Мўйқалам ўрнига кўчат тутган Бахт ва метро бўйидаги Лола (фотоессе)

Мўйқалам ўрнига кўчат тутган Бахт ва метро бўйидаги Лола (фотоессе)
“Буюк Ипак йўли” метро бекатидан чиқсангиз, атроф гавжум: юз-кўзида мамнуният билан бирга чарчоқ ҳам сезилиб турадиган, ишга ёки ўқишга шошаётганлар; қўл ушлашиб хотиржам юраётган кексалар; шу ерга йўли тушган ўткинчилар бир томонда, челакдан “стул”, селофан пакетлардан “стол” ясаб, иссиқ Тошкент хоними, қайнатилган жўхори ва мавсумий гуллар сотиб ўтирган сотувчилар бир томонда. Ана шу сотувчилар орасида баҳорда лола, кузда астра сотадиган 55 ёшли озодбошлик Солиҳа исмли гулчи опа ҳам бор. “Дарё” фотомухбири Жавҳар Чоршанбиева “Бир кун” лойиҳаси доирасида метро йўлининг охирги бекатидаги гул сотувчилардан бирининг оиласи ва “тирикчилиги” ҳақида фотоессе тайёрлади.
### Лабораториядан ҳовлигача: озодбошлик гулчи опа
Эллик беш ёшли Солиҳа опа Бўстонлиқ туманининг Озодбош қишлоғидан.
“Мактабни битиргач, Чирчиқ кимё-саноат техникумида таҳсил олдим. Ўқишни тамомлаб, шаҳардаги завод лабораториясида бир неча йил ишладим. Кейин турмушга чиқдим. Оилали бўлгач, заводнинг сменали ва кечки режимида ишлаш ноқулайлик туғдира бошлади, шунинг учун ишдан бўшашга мажбур бўлдим. Шундан бери уй бекасиман”, дея эслайди у.
### Ҳамма гулларим сотилмагунча уйга қайтмайман
Солиҳа опа ҳар куни тонг саҳарда йўлга чиқади. Гулларни Ғазалкентдан пойтахтга қатнайдиган укасининг машинасига ортиб, “Максим Горкий” чорраҳасига олиб келади. Савдо учун жой танлаш — куннинг биринчи вазифаси: жой бўлса супермаркет томонга, бўлмаса ерости ўтиш йўли орқали қарама-қарши тарафга — метро чиқишига яқин нуқтага жойлашади.
Пойтахтнинг шиддатли ритми бошланмасидан олдин ерга селофан пакетлар тўшаб, уларни скотч билан маҳкамлаб, устига дасталанган гулларни ёяди. Сўнг ўзи билан олиб келган рангли крафтлар ва шаффоф ўрамларни чиқариб, гулларни саралайди ва букет ҳолига келтиради. Гулдасталар сўлиб қолмаслиги учун уларни сув тўлдирилган пластик челакларга жойлаштиради.
Гулчи опанинг иш куни барча букетлари сотилиб бўлганда якунланади. “Ҳали бирор марта гулларимни сотолмай, уйга қайтариб олиб кетмаганман. Қош қорайгунчами ёки кечки соат 9-10 гачами — ишқилиб, кун охиригача ҳаммасини сотиб тугатаман”, дейди у мамнуният билан.
“Якка-ю ёлғиз қизимизни куёв ъолиб қочгачъ, турмуш ўртоғим ва мен шу гуллар, тирикчилик ташвишлари билан овуняпмиз. Қизимиз 19 ёшда, энди мактабни битириб, Чимкентга ўқишга кирганди. Чегарада ўзига аввалдан таниш бўлган йигит олиб қочиб кетди. Шундан бери унинг ўз рўзғори бор, декабрда фарзандли бўлишади. Ҳозир энг катта ташвишимиз — туғилажак неварамизга бешик ва сарполар олиш учун пул йиғиш”, дейди кўзларида ёш милтиллаб опа.
Оилавий ришталар ва тақдир йўллари ҳақида гапирар экан, Солиҳа опа ўзининг турмуш қуриш тарихини ҳам эслайди: “Уёғини сўрасангиз, менинг ўзимни ҳам турмуш ўртоғим олиб қочиб келган. Иккимиз ҳам қозоқмиз, бизда урф-одатлар шунақа”.
Мустақилликкача ҳар икки тарафнинг ота-боболари Тошкентга келиб ишлаб, шу ерларда қўним топган. Мустақилликдан сўнг уларнинг қариндошлари тарихий ватанларига, Қозоғистоннинг Олмаотасига қайтиб кетишган.
“Қариндошларнинг қистовига қарамай, биз Ўзбекистонда, мана шу қишлоғимизда қолишга қарор қилдик. Биз шу ерда туғилдик, вояга етдик, умримизнинг ярми шу ерда ўтди. Мана шу қишлоқ, мана шу ҳовли биз учун қадрли, шу ерларда ҳаловатимизни топганмиз”, дейди қаҳрамон.
### Жазирама ортидаги салқин ҳовли ва совуқ урган гуллар
Асфалтнинг иссиғи юзга урадиган жазирама кўчадан гулчилар ҳовлисига киришингиз билан танангизга салқинлик, руҳингизга ором югуради. Кириш жойиданоқ бошланадиган ток ишкомлари йўлакка соя ташлаб турибди. Бу хонадонда бир қарич ер ҳам зое кетмаган — ҳамма ерда экин-тикин, ранг-баранг гуллар гуркираб ўсиб турибди.
“Турмуш ўртоғимнинг исми — Бахт, мендан бир ёш кичик. Аслида, гулларни мендан ҳам кўра у кўпроқ яхши кўради. Гул экишга яроқли бирор идиш, бир қарич ер топди дегунча, дарҳол уруғ ёки кўчат қадайди”, дейди Солиҳа опа.
Хонадоннинг нафақат ҳовлиси, хоналари ҳам тувакгулларга тўлиб кетган. Бироқ ўтган қишдаги газ узилишлари ва иситиш тизимидаги муаммолар сабаб парваришланган гулларнинг салмоқли қисми нобуд бўлган.
“Тувакгулларни сотиш учун экмайман, уларни яхши кўрганим учун парваришлайман. Ҳар бири фарзандимдай қадрли, дейди Бахт ака. — Ўтган қишда газ ўчиб, иситиш тизими ишламай қолгач, гулларимизнинг ярмидан кўпини совуқ уриб кетди. Бу йил ҳам қишнинг совуғида газсиз қолиб, гулларим қуриб қолишидан хавотирдаман”.
### Бойчечакдан бошланган касб ва тўсиб қўйиладиган сув
Бўстонлиқнинг тоғга яқин ҳудудида яшовчи оила учун гулчилик бирданига асосий даромад манбаига айланиб қолмаган. Барчаси баҳорда тоғ бағридан бойчечак териб келиб, сотишдан бошланган. Кейинчалик Бахт ака қайнукасининг таклифи билан ҳовлида гул етиштира бошлашган.
“Қайниукам Олмаотада катта майдонда гул етиштиради. Бир куни у уруғ бериб, ўзим ҳам экиб кўришимни таклиф қилди. Уларнинг ери унумдор, қора тупроқ, ёмғир ҳам кўп ёғади. Бизнинг еримиз эса шўрхок — ўхшармикан, деб бироз иккиландим. Кейин таваккал қилиб экдим. Мана, 4–5 йилдан бери уйда ўзим гул етиштириб, парваришлайман, аёлим эса уларни Тошкентга олиб бориб сотади”, дейди у.
Фото: “Дарё” / Жавҳар Чоршанбиева
Фото: “Дарё” / Жавҳар Чоршанбиева
Гулларни ҳар икки кунда суғориш керак, акс ҳолда улар тезда сўлиб қолади. Қишлоқдаги сув тақсимотидаги тартибсизлик эса бу жараённи янада қийинлаштиради.
“Сувнинг йўлини кўпинча шу атрофда фаолият юритаётган ресторан ва дўкон эгалари тўсиб олади. Шу сабаб баъзан бир ҳафталаб ҳовлимизга сув келмайди. Шундай пайтларда тоғора ва челакларга ғамлаб қўйилган сув билан гулларни амаллаб сақлаб турамиз. Маҳаллага мурожаат қилсак, масалани ҳал қилиб беришади, лекин бироз ўтиб ҳолат яна такрорланаверади. Ҳадеб шикоят қилишдан ҳам чарчадик”, дейди улар.
### Мавсумий даромад ва қишки лола хавотири
Хонадонда май ойининг охири ва июн бошларида астра гуллари экилади. Август ўрталаридан сентябр охиригача давом этадиган мавсумда Солиҳа опа гулларни кунора сотувга олиб чиқади. Дасталарнинг катталиги ва гулнинг сифатига қараб, гулдасталар 25 мингдан 40 минг сўмгача баҳоланади. Кунора 15 тадан 20 тагача гулдаста сотадиган оила бир мавсумда астрадан 10 миллион сўм атрофида даромад қилади.
Астра мавсуми тугагач, ерга бир ой давомида табиий ўғит берилиб, ишлов берилади ва дам олдирилади. Ноябр бошида эса лола пиёзчалари қадалади.
“Қишнинг чилласида қор ва ёмғир ёғиши лола учун жуда муҳим. Агар чиллада етарлича ёғингарчилик бўлмаса, лолалар яхши ривожланмайди ва нобуд бўлади”, дейди Бахт ака навбатдаги мавсумдаги хавотирларини гапирар экан.
### Қўшимча даромад ва табиат инъомлари
Астра мавсуми тугагач, хонадонда бошқа юмушлар бошланади.
“Тоғ этагида еримиз бор, турмуш ўртоғим у ерга ёнғоқ эккан. Гулларни сотиб бўлгач, ёнғоқ қоқамиз — ҳосил яхши келса, бир мавсумда 4–5 қоп чиқади. Уларни ҳам ъМаксим Горкийъга олиб борамиз. Баъзан тоғдан дўлана, наъматак териб келиб сотамиз. Ҳовлимизга ҳам дўлана эккандик, ўтган йили ҳосилга кирди”, дейди Солиҳа опа.
Хонадонда гуллардан ташқари ошқовоқ, бақлажон, маймунжон ва лимон ҳам етиштирилади. Ҳатто Бахт ака ўтган йили Таиланддан келтирилган тропик мева кўчатини ҳам ерга қадаган — унинг қандай мева экани биринчи ҳосилдан сўнг маълум бўлади.
### Қалбдаги рассом
Солиҳа опанинг айтишича, умр йўлдоши табиатан ижодкор инсон — чиройли расм чизади. Ёшлигида рассом бўлишни орзу қилган бўлса-да, отасининг қаршилиги сабаб бу йўлдан кета олмаган. Аммо у барибир рангларни, яшилликни севади, хонадонида тўтиқуш парваришлайди.
Уларнинг турмуш тарзига қарар экансиз, Бахт ака ёшлигида мўйқаламда чизолмаган рангларини бугун табиат бағрида, тирик кўчат ва гуллар тимсолида яратаётгандек таассурот уйғонади.
### Пинҳона оғриқлар ва иссиқхона орзуси
Бу турмуш тарзи ташқи томондан қанчалик осойишта кўринмасин, унинг ортида оғир маиший ва саломатлик ташвишлари яширинган. Солиҳа опа 2-гуруҳ ногирони, бир марта инфарктни бошдан ўтказган ва доимий даволанишга муҳтож.
“Қанийди, қурбимиз етиб, гул ўстирадиган иссиқхона қурсак. Шунда кўпроқ ўзим ишлар, балки бир-икки кишини ҳам иш билан таъминлардим. Хотиним бетоб ҳолида Тошкентда кун бўйи тик оёқда туриб гул сотмасди. Қанийди, президент билан кўришиш имконим бўлганида, улардан иссиқхона қуришимиз учун фоизсиз кредит сўраган бўлардим”, дейди Бахт ака.
Шунга қарамай, хонадон эгалари ўз тақдиридан нолимайди. Улар учун энг муҳими — эркинлик ва ҳалол меҳнат ортидан келаётган ҳаловат.
“Ҳеч ким бизга буйруқ бермайди, энг муҳими — ҳалол меҳнат билан рўзғор тебратяпмиз. Ерга, табиатга меҳр берсангиз, у бу меҳрни ҳеч қачон жавобсиз қолдирмайди”, дея суҳбатни якунлайди Бахт ака.

