Мирзиёев камбағалликни қисқартириш тизимини ўзгартиришни топширди
Ўзбекистонда ҳокимлар, банклар ва маҳалла еттилиги учун масъулларнинг кучайтирилган иш режими жорий этилган камбағалликни қисқартиришнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Мирзиёев камбағалликни қисқартириш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошланди.
Йил бошида республикада камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача пасайган, эҳтиёжмандлар сони эса 2,2 миллион кишини ташкил этган эди. Ҳозирда бу кўрсаткич 1,5 миллион кишигача камайди.
Тўғри йўлга қўйилган ишлар туфайли 49 та туман ва 3 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айланаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, қолган 159 та туман ва шаҳарда, шунингдек, 5 536 та маҳаллада масъул шахслар фаолиятининг натижадорлиги пастлиги танқид қилинди.
Давлат раҳбари барча ҳудудларга бир хил ваколат, ресурс ва имкониятлар берилганини таъкидлаб, улардан самарали фойдаланиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Йиғилишда жойларда натижалар йўқлигининг асосий сабаблари кўриб чиқилди.
«Маҳалла еттилиги» фаолиятига масъул бўлган раҳбарлар вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла даражасидаги ходимларга қабул қилинган қарорлар ижроси бўйича аниқ топшириқлар бермаётгани қайд этилди.
Шунингдек, айрим раҳбарлар яратилган шароитлардан тўғри фойдаланишни ва «еттилик» ишини холисона баҳолашни билмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Туман ва маҳаллаларда камбағаллик ва ишсизликни қисқартиришга масъул ходимларнинг сусткашликка йўл қўяётгани ва масъулиятни ўз зиммасига олишдан қўрқаётгани ҳам танқид қилинди.
Камбағалликни қисқартириш борасида 50 йиллик тажрибага эга бўлган Хитой ҳам давр талабларини инобатга олган ҳолда қуйи бўғинга доимий равишда аниқ кўрсатмалар етказиб туриши таъкидланди.
«Охирги уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 триллион сўмлик ресурс йўналтирилди. Бироқ кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири ҳамма туманда ҳам бир хил сезилаётгани йўқ», — деди давлат раҳбари.
Йиғилишда ажратилган кредит ресурслари самарадорлиги туманлар кесимида қиёсий баҳоланди.
Ўтган даврда Шароф Рашидов ва Қарши туманларига бир хил миқдорда — 2,3 триллион сўмдан кредит ресурслари ажратилган.
Шароф Рашидов туманида ушбу маблағлар ҳисобидан 30 минг киши камбағаллик тоифасидан чиқарилган. Ўртача бир кишига 78 миллион сўм тўғри келган. Қарши туманида эса 13 минг эҳтиёжманд аҳолининг турмуш шароити яхшиланган бўлиб, бунда бир кишига ўртача 176 миллион сўм сарфланган.
Қамаши ва Пскент туманларига 1,1 триллион сўмдан кредит ажратилган. Қамаши туманида 28 минг киши камбағаллик тоифасидан чиқарилган бўлса, Пскентда бу кўрсаткич бор-йўғи 4,5 минг кишини ташкил этган.
Шундай ҳолат Ғузор, Нишон, Муборак, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Олтинсой, Бандихон, Бешариқ ва Фарғона туманларида, шунингдек, Нурафшон, Бекобод ва Янгиўл шаҳарларида ҳам кузатилмоқда.
Пскент туманида бир кишини камбағалликдан чиқариш учун 250 миллион сўм кредит маблағи тўғри келаётгани қайд этилди. Ваҳоланки, бошқа ҳудудда худди шунча суммага саноатда доимий ва юқори даромадли иш ўрни яратилмоқда.
Давлат раҳбари одамларни иш билан таъминлаш учун мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишга билими ёки қобилияти етмаётган айрим ҳудудлар раҳбарларини танқид қилди.
Улар замонавий иқтисодиётда юз бераётган тебранишлар ва шиддатли ўзгаришларни тўлиқ англаб етмаётгани таъкидланди.
Охирги бир йилда ҳудудларда 86 мингта кичик корхона ташкил этилган бўлса-да, уларнинг 15 мингтаси ёки 17 фоизи фаолиятини тўхтатган.
Шунингдек, банкдан кредит олиб, бизнесини йўлга қўя олмаган 62 минг киши уларни қайтаришда қийинчиликларга дуч келаётгани қайд этилди.
Бунинг сабабларидан бири сифатида фақатгина 1 мингта маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ва банк ходимлари «лойиҳавий ёндашув» асосида ишлашни билиши кўрсатилди.
Президент топшириғига кўра, иқтисодий блокнинг барча раҳбарлари Хоразм вилоятида қолиб, камбағалликни қисқартириш бўйича иш услубларини ўзгартириш учун таҳлил ўтказдилар.
Икки ҳафта давомида вилоятдаги 81 минг нафар кам таъминланган аҳоли ёки 19 мингта оиланинг аҳволи ўрганилди. Ушбу оилаларда 12 минг нафар ишсиз ва 10 минг нафар паст даромадли киши борлиги аниқланди.
Ҳозирги вақтда Хоразм вилояти тадбиркорлари қурилиш соҳаси учун 4 минг, хизмат кўрсатиш соҳаси учун 3 минг ва саноат учун 2,5 минг ишчи изламоқда.
Масъул шахслар зиммасига корхоналар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишсиз ва кам таъминланган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва кейинчалик уларни ишга жойлаштириш имкониятларидан фойдаланиш вазифаси қўйилди.
Мавжуд бўш иш ўринлари ва касбий тайёргарлик имкониятлари ҳисобидан кам таъминланган оилалардан бўлган 10–15 минг нафар аҳолининг даромадларини ошириш мумкинлиги таъкидланди.
Хоразм вилоятидаги кам таъминланган оилаларни ўрганиш давомида уларда 48 минг нафар бола истиқомат қилаётгани ҳам аниқланди.
Шу билан бирга, масъул шахсларда ушбу болалар билан якка тартибда ишлаш ва уларни касб-ҳунарга эрта жалб қилиш бўйича махсус дастур мавжуд эмас.
Вилоятнинг ҳар бир туманида камида 1–2 тадан техникум ва 4–5 тадан ўқув маркази фаолият кўрсатаётгани қайд этилди.
Ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаоллари зиммасига мактаблар, техникумлар ва ўқув марказларида кам таъминланган оилалар фарзандлари учун қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Хоразм вилоятида кам таъминланган оилалардан бўлган 10 мингдан ортиқ аёл бола парвариши билан банд. Шу билан бирга, бундай оилалардаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси ҳатто 75 фоизга ҳам етмайди.
Коллежларнинг 646 нафар ўқувчиси ва олий ўқув юртлари талабалари ҳудудда амалга оширилаётган янги лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда дуал таълим асосида касбий кўникмаларини ошириш имкониятига эга.
Бундан ташқари, кам таъминланган оилалардан бўлган 526 нафар пенсия ёшидаги ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдамни кучайтириш уларнинг парвариши билан банд бўлган оила аъзолари учун меҳнат фаолияти орқали даромад олиш имкониятларини яратиши таъкидланди.
Хоразм вилояти мисолида ўтказилган таҳлил хулосалари барча ҳудудлар учун долзарб экани қайд этилди. Шу муносабат билан камбағалликни қисқартириш бўйича принципиал жиҳатдан янги иш тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Янги тизимга мувофиқ, «маҳалла еттилиги» фаолиятига масъул раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари, шунингдек, банклар кучайтирилган иш режимига ўтади.
Ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким раҳбарлигида штаблар ташкил этилади.
Банклар ва бандликка кўмаклашиш органлари жойлардаги масалаларни ҳал қилишда штабларга ёрдам беради.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бутун иқтисодий блок билан биргаликда ҳафтада уч кун фақат камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш масалалари билан шуғулланади.
Йиғилишда маҳаллалардаги банк ходимлари ва ҳоким ёрдамчиларининг лойиҳалар билан ишлаш кўникмаларига ҳам танқидий баҳо берилди.
Уларнинг аксарияти кредит кимга кераклигини ва қайси лойиҳаларни лизинг, факторинг, кафолатлар, суғурта, айланма маблағлар ёки шартнома асосида молиялаштириш мақсадга мувофиқ эканини тушунмаслиги таъкидланди.
Банк ходимлари ва ҳоким ёрдамчилари лойиҳа тайёрланишидан олдин ҳам ҳанузгача «Гаров борми?» деган саволни бериш амалиёти танқид қилинди.
Тадбиркорларга кредит ажратишда бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётгани, кредитларни қайтариш графиклари эса муайян бизнес турининг хусусиятларига мослаштирилмагани қайд этилди.
Кредитларни қайтариш муддатларини қишлоқ хўжалиги, савдо ва тадбиркорлик фаолиятининг бошқа йўналишлари хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда белгилаш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, оилавий ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга мўлжалланган имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколатларини туман штабларига бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Туман штаблари кимга ва қанча миқдорда кредит беришни, маблағларни нақд ёки нақд пулсиз шаклда ажратишни, маблағларни қайтариш муддатларини узайтиришни ва тўлов графикларини муайян бизнес турига мослаштиришни мустақил равишда ҳал қилади.
Бундан ташқари, инклюзив молиялаштириш масалалари ҳам штаблар ваколатига ўтказилади.
Ҳозирги вақтда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 1,37 триллион сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 миллиард сўм ресурс мавжуд.
Туман штабларига маҳаллий шароитлар ва лойиҳаларнинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилади.
Агар етакчи тадбиркор 10 та оила билан кооперацияни йўлга қўйса, у 500 миллион сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорлик қилганда эса 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.
Кредит тарихида муддати ўтган қарздорлиги бўлган эҳтиёжманд фуқароларнинг лойиҳаларини якка тартибда баҳолаш асосида имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади.
Туман штабларига Камбағалликни қисқартириш жамғармасидан 240 миллиард сўм, Бандлик жамғармасидан 100 миллиард сўм ва учта «дафтар» маблағларидан 760 миллиард сўм ўтказиб берилади.
Бундан буён туман штаблари субсидиялар ёки фоизсиз қарзлар бериш масалаларини ҳам мустақил равишда ҳал қилади.
Бундан ташқари, йил якунига қадар тадбиркорлик компанияси томонидан компенсация тўлаш учун кўзда тутилган қолган 300 миллиард сўм ҳам штаблар орқали тақсимланади.
Шу тариқа, туманлар ихтиёрига жами 3,2 триллион сўмлик ресурслар йўналтирилади, бунда ушбу маблағлардан фойдаланишдан аниқ натижалар таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади.
Кредитлар, субсидиялар ва компенсациялар бериш шартларини бевосита фармон ва қарорлар билан белгилаш амалиёти тўхтатилиши таъкидланди.
Эндиликда Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банк ҳар чоракда ҳудудларнинг салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш механизмларини янгилаб боради.
Туман штаблари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларини «лойиҳалар бўйича» ишлаш тизимига ўтказади.
Бунинг учун маҳаллалардаги 8 992 нафар ҳоким ёрдамчиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланади. Ҳалол ва ташаббускор кадрлар лавозимларига қайта тайинланади, талабларга жавоб бермайдиган ходимлар эса алмаштирилади.
Масъул шахслар олдига икки ой муддатда ўқув маркази ташкил этиш ва унинг ишига хориждан мутахассисларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Ушбу марказда ҳоким ёрдамчилари «лойиҳалар бўйича» тамойили асосида ишлашга ўқитилади.
Вилоят штаблари йил якунлари бўйича ҳар бир тумандан икки нафардан энг яхши ҳоким ёрдамчисини Хитой, Япония ва Туркияга малака оширишга юборади.
Энг муваффақиятли ҳоким ёрдамчиларига махсус малака тоифаси берилади, шунингдек, 50 фоизгача миқдорда устама тўланади.
Маҳаллалардаги банк ходимларини ҳам шундай тизим бўйича ўқитиш ва улар учун хорижий стажировкалар ташкил этиш топширилди.
Бош прокуратура зиммасига банк ходимлари ва ҳоким ёрдамчиларининг мустақил қарор қабул қилишига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга кўмаклашиш вазифаси юкланди.
Жойларда тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади.
Ҳозирги вақтда бу масалалар асосан вилоят даражасида ҳал қилинаётгани, бу эса жараёнларнинг чўзилиб кетишига олиб келаётгани қайд этилди.
Туманларга лойиҳалар буюртмачиси мақомини бериш ва маблағларни бевосита жойларга йўналтириш ишларни тезлаштириш имконини бериши таъкидланди. Маҳаллий маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган ва оғир маҳаллаларда иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларга республика бюджетидан 2–3 баравар кўп ресурс йўналтириш таклиф этилди.
Бундан буён туманга тадбиркорлик инфратузилмаси учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан лойиҳани ишлаб чиқиш учун туман штаби раҳбари масъул бўлади.
Туман штабига лойиҳалаш, қурилиш ва сифат назорати ишларини хусусий секторга топширишга рухсат берилади. Бунда штаб раҳбари объектларни белгиланган муддатларда ва сифат талабларига риоя қилган ҳолда фойдаланишга топшириш учун жавобгар бўлади.
Йиғилишда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги ёндашувлар ҳам белгилаб берилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини «ижтимоий реестр»га киритиш тизимини қайта кўриб чиқиш топширилди.
Бунда нафақат аҳоли даромадларини, балки сурункали касалликлар, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаши каби омилларни ҳам ҳисобга олувчи кўп ўлчовли баҳолаш тизими жорий этилади.
Республикада камбағаллик даражаси 3,9 фоизгача пасайганига қарамай, уч ёшгача болалари бўлган оилалар ўртасида бу кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда.
«Биз бола парвариши билан банд бўлган ота-оналарга уйдан чиқмасдан ёки бевосита маҳаллада ишлаш ва даромад олиш имконини берадиган тизим яратамиз», — деди Президент.
Ишлаётган оналарга боласи бир ёшга тўлгунга қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади.
Жорий йилда меҳнат қилишга лаёқати бўлмаган аъзолари бор эҳтиёжманд оилалар учун «пассив даромад» таъминловчи ижтимоий пакетга 300 миллиард сўм ажратилди.
Бундай ёрдам олган 11 мингта оиланинг ярмида даромадлар сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Бир ҳафта муддатда ушбу тизимнинг амал қилишини давом эттириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
«Келгуси йилдан бошлаб реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун боғча — давлат ёки хусусий, ўқув марказларида ўқиш, йўлкира, шунингдек, ётоқхонада яшаш харажатлари ваучерлар орқали қоплаб берилади», — деди давлат раҳбари.
Ваучер 12 ой муддатга берилади ва эҳтиёжманд оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам амал қилишда давом этади.

