Маҳаллий

«Мурувват» уйидаги фирибгарлик: ҳамкасблари номига кредит олган шахс қамалди

Суд М.Ғ.нинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлигини ва оилавий-моддий аҳволини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида

**«Мурувват» уйида фирибгарлик: Ҳамкасблари номига кредит олган шахс қамалди**

Қоракўлдаги «Мурувват» интернат уйи ходимларининг номига яширинча кредит расмийлаштирган шахс суд мажлисида ҳамкасбларидан кечирим сўради. Бироқ, суд унинг аввал ҳам жиноят содир этганини ва навбатдаги жиноятини олдинги жинояти учун жазо ўтаётган пайтида амалга оширганини инобатга олиб, унга муносиб жазо тайинлади.

Бир жойда ишлаган ҳамкасблар бир-бирига ишонган. Баъзилар пулга муҳтож бўлиб, онлайн кредит олишда ёрдам сўраган. Айримлар паспорт маълумотлари, телефон рақами, юз тасвири ва бошқа шахсий маълумотларини ишониб топширган. Аммо, суд қайд этилган ҳолатларга кўра, бу ишонч кейинчалик уларнинг номига яширинча кредитлар расмийлаштириш учун воситага айланганини маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га билдиришича, тумандаги «Мурувват» эркаклар интернат уйида бирга ишлаган бир қатор ходимлар ўз ҳамкасби М.Ғ.га кредит расмийлаштиришда ёрдам бериш учун шахсий маълумотларини тақдим этишган. М.Ғ. эса ушбу маълумотлардан фойдаланиб, уларнинг хабарисиз турли банк ва молия ташкилотлари орқали онлайн кредитлар расмийлаштирган.

Гап бир-икки миллион сўм ҳақида кетмаяпти. Суд ҳукмида 11 нафар жабрланувчига етказилган зарар жами 815 миллион 111 минг 632 сўмдан ортиқ экани кўрсатилган.

Энг ачинарлиси, жабрланувчиларнинг айримлари ўз номига кредит олинганини ойлар давомида билишмаган. Кимдир қариндошига кафил бўлиш учун банкка борганда, кимдир картасидан кредит тўлови учун пул ечилганида, яна кимдир «КАТМ» маълумотларини текширганида, номида қарзлар борлигини билган.

Шу тариқа, бир иш жойида шаклланган оддий ҳамкасблик ишончи бир неча фуқаронинг зиммасига юз миллионлаб сўмлик қарз юки тушишига олиб келган.

Суд ҳужжатларига кўра, М.Ғ. аввал айрим ҳамкасбларига онлайн кредит расмийлаштиришда ёрдам берган. Шу жараёнда уларга тегишли бўлган барча зарур маълумотларни билиб олган. Кейин эса банк ва молиявий ташкилотларнинг мобил иловаларини ўз телефонига ўрнатиб, ушбу маълумотлардан уларнинг номига кредит расмийлаштиришда фойдаланган.

Бу ерда эътибор бериш керак бўлган жиҳат шуки, жабрланувчилар кредит олишга дастлаб розилик берган ҳолатлар билан уларнинг хабарисиз кейинчалик кредитлар расмийлаштирилган ҳолатларни бир-биридан фарқлаш муҳим. Суд айнан кейинги ҳаракатларни жиноий қилмиш сифатида баҳолаган.

Масалан, Ж.О. 2023-йил ноябр ойида ҳамкасбидан ўз номига онлайн кредит олишда ёрдам сўраган. М.Ғ. аввал Ж.O.ning телефони орқали кредит расмийлаштиришга уринган, аммо бунинг иложи бўлмаган. Кейин ўз телефони орқали унинг номига кредит олган.

Орадан вақт ўтиб, Ж.О. номида банк қарздорлиги борлиги маълум бўлган. У «КАТМ» орқали кредит тарихини текширганда, номига бир неча кредит расмийлаштирилганини аниқлаган. Суд ҳукмида Ж.O.ga етказилган зарар 100,6 миллион сўм, деб кўрсатилган.

Шунингдек, О.Н. номига турли банк ва молиявий ташкилотлар орқали кредитлар расмийлаштирилиб, унга 141,2 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилган. M.Sh. бўйича зарар 126,6 миллион сўм, Х.О. бўйича 93 миллион сўм, Ф.Д. бўйича эса 73,9 миллион сўмни ташкил қилган.

— Жабрланганларнинг биз берган кўрсатувларидан кўринадики, уларнинг айримлари М.Ғ. аввал кредит расмийлаштиришда ёрдам бергани учун ишонган. Кейин эса айнан шу ишонч уларнинг ўз номига қарзлар пайдо бўлишига сабаб бўлган. Яъни, ишонч қарзга айланган, — дейди суд раиси.

Судда банк ходимлари онлайн кредит олиш жараёнида фуқарога паспорт маълумотлари, ЖШШИР, телефон рақами, Фасе ИД каби маълумотлар талаб қилиниши ҳақида кўрсатма беришган. Айрим молиявий ташкилотларда эса шартномани тасдиқлаш учун телефон рақамига махсус СМС-код юборилиши айтилган.

— Демак, шахсий маълумотларни бошқа шахсга беришнинг ўзиёқ жиддий хавф туғдириши мумкин. Айниқса, бу маълумотлар банк иловалари, СМС-кодлар ва биометрик маълумотлар билан бирга бошқа шахс қўлига ўца, фуқаро номида унинг ўзи билмаган мажбуриятлар пайдо бўлиши хавфи ортади, — сўзида давом этади суд раиси.

Мазкур ишда эса суд айнан шу ҳолатларнинг жиноий оқибатга олиб келганини қайд этган.

Суд ҳукмида 11 нафар жабрланувчига етказилган зарар қуйидагича кўрсатилган: О.Н. - 141,2 млн сўм; Ж.О. - 100,6 млн сўм; M.Sh. - 126,6 млн сўм; Х.О. - 93 млн сўм; Ф.Д. - 73,9 млн сўм; А.Б. - 72,3 млн сўм; А.Н. - 57,8 млн сўм; С.Ҳ. - 50 млн сўм; Т.Ж. - 39,1 млн сўм; Р.У. - 38,3 млн сўм ва Н.И. - 21,8 млн сўм. Жами 815 миллион 111 минг 632 сўм 16 тийин.

Кредитларнинг барчаси жабрланувчиларнинг хабарисиз ва яширин равишда уларнинг номига расмийлаштирилгани, олинган маблағлар эса судланувчининг шахсий эҳтиёжларига сарфлангани қайд этилмоқда.

Бир ҳолатда айбдор А.Н. номига Миллий банк орқали жами қарийб 58 миллион сўм кредит расмийлаштирилиб, пулнинг бир қисми бошқа кредитларни тўлашга, қолгани шахсий эҳтиёжларга сарфланган.

Шунингдек, О.Н. номига турли банк ва молиявий ташкилотлар орқали 9 марта кредит олинган бўлиб, 74 миллион сўм атрофидаги қисми тўланмай қолган. М.Ғ. «ҳисобига» бундай жиноий ҳаракатлар жуда кўп қайд этилган.

Шу тариқа, жабрланувчиларнинг кўрсатмаларида умумий ҳолат бир хил: М.Ғ. уларнинг паспорт маълумотлари, юз тасвири, телефон рақами ва бошқа маълумотларини ўз телефонидаги банк иловаларига киритган, кейин эса айрим ҳолларда уларнинг розилигисиз қўшимча кредитлар расмийлаштирган. Жабрланувчилар суддан етказилган зарарни ундиришни сўраган.

Банк ходимларининг кўрсатувларига кўра эса кредит шартномаларида шахсга оид маълумотларни бошқа шахсга берганлик учун фуқаронинг ўзи масъул экани белгиланган. Шу сабабли суд банкнинг зарарни қоплаш масаласини жиноят иши доирасида эмас, фуқаролик тартибида ҳал қилиш лозим, деган хулосага келган.

Айбловга кўра, М.Ғ. ушбу ҳаракатларни такроран, рухсациз ахборот тизимларига кириш ва улардан фойдаланиш орқали амалга оширган. Ҳолатлар юзасидан унга ўғирлик билан боғлиқ жиноий қилмишлар бўйича айбловлар қўйилган.

Суд М.Ғ.нинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлигини ва оилавий-моддий аҳволини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олган. Бироқ, унинг илгари ҳам судлангани ва аввалги жазосини ўтаб турган вақтда янги қасддан жиноят содир этганини ҳисобга олиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

— М.Ғ.нинг мазкур жиноят учун дастлаб 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди. Аввалги суд ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисми ҳам қисман қўшилиб, унга узил-кесил 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталади. Бундан ташқари, суд ундан жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий зарарни ундиришни белгилади. Бу ишнинг энг муҳим сабоғи эса суд залида қолиб кетмайди: ишонч билан берилган паспорт маълумоти, телефон рақами ёки банк иловасидаги тасдиқ коди фуқаронинг ўз номига миллионлаб сўмлик қарздор бўлиб қолишига олиб келиши мумкин. «Мурувват»даги бу воқеа эса ҳамкасбга ишониш ва шахсий молиявий маълумотларни унга топшириш ўртасида қанчалик катта фарқ борлигини кўрсатган оғриқли мисоллардан бири бўлиб қолди, — деди суд раиси.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.