Мирзиёев касб байрами арафасида Ўзбекистон тиббиёт ходимларини мукофотлади

Мирзиёев касб байрами арафасида Ўзбекистон тиббиёт ходимларини мукофотлади
Президент Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мутахассисларга тиббиётни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлашга қўшган ҳиссаси учун фахрий унвонлар берилди, шунингдек, орден ва медаллар топширилди.
Мукофотланганлар орасида мамлакатнинг турли ҳудудларидан тиббиёт муассасалари раҳбарлари, шифокорлар, ҳамширалар, фармацевтлар ва бошқа мутахассислар бор.
"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвонига Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Даминов, Онкология ва тиббий радиология маркази абдоминал хирургия бўлими илмий раҳбари Миржалол Жўраев, Республика ихтисослаштирилган хирургик ангионеврология маркази директори Шавкат Каримов ва Кўз микрохирургияси маркази директори Азамат Юсупов сазовор бўлдилар.
"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвони Тошкент давлат тиббиёт университети профессори Адҳамжон Ваисовга берилди.
"Фидокорона хизматлари учун" ордени билан Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокор-неврологи Азиз Алиев ва Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази лаборанти Назира Алимуҳамедова мукофотланди.
"Меҳнат шуҳрати" орденини Фарғона шаҳридаги Central Asian Medical University муассиси Нурилло Мамасадиков олди.
I даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан саккиз нафар мутахассис, жумладан, тиббиёт марказлари раҳбарлари, бўлим мудирлари ва АҚШнинг Сент-Луис университети шифохонаси шифокори Жолдас Кулджанов тақдирланди.
II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан етти нафар мутахассис, жумладан, мамлакатнинг турли ҳудудларидан акушеркалар, бўлим мудирлари, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари мукофотланди.
"Дўстлик" ордени билан халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг тиббиёт мутахассислари тақдирланди. Улар орасида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужи, Project C.U.R.E. ташкилоти вакиллари, шунингдек, шифокорлар ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари бор.
I даражали "Саломатлик" ордени билан нейрохирург Абдуфаррух Каримов, Аллергология ва клиник иммунология маркази директори Ильмира Разикова ва оилавий шифокор Набижон Раҳматов мукофотланди.
II даражали "Саломатлик" орденини 16 нафар тиббиёт ходими, жумладан, шифокорлар, клиникалар раҳбарлари, ҳамширалар ва фармацевтика соҳаси мутахассислари олишди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари "Жасорат", "Содиқ хизматлари учун", "Соғлом турмуш", "Келажак бунёдкори" ва "Шуҳрат" медаллари билан тақдирландилар. Мукофотланганлар орасида шифокорлар, ҳамширалар, фельдшерлар, тез ёрдам ҳайдовчилари, фармацевтлар ва тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари бор.

