Лайфстайл

Миллиардерлар учун янги ҳашамат: Швейсарияда миллион долларлик бункерлар қурилмоқда

**Миллиардерлар учун янги ҳашаматли бошпана: Швейсарияда миллион долларлик бункерлар қурилмоқда**

Швейсария Алп тоғларида ўта бадавлат шахслар учун мўлжалланган улкан бункер мажмуаси қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу лойиҳа ҳашаматли харидлар бозорида янги тенденсияни бошлаб бериши кутилмоқда.

Лойиҳа Брюниг довони яқинидаги Лунгерн қишлоғи ҳудудида амалга оширилмоқда. Унга швейсариялик тадбиркор, "Брüниг Мега Сафе" компанияси директорлар кенгаши раиси Томас Гассер раҳбарлик қилмоқда. Унинг оилавий фирмаси ўнлаб йиллардан бери ерости, кончилик ва портлатиш ишлари билан шуғулланиб келади ва 300 га яқин кишини иш билан таъминлайди. Шу сабабли, жамоанинг қояларни ўйиш бўйича катта тажрибаси бор.

Мажмуа 100 метрдан ортиқ қалин қоя остида жойлашган 20 га яқин хусусий омборхонани ўз ичига олади. Қурувчиларнинг таъкидлашича, унинг ҳимоя даражаси Швейсария Миллий банки муҳофазаси билан тенг. Бункерга кириш осон эмас – мижозларни киришда алоҳида назорат-ўтказиш пункти кутиб олади. У ерда машинадан тушиб, бир неча босқичли текширувдан ўтиш талаб этилади. Компания бу текширувларнинг тафсилотларини сир сақлайди. Ҳатто журналистларга ҳам мажмуанинг бўлажак кириш йўлаги кўрсатилмаган.

Бункер харидори амалда унинг мулкдорига айланади – алоҳида кадастр рақамига ва оддий кўчмас мулк каби обьектни кредит учун гаровга қўйиш ҳуқуқига эга бўлади. Бироқ, бу ҳашамат арзон эмас: ҳар бир ғор 99 йилга ижарага берилади, нархлар эса тахминан 1 миллион Швейсария франкидан (тахминан 1 миллион 256 минг доллар) бошланади.

Қизиғи шундаки, илгари бу ерда тадбирлар ўтказиладиган майдончали ресторан, отишма майдони ва ўт ўчирувчиларни тайёрлаш маркази фаолият юритган. Бу марказда туннеллардаги ёнғинларни ўчириш амалиётлари ўтказиларди.

Лунгерннинг барча аҳолиси ҳам миллиардерлар билан янги қўшничиликдан мамнун эмас. Баъзилар шундоқ ҳам ҳамма нарсаси етарли одамлар учун қишлоқда бундай ҳашаматли бункерга сира эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблайди. Бошқалар эса анча хайрихоҳ бўлиб, янги "қўшнилар"нинг ноёб Феррариълари тоғ серпантинида қандай ўтиб кетишини кўз олдига келтириб, ҳазил қилишади.

Умуман олганда, Швейсарияда ерости махфий омборларига бўлган қизиқиш янгилик эмас: мамлакат йиллар давомида собиқ ҳарбий бункерларни зирҳли сақлаш жойлари ва ҳимояланган маълумотлар марказларига айлантириб келмоқда. Швейсариянинг пул ва қимматбаҳо буюмларни сақлаш саноатининг кўлами шусиз ҳам ҳайратланарли: 2024-йилда мамлакат банклари қарийб 9,3 триллион франк (тахминан 11,5 триллион доллар) миқдоридаги активларни бошқарган ва бу маблағларнинг деярли ярми хориждан келиб тушган.

Бироқ айнан Лунгерндаги лойиҳа бу ғояни энг юқори чўққига олиб чиқиб, бутун дунёдаги ўта бадавлат мижозларга кучайиб бораётган глобал беқарорлик фонида энг қимматбаҳо буюмлари учун хавфсиз жой таклиф қилмоқда. Қурилиш ишлари айни авжида, мажмуанинг очилиши эса келгуси йилга режалаштирилган.

Айтганча, бункер васвасаси фақат Швейсария Алп тоғларинигина қамраб олгани йўқ. Энг машҳур "бункерчи миллиардерлар"дан бири Мета раҳбари Марк Сукербергдир: унинг Пало-Алтода асосий уйи бўлса-да, айни вақтда Гавайида ерости бошпанаси, автоном озиқ-овқат ва сув захиралари ҳамда фавқулодда чиқиш йўлагига эга мустаҳкам қўрғон барпо этмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.