«МУ» ва «Тоттенҳем»да даҳшатли старт, «Реал»ни янги футболчиси қутқарди. Кун ўйинлари
Европа футболида якшанба оқшомида бўлиб ўтган асосий воқеалар, ўйинлар ва голлар.

«МУ» ва «Тоттенҳем» мавсумни даҳшатли бошлади, «Реал»ни эса янги футболчи қутқарди. Кун ўйинлари ҳақида батафсил.
**Англия: Топ клублар карахт аҳволда**
**«Ҳалл Сити» – «Манчестер Юнайтед» 2:0**
**Голлар:** Аджайи, 17 (1:0). Менди, 38 (2:0).
**«Ҳалл Сити» таркиби:** Тзолакис, Аджайи (Макнейр, 64), Иган, Менди (Ҳеррингтон, 64), Жайлс (Таргетт, 85), Койл (Драмеҳ, 70), Крукс, Слейтер, Струд (Миллар, 71), Беллуми, Макберни.
**«Манчестер Юнайтед» таркиби:** Ламменс, Магуайр, Ҳевен, Шоу, Мазравий (Далот, 80), Сантос (Майну, 67), Тилеманс (Шешко, 67), Бруну Фернандеш, Доргу (Решфорд, 46), Мбемо, Куня (Лейси, 80).
**Огоҳлантиришлар:** Крукс, 42. Миллар, 90 – Доргу, 34.
Шанба кунги дастур сенсацион натижа билан бошланди: тўққиз йиллик танаффусдан сўнг АПЛга қайтган «Ҳалл Сити» «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб этди. Иккала гол ҳам стандарт вазиятлардан сўнг марказий ҳимоячилар томонидан киритилди. АПЛда беш ярим йил аввал гол урган Аджайи дарвозабондан қайтган тўпни аниқ зарба билан дарвозага жойлади. Танаффус олдидан эса жарима зарбасидан кейин тўпга яхши очилган Менди Ламменсни иккинчи бор ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди.
Иккинчи бўлимда Майкл Керрик Решфордни майдонга туширди, аммо ўйин охиригача ҳисоб ўзгармади. Меҳмонлар тўпга кўпроқ эгалик қилди, кўпроқ вазиятлар яратди ва зарбалар берди, «Ҳалл» эса бор эътиборини ҳисобдаги устунликни сақлаб қолишга қаратиб, чуқур ҳимояланди. Ўйиннинг сўнгги қисмида мезбонлар дарвозабони Тзолакиснинг сейвлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. У Мбеумонинг мураккаб зарбасини қайтарди ва ўйинга интрига қайтишига йўл қўймади. Якунда «йўлбарслар» ўз тарихида илк бор «МУ»ни АПЛ ўйинида мағлуб этишди. Манкунианликлар эса бир нарсада барқарор: ушбу жамоа АПЛ ташкил этилганидан буён илк бор кетма-кет икки мавсумда очилиш ўйинида мағлуб бўлмоқда.
**«Брентфорд» – «Тоттенҳем Ҳоцпур» 3:0**
**Голлар:** Люис-Поттер, 12 (1:0). Янелт, 33 (2:0). Каёде, 49 (3:0).
**Аниқ ижро этилмаган пеналти:** Тиаго, 54ъ.
**«Брентфорд» таркиби:** Келлеҳер, Аер, Коллинз, Люис-Поттер, Каёде (Ҳики, 76), Сангаре (Дамсгор, 76), Янелт, Енсен (Ярмолюк, 67), Шаде, Уаттара (Энтони, 67), Тиаго (Уилсон, 83).
**«Тоттенҳем Ҳоцпур» таркиби:** Кински, Сенеси, ван Ҳекке, Роберцон, Грей (Удоджи, 86), Бергвалл (Фернандеш, 46), Тонали, Галлаҳер (Бентанкур, 46), Тел, Мур (Меддисон, 68), Ришарлисон (Соланке, 68).
**Огоҳлантиришлар:** Янелт, 78 – Галлаҳер, 34.
Кўпчилик ёздаги кучли трансфер кампанияси ва мавсумолди йиғинини тўлиқ жамоа бўлиб ўтказганидан кейин «Тоттенҳем» янги мавсумда юқори ўринлар учун курашишини тахмин қилаётганди. Аммо ўтган мавсумда амаллаб лигада жон сақлаб қолган (17-ўрин) «шпорлар» қисқа муддатда бутунлай ўзгариши қийин эди. «Брентфорд» шанба кунги ўйинни кучли позицияда бошлади, жамоанинг ёздаги харидларидан бири бўлган Сангаре эса дарҳол ўзининг қанчалик яхши футболчи эканини намойиш этишга киришди. «Ланс»нинг собиқ ҳавбеки жарима майдони яқинида жамоадоши билан девор услубида ўйнади ва тўпни қулай нуқтада, дарвозани ўққа тутишга шай турган Люис-Поттерга етказиб берди. Кейин эса Кински «шпорлар»ни уялтирди. Ўтган мавсум охирида жамоа чемпионшипга тушиб кетмаслигида муҳим роллардан бирини бажарган дарвозабон тўпни узоқлаштиришда муваффақияциз ҳаракат қилди – унинг босим остидаги жамоадоши тўпни олдирди, тезкор қарши ҳужумда йўлланган зарба ҳам унчалик хавфли чиқмаганди, аммо дарвозабон тўпни майдон ташқарисига чиқариб юбориш ўрнига, рақибнинг оёғи остига ташлаб берди – 0:2.
«Асаларилар» иккинчи бўлим бошида учинчи голни ҳам дарвозабондан қайтган тўпни дарвозага киритиб юбориш орқали уришди. Бироз ўтиб ҳисоб янада йириклашиши мумкин эди, аммо Игор Тиаго 11 метрдан аниқ зарба йўллай олмади – у дарвозабонни алдай олди, аммо тўп устунга борди. Якунда «Брентфорд» шу ҳисобни ушлаб қолди ва АПЛда «Тоттенҳем»га қарши уй ўйинларидаги илк ғалабасини нишонлади. Лондонликлар учун эса бу 2024/25 йиллар мавсуми стартидан буён сафар ўйинларидаги 40-мағлубият бўлди. Бу борада бундан ёмонроқ натижани ўтган мавсум охирида чемпионшипга тушиб кетган «Вулверҳемптон» қайд этган (44). «Тоттенҳем»да инқироз давом этмоқда.
**Испания: «Реал»да янги қаҳрамон**
**«Эспанёл» – «Реал» 1:2**
**Голлар:** Беллингҳем, 9 (0:1). Калатрава, 30 (1:1). Эспи, 90 (1:2).
**«Эспанёл» таркиби:** Дмитрович, Ридел (Дркушич, 66), Нунес, Инохо, Ал-Ҳилолий, Гонсалес де Сарате (Пол Лосано, 75), Экспосито (Ж. Каррерас, 88), Долан, Калатрава (Бауса, 66), Фернандес, Эрнандес (Пере Миля, 75).
**«Реал» таркиби:** Куртуа, Ҳаусен, Конате, А. Каррерас (Кукуреля, 64), Дюмфрис (Александр-Арнолд, 80), Валверде, Бернарду Силва (Камавинга, 80), Беллингҳем (Эспи, 80), Винисиус Жуниор, Арда Гулер (Диоманде, 64), Мбаппе.
**Огоҳлантиришлар:** Калатрава, 32. Ридел, 59. Экспосито, 84. Пере Миля, 90. Пол Лосано, 90 – Винисиус Жуниор, 32.
Биринчи турда дам олган мадридликлар Ла Лиганинг 2-тури доирасида Каталонияга сафар қилишди. Жамоанинг кўпчилик вакиллари жаҳон чемпионатидан кеч қайтишгани туфайли 1-тур доирасидаги ўйин бошқа вақтга суриб берилганди. «Эспанёл»га қарши ўйин ўта асабий кечди ва барчаси сўнгги дақиқаларда ҳал бўлди.
Мадридликлар бошқарувига қайтган Жозе Моуринио бошланғич таркибда ўнг қанот ҳимоясига Трент Александр-Арнолдни эмас, ёзда олиб келинган янги футболчилардан бири Дензел Дюмфрисни туширди. Ўз навбатида, чап қанот ҳимояси учун олиб келинган Кукуреля захирада қолдирилди ва Каррерасга ишонч билдирилди. Шунингдек, ёзда келган янги футболчилардан Конате ва Бернарду Силва бошланғич таркибга кирди, Диоманде захирада қолди.
Ўйиндаги биринчи голни узоқ кутиш талаб этилмади: тўққизинчи дақиқада Винисиус чап қанотга яқин ҳудудда жарима зарбаси ишлади, Гулер жарима майдонига кириб борган Беллингҳемни голли пас билан таъминлади. Кўп ўтмай Арда иккинчи голли пас муаллифига айланиши мумкин эди, аммо дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Мбаппенинг оёғидан тўпни рақиб ҳимоячиси олиб қўйди.
Бўлим ўрталаридан ўтганда мадридликлар ташаббусни рақибга беришди ва бунинг учун жазоланишди. Мезбонлар бир неча дақиқа давомида тўпга эгалик қилиб туришди ва 30-дақиқада оддий комбинация орқали ҳисобни тенглаштиришди: Хави Эрнандес Алекс Калатравани қулай позицияга чиқариб юборди, у эса имкониятдан фойдаланди. Биринчи бўлим охирларида эса Роберто Фернандес «Реал»ни аяди ва бир неча метр масофадан туриб тўғри зарба бера олмади.
64-дақиқада Моуринио Каррерас ва Гулерни захирага олиб, Кукуреля ва Диоманденинг дебют қилишига имкон берди. Ян Диоманде қолган вақт давомида рақиб ҳимоячиларини таҳликада ушлаб турди ва айнан унинг фаоллигидан кейин Валвердеда қулай вазият юзага келди. Аммо уругвайлик яримҳимоячининг зарбасидан кейин тўп устунга борди.
80-дақиқада Камавинга, Трент ва клубнинг янги ҳужумчиси Карлос Эспи ҳам ўйинга қўшилди. Моуринионинг режаси тушунарли эди: «автобус» қўйиб олган рақиб ҳимоясини кетма-кет ҳужумлар билан бостириш. Ва якунда бу режа иш берди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Карлос Эспи Мбаппе уюштирган ҳужумда тўпга биринчи бўлиб етиб борди ва мадридликлар сафидаги илк ўйинидаёқ ғалаба голини уришга муваффақ бўлди. Ўтган мавсумда жамоага айнан у каби жокер етишмаганди.
Шу билан бирга, ўйин давомида «Реал»даги эски муаммо тез-тез бўй кўрсатиб турди: ҳамон Винисиус ва Мбаппе бир-бирига халал бермоқда, бир-бирини яхши ҳис қилмаяпти ва шу туфайли ҳужумлар охиригача етмай қолмоқда. Бу сафар Моуриниони таркиб кенглиги қутқариб қолди.
**«Атлетик» – «Севиля» 1:3**
**Голлар:** Осо, 15 (0:1). Эджуке, 50 (0:2). Ромеро, 57 (0:3). Паредес, 70 (1:3).
**«Атлетик» таркиби:** Симон, Паредес (Ринкон, 74), Алварес, Берчиче, Аресо (Ляпорт, 58), Геренабаррена (Руис де Галаррета, 83), Каналес, Сансет, Беренгер, Иняки Уилямс (Уилямс, 58), Гурусета (Саннади, 58).
**«Севиля» таркиби:** Влаҳодимос, Кастрин, Санганте (Кармона, 68), Суасо, Иглесиас, Агуме, Гуриди (Гуиллен, 46), Пеке Фернандес (Ромеро, 46), Осо (Диас, 78), Серра (Эджуке, 46), Уре.
**Огоҳлантиришлар:** Гурусета, 25. Руис де Галаррета, 87 - Пеке Фернандес, 22. Серра, 25. Гуриди, 39. Ромеро, 90. Гуиллен, 90.
**Четлатиш:** Берчиче, 11.
Эдин Терзич «Атлетик» бош мураббийи сифатидаги илк расмий ўйинида муваффақияцизликка учради, аммо бунга ўйин стартидаги кутилмаган воқеалар сабаб бўлди. Басклар сафидаги энг тажрибали футболчилар жамоани қийин аҳволга солиб қўйишди. Биринчидан, 11-дақиқадаёқ Берчиче сўнгги умид фоли учун майдондан четлатилди. Иккинчидан, бир неча дақиқа ўтиб Испания миллий жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлган ва ўз дарвозасини узоқ вақт дахлсиз сақлаш бўйича турнир рекордини ўрнатган Унаи Симон рақибга гол совға қилди. У оддий вазиятда тўпни рақиб яримҳимоячиси Осонинг оёғига ташлаб берди. «Атлетик» эса ўн киши бўлиб қолганига қарамай ҳужумда ўйнади, аммо гол ура олмади.
Ҳисобдан келиб чиқиб максимал даражада прагматик ўйин услубини танлаган «Севиля» иккинчи бўлимда барибир сондаги устунликдан фойдаланди ва қисқа вақт оралиғида уюштирилган иккита ҳужум билан ўйиндаги интригага барҳам берди. Йўқотадиган нарсаси қолмаганидан кейин билбаоликлар яна олдинга ташланишди ва Паредеснинг голи билан ҳисобни бироз қисқартиришди. Мезбонлар кўпроқ голли вазиятлар яратишди, аммо андалусияликлар аниқроқ ўйнашди ва кетма-кет иккинчи ғалабадан кейин турнир жадвалида пешқадамга айланиб олишди.

