Дунё

«Москвага отланган» Зеленский, БМТда «бомба-пейжер» кўрсатган Нетаняҳу – ҳафта дайжести

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси БМТ бош саммити бўлди. Охирги 4-5 йилда дунё сиёсати ағдар-тўнтар бўлиб кетди, ҳамма ерда катта ҳисоб-китоб бошланган, худди 90-йиллар бошига ўхшайди. Бунақа талотўпда ҳамманинг айтар гапи йиғилиб қолган экан, кимдир минбарни муштлади, кимдир «бутун Ғарбни ёлғончига чиқарди», кимдир Америкада туриб Американи дунёни тўзитишда айблади.

«Москвага отланган» Зеленский, БМТда «бомба-пейжер» кўрсатган Нетаняҳу – ҳафта дайжести

Бу жўшқин чиқишлардан шундай хулоса чиқадики: энди юзинг-кўзинг деб юрадиган давр ортда қолди, ҳамма гапини очиқ айта бошлади, барча пардалар кўтарилди. Нетаняҳу энди майда-чуйда гапларга ўтмай, Исроил давлатининг даъвосини очиқ баён қилишга ўтди: «Яҳудийлар Жўлон тепалигида Мусо пайғамбар давридан буён яшайди, буни Инжилдан ўқиб олинг». Бутун дунё минбаридан шундай жиддий бўлмаган даъво янграгани энди ҳеч қандай мувозанат, ҳеч қандай чекланиб бўлмайдиган маънавий чегара қолмаганини кўрсатади.

Бир давлатнинг бошқа давлат ерларига Тавротда, Инжилда, Қуръонда ёзилган оятларга таянган ҳолда даъво қилиши фақат янги урушларга олиб келиши мумкин, холос. Муқаддас китобларни бир четга қўяйлик, яқин тарихга оид битта даъво ҳам Европа шарқидаги сўнгги 80 йилдаги энг катта урушни бошлаб берди. Энди тасаввур қилинг, ҳамма тарих китобини варақлаб, ўз даъволарини илгари сурса, нима бўлади?

Фақат Чингизхон барпо этган империя ҳозирги қайси давлатлар устидан ҳукмронлик қилганига қарашнинг ўзи кифоя. Ёки Македонский авлодлари «Бизнинг бобомиз фалон ерларда от чоптирган», деб чиқиши дунёни остин-устун қилиш учун етарли. Ҳозир Нетаняҳу ҳукумати арабларни қувиб, ерларини босиб олишдан тўхтамаётган муқаддас ерлар кечагача Усмонлиларга, Биринчи жаҳон урушидан кейин эса инглизларга тегишли эди. Энди Нетаняҳу дунё минбарига чиқиб, ҳали у туғилмаган пайтда Исроил деган давлат асос солиниши учун Фаластинни иккига бўлиб берган БМТни менсимасдан, саҳнага ҳизбуллоҳчиларни портлатган пейжерни кўрсатмоқда. Бу дунёда ҳеч қандай маънавий чегара қолмади деган гапимизни тасдиқлайди.

### БМТда қайноқ ҳафта

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси, албатта, Ню Ёркда ўтган БМТ саммити бўлди. Ташкилотга аъзо давлатлар бундай йиғинларга ўзлари учун муҳим деб билган мавзуларни олиб боради. Масалан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1998-йилги БМТ саммитида бутун дунёни Афғонистондаги назорациз вазият глобал хавф экани, бундай шароитда терроризм фаол ривожланиши ҳақида огоҳлантирганди.

2000-йил сентабрда марҳум президент Каримов Афғонистон бўйича огоҳлантиришини яна Ню Ёркдаги БМТ саммитида туриб такрорлайди. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб, 2001-йил сентабрда Каримов вазият издан чиққани ҳақида огоҳлантирган Афғонистонда тайёрланган теракт орқали айнан шу огоҳлантириш янграган шаҳар — Ню Ёрк портлатилганди.

Каримов шубҳасиз катта сиёсатчи эди, бундай катта минбарларда қандай гапиришни яхши биларди. Бироқ бу ҳафтадаги саммит юқорида мисол келтирганимиз каби мулоҳазали огоҳлантиришлар билан эмас, аламли нутқлар, айбловлар ва мантиқсиз даъволар билан ёдда қолди.

Кириш қисмида тўхталганимиздек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу нутқ сўзлаш учун чиққанда 70 га яқин давлат делегатлари зални тарк этди. Исроилликлар «зални тарк этганлар ташқарига чиқиб, Бибининг нутқини телевизорда кўришгани» ҳақида ҳазиллашишди. Лекин мен бу нутқни жонли эфирда диққат билан кузатдим. Унинг чиқишларини кузатиб бораман, чунки кимнидир кузатмай туриб танқид қилиш тўғри эмас. Нетаняҳу жуда харизматик сиёсатчи, инглиз тилида ҳам равон гапиради, унинг инглизчаси ниҳоятда тушунарли.

БМТдаги чиқишида Нетаняҳу ҳисоб-китоб дафтарини очиб, рўйхат бўйича ҳаммани дипломатик услубда сўкиб чиқди. Туркия президенти Эрдўғанни золим деб атаб, «мухолифатчиларни ўлдириш, журналистларни қамаш, арманлар қирғинини тан олмасликда» айблади. Ню Ёрк ҳокими Мамданини уни ҳибсга олишга чақиргани учун шарманда қилди, «ҳокимнинг хотини ҲАМАСнинг ҳужуми оқланган постларга лике босганини» айтишга ҳам улгурди. Франсия ва Британияни Исроил ҳақида ёлғон тарқатишда айблади. Хуллас, ҳеч ким четда қолмади. Охирида залда қолган уч-тўрт кишини сергак торттириб, «Ҳизбуллоҳ»ни мана шулар билан портлатгандик», деб чўнтагидан пейжер чиқарди.

Нетаняҳудан ташқари Украина президенти Зеленскийнинг нутқи ҳам эсда қоларли бўлди. Украина президенти Россия йил бошидан буён йўқотган аскарлари сони кичикроқ давлат аҳолиси билан тенг эканини айтди, руслар ҳар бир эгалланган км учун 248 одам йўқотаётганини эслатди, Путинни «урушни катталаштираётган нолинчи рақамли бемор» деб атади, яъни у — патиент зеро деди. Тиббиётда бирор касаллик ёки вирус тарқалишини бошлаб берган энг биринчи бемор шундай аталади. Бу ўхшатиш билан Путинни уруш ғоясини тарқатувчи сифатида кўрсатди.

### Эрон президенти Америкада

БМТ саммитидаги яна бир эсда қоларли чиқиш муаллифи Эрон президенти Масъуд Пизишкиён бўлди. Эрон президенти саммитда ноодатий бирор гап айтмади, Америка мактаб болаларини ўлдиргани, спортзалда болалар ўйнаётганида бомба тушгани каби олдин ҳам таъкидланган фактларни такрорлади. Лекин Эроннинг иккинчи рақамли одами Америкага боргани ўзи қизиқ воқеа бўлди. Америка йил бошидан буён Эрон билан урушиб ётибди, Теҳронда ўлдирмаган сиёсатчиси, диний раҳбари қолмади. Лекин Эрон президенти ҳеч нарса бўлмагандек Америкага бориб, Американи танқид қилиб нутқ сўзлади. Бу Америка чиндан сеҳрли диёр.

### Россияда сайловлар

Айтганча, ҳафта давомида Россияда парламент сайловлари натижаси эълон қилинди. Расмий ҳужжатларга кўра, рекорд давомат билан ўтган сайловда Путиннинг партияси рекорд натижа билан ғолиб бўлди. Бошқача бўлиши мумкин эмасди ахир. Кремл учун уруш даврида парламент сайловларини ўтказиб олиш муҳим эди.

Тўғрироғи, шунчаки сайлов ўтказиб, «Единая Россия»нинг катта фарқ билан ғалабасини кўрсатиш эмас, урушга қарши бўлган ҳар қандай номзод камситиш даражасида паст овоз олганини «Россия 24» томошабинларига намойиш этиш муҳим эди. Яхшими-ёмонми, бир амаллаб шундай манзарани кўрсата олишди. Россия мухолифати «ҳукмрон партия аслида эълон қилинганидан анча паст овоз олганини» айтмоқда, лекин буни исботлаб бўлармиди.

### Хитой раиси АҚШга борди

Ҳафта давомида Хитой раиси Си Жинпинг ҳам АҚШга борди. Йўқ, БМТ саммитида нутқ сўзлаш учун эмас, чунки хитойликлар бу ташкилот Хавфсизлик Кенгашида бўлса ҳам, уни аллақачон жиддий қабул қилмай қўйган. Си АҚШга давлат ташрифи билан борди. Уни аеродромда шахсан Трамп кутиб олди, шоҳона қабул уюштирди, зўр зиёфат берди. Лекин айтилаётган баёнотлардан дунёнинг икки етакчиси қандайдир муҳим келишувга эришганга ўхшамайди. Балки ёпиқ қандайдир келишув бўлгандир, буни тез орада Америка нашрларининг «разведкадаги манбаларидан» билиб оламиз.

### «Ракетада бораман»

Энди энг шов-шувли янгиликка келдик, фейк тарқатишни яхши кўрадиган сариқ Телеграм-каналлар чақмоқча белгиси билан «тарқатворинглар» деб ёзса арзийдиган хабар. Украина президенти Володимир Зеленский Россияга бораркан! Фақат нюанс бор, ракетада борар экан. БМТда нутқини якунлаб чиққан Зеленскийдан ўша ердаги россиялик журналист «Қачон Россияга борасиз?» деб сўради.

Зеленский барибир сўз устаси, бошқа мавзуда гаплашиб кетаётган бир пайтда бир лаҳза ўша россиялик журналистга қаради-да, «ракетада» деди. Яъни «Москвага ракетада бораман», деди. Россиялик пропагандачи «Қачон Москвага бориб таслим бўласиз?» деб Зеленскийни мот қилишни истади, лекин биргина сўздан иборат ниҳоятда кучли жавоб олди. Бу кичик эпизод бир ўлмас ҳақиқатни яна бир бор эслатди: душманни менсимаслик мағлубият сари ташланган биринчи қадамдир.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.