Месси Ўзбекистонга қарши баҳсда иштирок этадими?

**Месси Ўзбекистонга қарши ўйинда иштирок этиши мумкинми?**
Аргентина терма жамоаси сардори Лионел Мессининг халқаро ўртоқлик учрашувларида майдонга тушиши борасидаги ноаниқликлар туфайли, терма жамоа расмийлари Хитойда ўйинлар ўтказиш бўйича музокараларни қайта бошлади.
ФИФА қоидаларига кўра, сентябр охири ва октябр бошидаги кузги халқаро танаффус даврида терма жамоалар тўрттагача ўртоқлик учрашуви ўтказиш имкониятига эга. Бироқ, 2026-йилги Жаҳон чемпионати финалидан кейинги навбатдаги йиғинга бир ойдан кам вақт қолганига қарамай, Аргентина футбол ассоциацияси (АФА) ҳозирча бирорта ҳам учрашувни расман тасдиқламади.
ЭСПН Аргентина инсайдери Эстебан Эдулнинг хабар беришича, хитойлик промоутерлар Аргентина терма жамоасига Осиёда бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказиш учун катта молиявий таклиф юборган. Аммо ташкилотчилар шартномага Мессининг ушбу ўйинларда иштирок этишини кафолатловчи банд киритилишини талаб қилган. АФА бундай кафолатни бера олмагани сабабли дастлабки келишув амалга ошмаган.
ФИФА қоидаларига кўра, битта халқаро танаффус доирасидаги ўртоқлик учрашувлари бир географик ҳудудда ўтказилиши ва жамоаларнинг учрашувлар оралиғидаги парвози икки соатдан ошмаслиги керак. Шу сабабли ўйинларни Осиё ва Жанубий Америкага бўлиб ўтказиш имконияти мавжуд эмас. Барча учрашувларни Аргентина ҳудудида ташкил этиш варианти ҳам кўриб чиқилган, бироқ АФА раҳбарияти юқори савиядаги рақиблар етишмаслиги сабабли бу таклифни рад этган.
Эдулнинг маълумотларига кўра, АФА Хитой вакиллари билан Хитой ва минтақадаги бошқа терма жамоаларга қарши бир нечта ўртоқлик учрашувларини ўтказиш бўйича музокараларни қайта бошлаган. Мессининг ўйинларда қатнашишини кафолатлаш масаласи эса музокаралардаги асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Бу талаб режалаштирилаётган турненинг молиявий шартларига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Аргентина 2026-йилги Жаҳон чемпионати финалида Испанияга мағлуб бўлганидан сўнг Месси мухлисларга самимий мурожаат йўллади, бироқ “Албиселесте” сафидаги келажаги ҳақида ҳозирча аниқ маълумот бермади. АФА раҳбарияти ҳужумчини 2028-йилги Америка Кубогигача терма жамоада сақлаб қолишга умид қилмоқда. Бироқ Месси яна Аргентина терма жамоаси либосини киядими ёки йўқ — бу қарор ҳозирча фақат “Интер Маями” ҳужумчисининг ўзига маълум.
**Аргентина Хитойда Ўзбекистонга қарши ўйнайдими?**
Бўлажак халқаро танаффус учун рақибларни аниқлаш бутун дунёда жамоалар учун жиддий муаммога айланган. Европа терма жамоалари Миллатлар лигасидаги учрашувлар билан банд бўлгани сабабли, Аргентина учун потенсиал рақиблар доираси сезиларли даражада торайган. Шу сабабли Ўзбекистон терма жамоасига қарши эҳтимолий учрашув варианти пайдо бўлган. Бироқ ҳозирча унинг айрим тафсилотлари расман тасдиқланмаган.
Аввалроқ “оқ бўрилар” 30-сентябр куни Хитойда Аргентина терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. ЎФА ва АФА ҳозирча бу маълумотни расман тасдиқламаган. Шунга қарамай, учрашувнинг Хитойда ўтказилиши Аргентина терма жамоасининг Осиё турнеси бўйича режалари ва белгиланган географик талабларга мос келади.
Маълумот учун, Фабио Каннаваро бошқарувидаги миллий жамоа 24-сентябр куни Фарғонада Эрон, 6-октябр куни сафарда Корея Республикасига қарши баҳс олиб боради.

