Мустақиллик билан тенгдош авлод: улар нимаси билан фарқли?
1991-йил. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилди. Шу йили мамлакатда 723,4 минг чақалоқ туғилди ва улар бугун 35 ёшда. Мустақиллик даврини бевосита шахсий ҳаётида, тақдирида босиб ўтаётган бу авлод аввалгилардан қандай фарқ қилади?

Мустақиллик билан тенгдош авлод: улар нимаси билан фарқли?
1991-йилда туғилган авлоднинг болалиги, мактаб йиллари, касб танлаши, оила қуриши ва фарзандли бўлиши каби ҳаётий босқичлари Ўзбекистон мустақиллиги даврига тўғри келди. Шу сабабли, 1991-йилда туғилганларнинг ҳаёти орқали Ўзбекистоннинг сўнгги 35 йилдаги ўзгаришларини кузатиш мумкин.
**723 мингдан ортиқ туғилиш қайд этилган йил**
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 1991-йилда Ўзбекистонда 723,4 мингта туғилиш қайд этилган. 2025-йилда эса мамлакатда 879,6 мингта туғилиш расмийлаштирилган.
Бу икки рақам орасидаги фарқ сезиларли, чунки 1991-йил бошида мамлакат аҳолиси тахминан 20,6 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 2026-йилда бу кўрсаткич 39 миллиондан ошган.
Аҳолининг жойлашув тарзи ҳам ўзгарди: 1991-йил бошида шаҳар аҳолисининг улуши 40,3 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 55 фоизга етган.
Бу рақамлар шуни кўрсатадики, 1991-йилда туғилган авлод улғайган сари мамлакатнинг ўзи ҳам "катталашиб" борди.
**Бир авлод кўрган ўзгаришлар**
1991-йилда туғилган бола мактаб ёшига етганида мамлакат мустақилликнинг дастлабки йилларини бошдан кечираётган эди. Уларнинг болалиги ҳозирги смартфонлар, ижтимоий тармоқлар ва доимий интернециз ўтган. Кассета ва дисклардан компютерларга, оддий телефонлардан смартфонларгача бўлган технологик ўзгаришлар айнан шу авлоднинг болалиги ва ёшлиги даврида юз берди. Бугун эса интернет, онлайн хизматлар, электрон тўловлар ва ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаётнинг оддий қисмига айланган.
Бу жиҳатдан 1991-йилда туғилганларни икки дунё ўртасида ўсган авлод дейиш мумкин: улар интернециз болаликни ҳам билади, рақамли муҳитда эса фарзанд тарбиялаяпти. Ҳозирги болалар учун интернециз дунё қандай бўлганини тасаввур қилиш қийин бўлса, 1991-йил авлоди бу глобал трансформацияни шахсан бошдан кечирган.
**Бу авлод учун нималар муҳим?**
1991-йилда туғилганлар совет даврида шаклланган катта авлод билан мустақил Ўзбекистонда туғилиб, улғайган ёшлар ўртасидаги ўтиш авлоди бўлди. Уларнинг ота-онаси совет даври одамлари эди, бу авлод учун эса мустақиллик даври – уларнинг бутун ҳаёти кечган муҳит. Улар шу даврда мактабга борди, касб танлади, олий таълим олди, биринчи ишига жойлашди ва оила қурди.

