгоҳ ҳудудида хусусий институт қураман“, деса, мен қарши бўламан”, — деди у.
Сўнгги йилларда Тошкентда таълим муассасалари ҳудудларидан фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор баҳсли ҳолатлар юзага келди.
2026-йил июл ойи охирида ҳокимият Юнусобод туманидаги 271-мактаб билан боғлиқ вазиятни ўрганди. Маълум бўлишича, ушбу мактабнинг 4000 кв. м ҳудуди ДХШ тўғрисидаги битим ва ижара шартномаси асосида Асиан Счоол компаниясига ижарага берилган.
Шу билан бирга, текширув ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ёки ноқонуний қурилиш ҳолатларини аниқламаган, участка ва ундаги обьектлар эса амалдаги ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилган. Ўрганиш якунларига кўра, ҳудуд тўсиғи олиб ташланди ва ер участкаси аввалги ҳолатига қайтарилди.
Яна бир ҳолат август ойида Олмазор тумани “Орзу” маҳалласидаги 243-мактаб яқинида юз берди.
У ерда меҳмонхона қуриш учун кавланган котлован чети ўпирилиб тушди.
Маҳалла вакилларининг айтишича, ушбу участка аввал мактабга берилган, кейинчалик мактаб ҳудудининг бир қисми қурилиш учун ажратилган. Уларнинг сўзларига кўра, дастлаб тўсиқда икки қаватли кутубхона қурилиши ҳақида эълон қилинган, бироқ кейинчалик бошқа обьект қурилиши бошланган.
2025-йил май ойида Kun.uz Учтепа туманидаги яна бир ҳолат ҳақида хабар берган эди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспексияси маълумотларига кўра, обьект лойиҳаси дастлаб хусусий мактаб биноси сифатида келишилган, аммо амалда бу жойда кўп қаватли турар жой биноси қурила бошланган. Инспексия бир неча бор ёзма кўрсатмалар берган, бироқ қурилиш давом этган.
2022-йилда собиқ депутат Расул Кушербаев 2018-йилдан бери Ўзбекистонда 198 та мактаб ҳудудидаги 70 гектарга яқин ер ноқонуний олиб қўйилгани ҳақида айтганди.
Ушбу ҳолатларнинг деярли учдан бир қисми Андижон вилоятига тўғри келган — 61 та мактабда 24,8 га. Тошкентда эса гап учта мактабнинг 0,2 га ери ҳақида борган.
2018-йил сентабр ойидан эътиборан, Халқ таълими вазири (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими вазири) билан келишилмаган ҳолда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг ерлари ва кўчмас мулкини олиб қўйиш, президент ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, тақиқланган.

