“Миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, дунёдан ёпилиш дегани эмас” — Шерзод Асадов

“Миллий манфаатларни ҳимоя қилиш — дунёдан ажралиш эмас” — Шерзод Асадов
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкентдаги Ислом сивилизацияси марказида бўлиб ўтган “Ислом сивилизацияси: янги дунё, янги ташаббуслар” халқаро медиа форумида нутқ сўзлади.
Форумда Шерзод Асадов замонавий журналистика дуч келаётган таҳдидлар, сунъий интеллектнинг ўрни, сўз эркинлиги, миллий медиа ва журналистнинг жамиятдаги аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
“Бугунги кунда ахборот чегараларни тан олмайди. Бирор воқеа ҳақидаги хабар бир неча сония ичида миллионлаб одамларга етиб боради. Бироқ, ахборот билан бирга ёлғон, манипуляция, сохта хабарлар ва ахборот ҳужумлари ҳам тез тарқалмоқда. Шу сабабли, бугун журналистика олдидаги энг муҳим вазифалардан бири ишончли ахборотни таъминлашдир”, — деди у.
Шерзод Асадов сунъий интеллектнинг журналистикага жадал кириб келаётганига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект журналистнинг ўрнини эгалламайди, аксинча, унинг имкониятларини кенгайтиради.
“Технологиялар қанчалик ривожланмасин, журналистиканинг асосий мезонлари — ҳақиқат, холислик, виждон ва инсон манфаатига хизмат қилиш тамойиллари ўзгармас бўлиб қолиши керак”, — деди президент матбуот котиби.
У, шунингдек, замонавий журналистиканинг бугунги глобал муаммоларидан бири сифатида ҳақиқий сўз эркинлиги инқирози масаласини кўтарди. Айрим ҳолларда сўз эркинлигининг сиёсий босим воситасига айланиши журналистиканинг холислиги ва ишончлилигига путур етказаётганини қайд этди.
Шерзод Асадовнинг сўзларига кўра, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш дунёдан ёпилишни англатмайди. Аксинча, бу — фактларга таяниш, воқеаларни холис таҳлил қилиш ва жамият билан очиқ мулоқот ўрнатишдир.
Президент матбуот котиби журналистнинг вазифаси фақат ахборот етказиш билан чекланмаслигини ҳам таъкидлади. Журналист одамларнинг дард-у ташвишини тинглайди, муаммоларини кўтаради ва жамоатчилик овозининг давлат идораларига етиб боришини таъминлайди.
Шу билан бирга, Шерзод Асадов форумнинг Ислом сивилизацияси марказида ўтказилаётгани ўзига хос рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Президент ташаббуси билан барпо этилган ушбу маскан халқимизнинг кўп минг йиллик илмий ва маънавий меросини жаҳонга танитишга хизмат қилади.
Унинг таъкидлашича, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк алломалар мероси бутун башариятнинг бебаҳо бойлигидир. Хоразмий номи бугун “алгоритм” атамасида яшаб келаётгани ҳам аждодларимиз мероси замонавий илм-фан ва технологиялар билан узвий боғлиқлигини кўрсатади.
Шерзод Асадов миллий меросни фақат музей ва китобларда сақлаш билан чекланмасдан, уни замонавий рақамли форматларда, ёш авлодга тушунарли тилда ва жаҳон жамоатчилигига холис етказиш зарурлигини таъкидлади.

