Менежерлик сертификатини олган касбий таълим ташкилотлари директорлари устамалар билан рағбатлантирилади
Ўзбекистонда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб менежерлик сертификати асосида касбий таълим ташкилотлари директорига лавозим маошининг 50 фоизи ва унинг ўринбосарларига 30 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама бериш жорий этилади.

Ўзбекистонда касбий таълим муассасалари директорлари эндиликда менежерлик сертификатига эга бўлган тақдирда устамалар билан тақдирланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 20-августдаги “Касбий таълим тизими бошқарув ва педагог кадрларини касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 451-сонли қарорида белгиланган.
Президентнинг 2025-йил 23-октабрдаги ПҚ-316-сонли қарорига кўра, умумтаълим фанлари ўқитувчиларининг малакаси Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ва ҳудудий педагогик маҳорат марказларида оширилади.
Махсус фан ўқитувчиларининг малакаси етакчи олий таълим муассасаларида, ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакаси эса ҳудудий илғор касбий маҳорат техникумларида ҳамда тегишли соҳа бўйича малака ошириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга ташкилотларда оширилади.
Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб менежерлик сертификати асосида касбий таълим муассасалари директорига лавозим маошининг 50 фоизи ва унинг ўринбосарларига 30 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама бериш тизими жорий этилади.
Ҳужжат билан Касбий таълим ташкилотлари директорлари ва директор ўринбосарларини менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу низом тегишли тартибларни белгилайди.
Мазкур ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 21-августдан кучга кирган.

