Лайфстайл

“Мени машинасига тиқиб, олиб кетиши мумкин эди”: Марям Тиллаева нотаниш эркак ҳужумига учраганини айтди

“Мени машинасига мажбурлаб тиқиб, олиб кетиши мумкин эди”: Марям Тиллаева нотаниш эркакнинг ҳужумига учраганини маълум қилди

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 27 ёшли набираси Марям Тиллаева ҳозирда Арно Косян билан никоҳ тўйига тайёргарлик кўрмоқда. Россиянинг “Ставка на любов” (“Муҳаббат гарови”) реалити-шоусининг иккинчи мавсуми иштирокчиси бўлган Марям, эркаклар билан танишишга қизиқмаслигини, аммо баъзи эркаклар унга шилқимлик қилиши ҳақида ВОИСЕ нашрига сўзлаб берди.

“Яқинда ресторанга кечки овқатга кетаётган эдим, оёғимда баланд пошнали туфли бор эди. Кўчада тансоқчисиз кетаётганимда, бир киши машинасидан тушиб, “Яхши қиз, сиз билан танишмоқчиман”, деди. Мен эса “Сиз билан танишмайман”, деб жавоб бердим. У машинасини орқага ҳайдай бошлади. Мен қанчалик узоқлашсам, у ҳам шунча орқага юраверди. Кейин машинасидан чиқиб, “Яхши қиз, яхши қиз!” дея бошлади. Мен: “Мени тушунмадингиз, шекилли. Танишишни хоҳламайман”, дедим. Шунда у қўлимдан ушлаб олди”, дейди Тиллаева.

Марям нотаниш кишига бақириб, қўлини қўйиб юборишни талаб қилган.

“Жуда қўрқиб кетдим. Ўшанда бутун вужудимни титроқ босди. Ресторанга етиб келдим-у, лекин ўзимга келолмай, анча вақт қалтираб ўтирдим. Кейин нима бўлишини билмасдим-да. Мени машинасига судраб тиқиб, қаергадир олиб кетиши ҳам мумкин эди”, деган инстаблогер.

У довдираб қолганини айтиб, кейинги сафар шундай вазият юз берса, албатта полицияга қўнғироқ қилишини таъкидлаган.

“Мен Америкада катта бўлганман, у ерда аёл кишига айтилган оддий мақтов ҳам шахсий чегараларнинг бузилиши деб ҳисобланиши мумкин. Бу ерда эса бир эркак машинадан югуриб тушди-да, ортимдан қувди”.

Марям шунга ўхшаш яна бир воқеани эслаб ўтган.

“Қўшма Штатларда таксига ўтириб, йигитим билан телефонда уришиб кетаётгандим. Ҳайдовчи мени тинчлантирмоқчи бўлиб, қўлини тиззамга қўйди. Мен бақириб юбордим ва мени йигитимнинг ёнига олиб бориб қўйишини талаб қилдим. Йигитимга бу воқеани айтиб берганимда, ҳайдовчи устидан шикоят қилишни маслаҳат берди. Шундай қилдим ҳам. Қўллаб-қувватлаш хизмати бунга жиддий ёндашиб, бир неча бор узр сўради, саёҳатлар учун кредит тақдим этди ва ҳайдовчини ишдан бўшатди. Ўшанда 18 ёшлар атрофида эдим”, деб таъкидлаган Тиллаева.

Унинг қўшимча қилишича, бу вазият уни аёллар учун шахсий чегаралар ҳақида гапириш қанчалик муҳимлиги тўғрисида ўйлашга мажбур қилган.

“Менимча, эркакларга қандай хатти-ҳаракат ноўрин бўлиши ва аёлни қўрқитиши мумкинлигини яхшироқ тушунишга ёрдам берадиган маърифий дастурлар керак. Қолаверса, қизлар ҳам бу ҳақда очиқ гапиришдан қўрқмаслиги муҳим”, дея хулоса қилган Марям.

Аввалроқ Марям Тиллаева Арно Косян билан тўйини кечиктираётганини маълум қилганди. У бунга ўзаро келишмовчиликлар сабаб бўлганини тушунтирар экан, йигити билан турмуш қуриш фикридан қайтмаганини — шунчаки маросимни ташкиллаштириш учун уларга кўпроқ вақт керак бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, инстаблогер Тошкентдаги тўйларда қўшиқ куйлаётгани акс этган видеолар ҳам тарқалганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.