Муаммолар гирдобидаги «Бунёдкор» мураббийлар штаби билан хайрлашди
Молиявий муаммоларга учраган ва Суперлигада қаторасига 9 та ўйинни ютқазган клубдан бош мураббий Илёс Зейтуллаев ҳамда унинг ёрдамчилари истеъфога чиқди.

Муаммолар гирдобида қолган «Бунёдкор» мураббийлар штаби билан хайрлашди.
Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клуби мураббийлар штаби билан йўлларини айирди. Клуб хабарига кўра, бош мураббий Илёс Зейтуллаев ва унинг ёрдамчилари Алессандро Спинолио, Андрес Моауро ҳамда Марко Никодемо ўз хоҳишларига кўра ва томонларнинг ўзаро келишувига биноан истеъфога чиққан.
Илёс Зейтуллаев ўз навбатида ижтимоий тармоқ орқали «Бунёдкор» мухлислари ва футболчилари билан хайрлашди. У шундай ёзди: «Ҳар бир нарсанинг ўз вақти-соати ва ўрни бор. «Бунёдкор» футбол клуби билан бирга бу ажойиб йўлни босиб ўтган ҳар бир инсон учун Худога шукр қиламан. Зеро, ҳар бирингиз ҳаётимда ўз изингизни қолдирдингиз».
Зейтуллаев 2024-йил апрел ойида «Бунёдкор» клубида бош мураббий ёрдамчиси сифатида иш бошлаган эди. Шу йилнинг кузида эса жамоани бош мураббий сифатида бошқара бошлади. Унинг сўзларига кўра, жамоага келганида «Бунёдкор» турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бўлган, ўтган (2025-йилги) мавсумни эса жамоа 5-ўринда якунлаган.
2026-йилги мавсум олдидан клуб кўп йиллик ҳомийсидан айрилиб, жиддий молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолди. Сўнгги ойларда молиявий қийинчиликлар янада кучайди. Клуб аввал собиқ футболчиси Ривалдо олдидаги қарздорлик туфайли ФИФА томонидан трансфер тақиқига учради, кейин сафар ўйинига бориш учун маблағ топа олмагани сабабли техник мағлубиятга учради. Шундан сўнг клубга 5 млрд сўм ажратилди. Бироқ кўп ўтмай, «Бунёдкор»нинг яна бир собиқ легионери – япон футболчиси Ицуки Урата олдидаги қарздорлиги бўйича ФИФА қарори маълум бўлди.
Айни пайтда клуб кетма-кет 9 та ўйинни ютқазиб, Суперлигада 19 очко билан 15-ўринда бормоқда.

