МКБАНК эскроу хизматларини кенгайтирмоқда: нотариал олди-сотди битимлари янада қулай ва хавфсиз!
Рақамли хизматларни ривожлантириш доирасида жорий йилнинг июн ойидан бошлаб МКБАНКнинг МАВРИД мобил иловаси орқали ҳам

МКБАНК эскроу хизматларини кенгайтириб, нотариал олди-сотди битимларини янада қулай ва хавфсиз қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 10-декабрдаги ПФ–246-сонли "Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида МКБАНК аҳолига эскроу хизматларини кўрсатиш кўламини кенгайтирмоқда. Банк ушбу хизматларнинг қулайлиги ва самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Фармон ижросини таъминлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида банкнинг 35 та банк хизматлари офиси ва марказларига яқин жойлашган 57 та нотариал идорада МКБАНКнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари, масъул ходимлари ва уларнинг алоқа маълумотлари акс эттирилган ахборот материаллари жойлаштирилди. Бу ташаббус фуқароларнинг эскроу хизматларидан тезкор ва қулай фойдаланишини таъминлашга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 1-апрелидан бошлаб Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ва Бухоро шаҳридаги автомобил бозорларида автомобил олди-сотди битимлари иштирокчилари учун махсус кассалар ташкил этилди. Ушбу кассаларда эскроу ҳисобварақларини очиш, валюта айирбошлаш ва барча турдаги нақд пул касса операциялари амалга оширилмоқда. Мазкур бўлинмалар шанба ва якшанба кунлари ҳам узлуксиз ишламоқда.
Рақамли хизматларни ривожлантириш доирасида жорий йилнинг июн ойидан бошлаб МКБАНКнинг МАВРИД мобил иловаси орқали ҳам эскроу хизматлари йўлга қўйилди. Натижада мижозлар кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотди битимларини масофадан туриб хавфсиз ва қулай тарзда амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар. Ҳозирда мобил илова орқали ҳар ой ўртача 200 дан ортиқ битим муваффақиятли расмийлаштирилмоқда.
МАВРИД иловасидаги Эскроу хизматининг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат:
* Эскроу ҳисобварағини масофадан очиш ва бошқариш;
* Харидор маблағлари банк назорати остида тўлиқ ҳимояланиши;
* Сотувчи учун тўлов кафолати;
* Ортиқча ҳужжатбозликнинг камайиши.
Бугунги кунда МКБАНКнинг 125 та ҳудудий бўлинмаси нотариал идоралар билан ҳамкорликда эскроу хизматларини самарали ташкил этган. Натижада жорий йилнинг 1-апрелидан ҳозирги кунгача аҳолининг 6 мингдан ортиқ нотариал олди-сотди битимлари муваффақиятли амалга оширилиб, уларнинг умумий қиймати 129,1 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан 2 146 таси кўчмас мулк, 3 841 таси эса транспорт воситалари олди-сотди битимларига тўғри келади.
Бундан ташқари, фуқаролар учун янада қулай шароит яратиш мақсадида банкнинг 32 та банк хизматлари офиси ва марказларига яқин жойлашган 44 та нотариал идора билан ҳамкорликда дам олиш кунлари ҳам эскроу хизматлари узлуксиз кўрсатиб келинмоқда.
МКБАНК эскроу хизматлари инфратузилмасини кенгайтириш, замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда нотариал битимлар бўйича хавфсиз, шаффоф ва ишончли ҳисоб-китобларни таъминлаш борасидаги ишларини изчил давом эттиради.
П/с: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан ҳамкорликда жорий йилнинг 1-апрелидан бошлаб кўчмас мулк ва транспорт воситаларини нотариал олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш жараёнида банкларда эскроу ҳисобварақларини очиш, маблағларни қабул қилиш ҳамда харидордан сотувчига ишончли ўтказишни таъминловчи ягона умумреспублика тўлов ва хизмат кўрсатиш тизими жорий этилган.

