Дунё

Москва яқинида 5 киши ҳалок бўлди, Ленинград областида Вилдберриес омбори ёнди

Украина қуролли кучлари июл ўрталаридан буён маркетплейснинг 20 та объектига ҳужум қилиб улгурди.

Москва яқинида беш киши ҳалок бўлди, Ленинград вилоятида Вилдберриес омбори ёниб кетди.

Украина Россиянинг Вилдберриес онлайн-дўконининг омборларига ҳужум қилишда давом этмоқда. Бу сафар Ленинград вилоятидаги омборга қилинган ҳужум натижасида ёнғин келиб чиққан. Москва вилоятида ҳам омборлар зарбага учраган – бу ҳақда маҳаллий расмийлар компания номини ошкор қилмаган ҳолда хабар беришди. Беш киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Москва вилоятининг Чехов тумани раҳбари Михаил Собакин эрталабки хабарида шундай деди: "Бугун дрон ҳужуми натижасида туман ҳудудида шикастланишлар қайд этилди. Афсуски, қурбонлар ва яраланганлар бор". У логистика мажмуаси биноси шикастланганлигини кўрсатувчи фотосуратни эълон қилди.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв дастлабки маълумотларга кўра беш киши ҳалок бўлиб, яна 10 киши яраланганини маълум қилди. Губернаторнинг сўзларига кўра, "Асосий оқибатлар Чехов муниципал туманида қайд этилган. Новоселок саноат зонасида дрон урилиши натижасида ёнғинлар келиб чиққан. Энг жиддийси – омборхонада бўлган, ёнғин ўчоғи аллақачон бартараф этилган. Шунингдек, электр нимстансия ва маъмурий бино шикастланган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойида ишламоқда".

Москва вилояти раҳбари қўшимча қилишича, Солнишково қишлоғида дрон парчалари хусусий уй ва автомобилга зарар етказган, ёнғин ўчирилган.

Расмийлар Москва вилоятида ҳужумга учраган омборлар қайси компанияга тегишли эканлигини аниқлаштирмаган.

Айни вақтда Ленинград вилоятининг Тосненск туманидаги Красний Бор посёлкасида Вилдберриес логистика объектига зарба берилган. Компания вакиллари "Ёнғинни ўчириш ва ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда", деб маълум қилди.

Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко 17 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Губернаторнинг сўзларига кўра, "Айни вақтда ёнғин ўчирилган, омбор биносининг бир қисмига сув қуйиш ишлари олиб борилмоқда. Ёнғин тарқалиш хавфи йўқ. Корхонада жабрланганлар йўқ".

Гипермаркетларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш билан шуғулланувчи "Лента" компанияси омборида ҳам дрон қулаши оқибатида ёнғин чиққан. Ҳужум натижасида ищилардан бири тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ёнғин ўчирилган. Хабарда айтилишича, "Тақсимот маркази томонидан хизмат кўрсатилаётган дўконларда товарларнинг етарли захираси шакллантирилган".

Бу Украина ҳарбийларининг 18-июл куни бошлаган кампанияси доирасида Вилдберриес терминалларига қилинган 20-ҳужум бўлди.

Бир кун олдин компаниянинг Владимир вилоятидаги мажмуасига зарба берилганди, икки кун олдин – Самара вилоятида, 31-июл куни – Волгоградда компания омборлари ҳужумга учраганди.

Владимир вилояти губернатори Александр Авдеев сешанба куни тонгида омбордаги ёнғин тўлиқ ўчирилгани ҳақида хабар берди. ТАСС агентлиги маҳаллий расмийларга таяниб берган хабарга кўра, Вилдберриесънинг Самара вилоятидаги 160 минг квадрат метр майдонни эгаллаган логистика маркази тўлиқ ёниб кетган.

Твер вилоятида ҳам сешанба кунги ҳужумлар вақтида Вилдберриес омбори шикастланди, деб хабар берди Твер вилояти губернатори Виталий Королев. Унинг сўзларига кўра, "Бугун тунда дронлар ҳужумини қайтариш чоғида Вилдберриесънинг Эммаусс қишлоғидаги омборхонасининг девори дрон парчалари билан қисман шикастланган". Унинг сўзларига кўра, ходимлар орасида жароҳат олганлар йўқ.

Россия мудофаа вазирлиги 3-август куни соат 20:00 дан 4-август куни соат 8:00 га қадар Россиянинг 18 та ҳудуди, жумладан, Москва вилояти ва Ленинград вилоятида, шунингдек, аннексия қилинган Қримда украинларнинг 320 та дрони "тўхтатилгани ва йўқ қилингани" ҳақида баёнот берган.

Украина ҳозирча сўнгги ҳужумлар юзасидан изоҳ бермади. Сўнгги кунларда Киев Москвани ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга мажбурлаш учун Россиянинг ичкари ҳудудларига дронлар орқали ҳужумларни кучайтирмоқда. Кремл эса Донбассни тўлиқ эгалламагунича, ўт очишни тўхтатмоқчи эмас. АҚШ иштирокидаги тинчлик музокаралари феврал ойида, АҚШ ва Исроил Эронга қарши катта уруш бошлаганидан кейин музлатилган.