Иқтисодиёт

Метан заправка ва иссиқхоналар газдан энг кўп ноқонуний фойдаланмоқда — “Ўзенергоинспексия”

Ташкилот расмийлари 10 ойда 900 млрд сўмлик газ ва электр токидан қонунга зид фойдалангани аниқланди. Хусусан, табиий газни талон-торож қилишда хусусий сектор улуши катталиги айтилди.

Метан заправкалар ва иссиқхоналар газдан энг кўп ноқонуний фойдаланмоқда — “Ўзенергоинспексия”

Ўзбекистонда 2026-йилнинг ўтган даврида 900 млрд сўмлик газ ва электр токидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда “Ўзенергоинспексия” бошлиғи Аҳаджон Исоқжонов 4-ноябр куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.

Тадбирда айтилишича, 10 ой давомида 144 млн метр куб газ (441,2 млрд сўм) ҳамда 243,1 млн кВт соат электр токи (459,1 млрд сўм) талон-торож қилингани фош этилган.

“Табиий газ ва электр энергияси бўйича давлат манфаатларига етказилган зарар қиймати 900 млрд сўмни ташкил этди. Ҳозиргача шунинг 250 млрд сўмга яқини ундирилди. Қолган қисмини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ундириш чоралари кўрилмоқда”, деди ташкилот раҳбари.

Матбуот анжуманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг катта қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаётгани айтилди. Жумладан, табиий газдан қонунга хилоф равишда фойдаланиш улуши иссиқхоналар ва автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида йирик ҳисобланади. Шу билан бирга, трикотаж фабрикалари ҳам қонунбузарликка нисбатан кўп қўл урмоқда.

Тадбирда йил бошидан бери газдан ўғринча фойдаланган 24 та метан заправкага жазо чоралари кўрилгани таъкидланди.

Инспексия томонидан нефт маҳсулотлари, хусусан бензин ва дизел сифати ҳам доимий назорат қилинаётгани айтиб ўтилди.

“Сифат устидан олиб борилган назорат тадбирларида 330 та ҳолатда 7 минг 823 тонна нефт маҳсулотининг сифацизлиги аниқланиб, уларни сотувга чиқарилишининг олди олинди”, деди Аҳаджон Исоқжонов.

Айтилишича, сифат назорати давомида аниқланган 330 та ҳолатдан 240 таси бензинга оиддир. Текширувларда асосан Аи-92 ва Аи-95 маркали бензин сифациз чиқаётгани билдирилди.

Таҳлилларга қараганда, ўтган даврда 283 та тадбиркорлик субьектига ортиқча ҳисобланган 5,3 млрд сўмлик электр энергияси, 19,8 млрд сўмлик табиий газ қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Ўз навбатида аҳоли орасида ҳам энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кўп учраётгани таъкидланди. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида фуқароларга нисбатан 4 минг 629 та маъмурий жарима қўлланилган.

Аввалроқ Ўзбекистон 2026-йил январ-август ойларида 322,3 млн долларлик газ экспорт қилгани маълум бўлганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.