Москвада мигрантлар таҳқирлангани тасдиқланди: ўрганиш ишлари давом этмоқда
Москвада ўнлаб меҳнат муҳожирлари чўккалаб юришга мажбур қилинган рейд юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Миграция агентлигининг маълум қилишича, ҳолат Москва шаҳри Очаково-Матвеевский раёнида содир бўлган.

Москвада мигрантларнинг таҳқирланиши тасдиқланди, текширувлар давом этмоқда.
Kun.uz 27-июл куни Москвадаги қурилиш майдонларидан бирида ўтказилган рейд ҳақида хабар берган эди. Таҳририятга келиб тушган видеоларда мигрантлар ерда чўккалаб юришга мажбур қилингани акс этган. Уларга нисбатан бундай муносабатнинг сабаби номаълум бўлиб, мурожаат қилувчилар рейд ўтказганларнинг кимлигини ҳам аниқлай олишмаган. Қизиғи шундаки, ҳеч кимдан ҳужжат талаб қилинмай ва текширилмай туриб, мигрантларга шундай ҳолатда юриш буюрилган.
Миграция агентлиги ва Россиядаги дипломатик миссия ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Рейд ўтказилгани тасдиғини топди ва воқеа жойида қўшни давлатлар фуқаролари ҳам бўлган. Kun.uzъга маълум қилинишича, ҳужжатлар текширувидан сўнг олиб кетилганлар Тожикистон фуқаролари ҳисобланади.
Агентликнинг расмий муносабатида билдирилишича, қурилиш объектида 320 нафардан ортиқ хорижий давлат фуқаролари, жумладан 70 га яқин ўзбекистонликлар ишлайди. Kun.uzъга тақдим этилган фото ва видеоларда агентлик ҳамда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакиллари объектларга бориб, юртдошларимиз билан суҳбатлашаётгани акс этган.
Агентлик Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб, рейдлар ва бошқа ҳолатлар давомида меҳнат ҳуқуқлари бузилган бўлса, қўрқмасдан хабар беришларини сўради. Зарур ҳолларда агентлик жамғармаси ҳисобидан 3000 АҚШ долларигача адвокат хизматлари харажатлари қопланиши ҳам айтилган.
Бироқ, Kun.uz билан гаплашган мурожаатчиларга кўра, эълон қилинган видеолардан сўнг қурилишдаги ищиларга босим кучайган. Уларнинг телефонлари текширилиб, хабар ким томонидан тарқатилганини аниқлашга уринишмоқда. Шунингдек, ищиларга ичкаридаги гапни ташқарига олиб чиқмаслик ҳам буюрилган.
Агентлик рейддан кейин олиб кетилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини айтмоқда, бироқ таҳқирланганлар орасида юртдошларимиз ҳам бўлган. Ҳолат юзасидан якуний муносабат эълон қилиниши кутилмоқда.

