Молдовада ёнилғи нархи туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинади

Молдовада ёнилғи нархлари сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинади
Молдова Миллий хавфсизлик кенгаши энергия ресурслари ҳамда ёнилғи нархларининг ошиши ортидан энергетика ва гидрология соҳаларида фавқулодда ҳолат жорий этишни зарур деб топди.
21-сентябр куни мамлакатда Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Шундан кейин Молдова президенти Майя Санду фавқулодда ҳолат жорий этиш кераклигини билдирди. Қарор лойиҳаси аввал ҳукумат томонидан қабул қилинади, сўнг 22-сентябр куни парламентда кўриб чиқилади.
Президентнинг айтишича, ҳукумат бир нечта инқирозли ссенарийлар бўйича ҳаракат режаларини тайёрлайди.
“Ҳукумат энг кутилмаган вазиятларда: зудлик билан ёнилғи сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш керак бўлса, Днестрда сув сатҳи пасайишда давом эца, ёнилғи нархи ўсишда давом эца, тезкорлик билан ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлиши керак”, деди Майя Санду.
Газ ва нефт маҳсулотлари захираларига алоҳида эътибор қаратилади. Қарор халқаро бозорлардаги мураккаб вазият фонида қабул қилинган. Майя Сандунинг сўзларига кўра, Европа биржасида газ нархи мегаватт соатига 83 евродан ошган, дизел ёнилғиси нархи эса тоннаси учун 1 500 долларга етган. Нархларнинг ошиши электр энергияси нархининг кескин кўтарилишига олиб келиб, аҳоли учун қийинчилик туғдирмоқда.
Шу билан бирга, Днестрда вазият оғирлигича қолмоқда. 1–20-сентябр кунлари Новоднестровск сув омборига кириб келаётган сув оқими ўртача сониясига 100–120 кубометр ўрнига атиги 23 кубометрни ташкил этди.
Майя Санду энергия нархлари ошишининг аҳолига таъсирини камайтириш учун компенсациялар берилиши ва ҳукумат бунинг учун зарур маблағларни ажратишини маълум қилди.

