Мопед ва скутер учун нега ҳайдовчилик гувоҳномаси зарурлиги тушунтирилди
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошевнинг таъкидлашича, йўл-транспорт ҳодисалари ва қоидабузарликлар статистикаси бу турдаги транспорт воситалари билан боғлиқ хавфлар ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса хавфсизлик талабларини кучайтириш заруратини юзага келтирган.

Мопед ва скутер учун ҳайдовчилик гувоҳномаси нега кераклиги изоҳланди
Мопед, скутер ва бошқа кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилиниши бежиз эмас. Йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда қоидабузарликлар статистикаси бу турдаги транспорт воситалари билан боғлиқ хавфлар ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев маълумот берди.
Унинг айтишича, 2026-йилнинг дастлабки 9 ойида мопед ва скутерлар иштирокида 563 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Натижада 488 киши тан жароҳати олган, 89 киши вафот этган.
Қоидабузарликлар сони ҳам кескин ошган. 2025-йил давомида мопед ва скутер ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ қарийб 300 та ҳолат аниқланган бўлса, 2026-йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 4312 тага етган.
Шунингдек, 162 та ҳолатда ҳайдовчилар мопед ёки скутерни ҳам тегишли ҳужжатларсиз, ҳам маст ҳолатда бошқаргани аниқланган.
Зоир Йўлдошевнинг таъкидлашича, келтирилган рақамлар мопед, скутер ва бошқа кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик талабларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

