Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистонда кунига 30 минг тонна чиқинди олиб чиқилди

Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистонда ҳар куни 30 минг тонна чиқинди олиб чиқилмоқда.
Ўзбекистонда Мустақиллик байрами олдидан "Долзарб 40 кунлик" тозалик тадбирлари ўтказилмоқда. 28-июлдан 6-сентябргача давом этадиган ушбу тадбирлар доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, тадбирларга ҳар куни ўртача 4,5 мингта махсус техника ва 10 мингдан ортиқ ходим жалб этилмоқда. Натижада кунига 30–40 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди олиб чиқилмоқда. 40 кун давомида жами 1,4 миллион тонна қаттиқ маиший ҳамда 2 минг тонна қурилиш чиқиндисини олиб чиқиш ва утилизация қилиш режалаштирилган.
Ҳозирда республикадаги 8 150 та маҳалланинг 7 674 таси аксия тадбирлари билан тўлиқ қамраб олинган. Техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида аниқланган 64 та носозликнинг 52 таси бартараф этилган, 12 та техника алмаштирилган. Фавқулодда ҳолатлар учун яна 155 дона махсус техника захирада сақланмоқда.
Мустақиллик байрами олдидан бозорлар, савдо мажмуалари, боғлар ва дам олиш масканларида санитария тозалаш ва ободонлаштириш ишлари кучайтирилган. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида таъмирлаш ишлари натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар ҳам олиб чиқилмоқда.
Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ 97 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, уларга жами 165,4 миллион сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланган. Аҳолидан келиб тушган 327 та мурожаатнинг 275 таси жойида ҳал этилган.
Агентлик ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирексияси маълумотига кўра, республикадаги 135 та қаттиқ маиший чиқинди полигонида ҳам кунига ўртача 4 500–4 700 та қатнов амалга оширилиб, 14–15 минг тонна чиқинди қабул қилиниб, жойлаштирилмоқда.
Президентнинг “Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда 2030-йилгача хавфли саноат чиқиндиларини қайта ишлаш даражаси 20 фоизга етказилиши ҳақида хабар берилганди.
Ҳужжатга кўра, тоғ-кон, металлургия, кимё саноати, нефт-газ ва электр энергетикаси корхоналарида ҳосил бўладиган радиоактив ҳамда И–ИВ хавфлилик синфига мансуб кимёвий хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш, қайта ишлаб бўлмайдиган чиқиндиларни эса хавфсиз ва минимал ҳажмда жойлаштириш асосий устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди.

