Москвада Европанинг энг баланд турар жой биносини қуриш режалаштирилмоқда
Москва маъмурияти «Москва-Сити» ҳудудида қурилиши режалаштирилган 450 метр баландликдаги турар жой осмонўпарининг архитектура ечимини маъқуллади. Лойиҳа амалга оширилса, у Европадаги энг баланд турар жой биносига айланиши кутилмоқда.

Москвада Европадаги энг баланд турар жой биносини барпо этиш режалаштирилмоқда. Накед Ссиенсе нашри маълумотига кўра, бино Антонов-Овсеенко кўчасида, келажакдаги «Сити-2» мажмуаси ҳудудида қурилади. Лойиҳани «Меганом» архитектура бюроси ишлаб чиққан.
Осмонўпар бино ер устида 95 қават ва ер остида беш қаватдан иборат бўлиши мўлжалланган. Унда 1 018 та квартира жойлашади. Мажмуанинг умумий майдони 225 минг квадрат метрдан ошади.
Лойиҳанинг расмий визуал тасвирлари ҳозирча эълон қилинмаган. Бироқ аввал тарқалган консепсияларда унинг ташқи кўриниши «Женга» стол ўйинидаги конструксияга ўхшатилган. Архитектура ечимида бир-бирига нисбатан силжитиб жойлаштирилган, ташқарига чиқиб турувчи қисмлар, террасалар, лоджиялар ва балконлар назарда тутилган.
Нашрга кўра, қурилишни «Донстрой»нинг собиқ ҳаммулкдори Максим Блажко ва Промсвязбанк тузилмалари билан боғлиқ компания амалга оширади.
Хабарда қайд этилишича, Европанинг энг баланд биноси ҳозирча Санкт-Петербургдаги 462 метрли «Лахта Сентр» бўлиб турибди. Москвадаги янги лойиҳа эса айнан турар жой бинолари тоифасида рекорд ўрнатиши кутилмоқда.
Шунингдек, август ойида Россиянинг «Главгосекспертиза» идораси «Лахта Сентр - 2» лойиҳа ҳужжатларига ижобий хулоса берган. Мажмуанинг иккинчи минораси баландлиги 703 метр бўлиши режалаштирилган.

