Минтақавий брендлар қандай тарғиб қилинади

Ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий брендларни ички ва ташқи бозорларда илгари суришга қаратилган географик кўрсаткичлар тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Минтақавий брендларни қандай ривожлантириш режалаштирилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги "Географик кўрсаткичларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги 375-сонли қарори қабул қилинди.

2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-358-сонли қарорга мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети, Савдо-саноат палатаси ва "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан "ориГИн Узбекистан" нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилиши режалаштирилган.

"ориГИн Узбекистан" ННТ учун қуйидаги асосий вазифалар белгиланган:

• хўжалик юритувчи субъектларга географик кўрсаткичларни аниқлашда бепул юридик ва услубий ёрдам кўрсатиш;

• миллий географик кўрсаткичларни хорижда тарғиб қилиш;

• корхоналарга географик кўрсаткичларни тижоратлаштиришда ёрдам бериш.

Ҳужжат билан 2026 йилда Географик кўрсаткичлар фестивалларини ўтказиш режа-жадвали тасдиқланди. "Хоразм қовуни", "Марғилон атласи ва адраси", "Андижон дўпписи", "Қўқон пичоқлари" кўргазмалари, "Ғузор тандир гўшти", "Чиял яхна гўшти", "Балиқ карма", "Хоразм бараклари" гастрономик фестиваллари, шунингдек, "ориГИн УЗ" географик кўрсаткичлар фестивали ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, товарнинг сифати, обрўси ёки бошқа хусусиятлари сезиларли даражада унинг географик келиб чиқишига боғлиқ бўлган муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққанлигини аниқловчи белги географик кўрсаткич деб аталади (2022 йил 3 мартда қабул қилинган "Географик кўрсаткичлар тўғрисида"ги ЎРҚ-757-сонли қонун).

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2026 йил 13 июлдан кучга кирди.