“Миграцияда бизга рақам эмас, сифат керак!” — президент
Вилоят ҳокимлари ҳар ойда бир марта, туман ҳокимлари эса икки марта масъуллар иштирокида миграция масалаларини кўриб чиқади. Хорижда ишлаш истагидаги ҳар бир фуқаронинг касбий ва тил тайёргарлиги ҳамда ишга жойлашиши назорат қилинади.

“Миграцияда бизга рақам эмас, сифат керак!” — президент
Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Халқаро меҳнат бозорида йирик рекрутинг компаниялари иш берувчилар билан малакали мутахассислар ўртасидаги муҳим боғловчига айланган.
Шундай компаниялар Ўзбекистонда ҳам мутахассисларни ўзлари тайёрлаб, бевосита ишга жойлаштириши учун шароит яратиш зарур. Келаси йил мамлакатимизда иккита йирик халқаро рекрутинг компаниясининг фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Жорий йилда 34 та давлатда 287 минг кишини ишга жойлаштириш имконияти мавжуд. Бироқ бу имкониятлар ҳақида одамлар етарлича хабардор эмас, Миграция агентлиги билан “маҳалла еттилиги” ўртасидаги алоқа ҳам самарали йўлга қўйилмаган.
“Шу боис, мазкур тизимни ҳам ўзгартирамиз. Миграцияда бизга рақам эмас, сифат керак!”, – деди президент.
Хориждаги иш ўринлари ҳақидаги маълумот ҳар бир маҳаллагача етиб бориши лозим. Президент ҳар бир буюртма бўйича қайси мамлакатда қандай мутахассисга талаб борлиги, қаерда ўқиш ва қайси тилни билиш зарурлигини аниқ кўрсатиб бериш вазифасини қўйди.
“Маҳалла еттилиги” чет элда ишлашни истаган фуқароларга бу имкониятларни тушунтириб, номзодларни “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Ҳокимлар ва масъул ташкилотлар уларни касб ҳамда тил бўйича мақсадли тайёрлаш, сўнг ишга жойлаштириш учун жавоб беради.
Вилоят ҳокимлари ҳар ойда бир марта, туман ҳокимлари эса икки марта миграцияга масъуллар ва “еттилик” иштирокида иш натижаларини кўриб чиқади. Ҳар бир номзоднинг тайёргарлиги ва ишга жойлашиши юзасидан талабчан назорат ўрнатилади.
Президент таъкидлаганидек, хорижда юқори даромадли иш ўринларини очиш учун иш берувчилар билан келишувнинг ўзи етарли эмас. Ривожланган давлатлар билан фаол иқтисодий дипломатия олиб бориб, квоталар, ищи визалар ва малакани тан олиш масалаларини изчил ҳал қилиш керак.

