“Милан”, “Челси” ва “Рома” клубларида ишлаган мутахассислар Ўзбекистон терма жамоасида иш бошлади

“Милан”, “Челси” ва “Рома”да ишлаган мутахассислар Ўзбекистон терма жамоаси штабига қўшилди
Фабио Каннаваро бошқарувидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби яна икки нафар италиялик тажрибали мутахассис билан тўлдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, жамоага физиотерапевт сифатида Силвано Котти жалб этилган. У кўп йиллик халқаро тажрибага эга бўлиб, аввал Италия ва Хитой миллий терма жамоаларида, шунингдек, “Интер”, “Милан”, “Челси” ҳамда “Рома” каби Европанинг топ-клубларида фаолият юритган.
Шунингдек, биолог-нутрициолог ва спорт нутрияси бўйича мутахассис Андреа Иулиано ҳам Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабидан ўрин олди. У бунгача Италиянинг “Удинезе” клубида ҳамда Швейсария ёшлар (У-21) терма жамоасида айнан спорт нутрициологи сифатида ишлаган.
“Ушбу янги мутахассислар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тайёргарлик жараёнларида футболчиларнинг жисмоний ҳолати, машғулот ва ўйинлардан сўнг тўғри тикланиши ҳамда спорт овқатланиши йўналишларига бевосита масъул бўлади”, дейилади ЎФА хабарида.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 21-сентябр куни навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини бошлади. “Оқ бўрилар” ушбу тайёргарлик доирасида жами учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши режалаштирилган. Хусусан, футболчилар 24-сентябр куни Эрон, 1-октябрда Сурия ва 6-октябр куни Жанубий Корея терма жамоаларига қарши куч синашади.

