«Мен шу ерда ўлсам керак» – ғорга тиқилиб қолган шифокорнинг қайғули ҳикояси
2009-йилда АҚШда ғалати ўлим содир бўлади. 26 ёшли шифокор Ютадаги ғорга бориб, боши берк йўлакда тиқилиб қолади. Қутқарувчилар ҳарчанд уринмасин, йигитни чиқариб ололмайди

«Мен шу ерда ўлсам керак» – ғорга тиқилиб қолган шифокорнинг қайғули ҳикояси
2009-йилда АҚШда ғалати ўлим юз беради. 26 ёшли шифокор Ютадаги ғорга кириб, боши берк йўлакда тиқилиб қолади. Қутқарувчилар қанча уринмасин, йигитни чиқариб ололмайди. Натижада оёғи тепада, боши пастда қолган шифокор ўша ерда азоб чекиб жон беради.
Дунёда ноодатий ўлимлар кўп содир бўлган. Машҳурлар билан боғлиқ воқеалар кўпчиликнинг ёдида қолган. Масалан, раққоса Айседора Дункан машинада сайрга кетаётганда автомобил ғилдирагига ўралиб қолган шарф сабаб ҳалок бўлади. Миллиардер Санжай Капур ари чақиб ўлади. Австралия бош вазири Гаролд Холт чўмилишга бориб, денгизда ғарқ бўлади.
Бундай мисоллар жуда кўп. Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Жон Жонс ҳам ғалати тарзда ҳаётдан кўз юмган. Афсуски, уни машҳур қилган нарса ҳаётдаги ишлари эмас, балки қандай ўлгани бўлади.
Натти-Патти Ютада жойлашган АҚШдаги машҳур ғорлардан бири бўлиб, уни илк бор 1960-йилда ғоршунос Дейл Грин ўрганади. Олим ичида лойқа кўплиги сабаб ғорни Натти-Патти деб атайди, бу инглизчада ёнғоқли паста дегани.
Ғорга йилига 5 минггача одам боради.
Ундаги асосий хавф сиртларнинг сирпанчиқлиги эди. Одамлар оқими кўпайгани сайин, тинимсиз қадамлар таъсирида қоятошлар янада силлиқлашиб боради.
Ғордаги энг машҳур жой «Биг слиде» (катта сирпанчиқ) деб аталади. Бу жой оёқ ости жуда сирпанчиқлиги учун шундай ном олган. 2006-йилда одамларнинг Натти-Паттига юқори даражада таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқот бошланади. Вазият юзасидан хулосалар чиққач, ғорга келувчилар сонини чеклаш таклиф қилинади. Кўп ўтмай ғор кириш қисмига тўсиқ ўрнатилиб, ташриф буюрувчилар учун вақтинча ёпилади.
Ғорга киришни тартибга солувчи хавфсизлик талаблари ишлаб чиқилгач, 2009-йил 18-майда у қайта очилади. Бироқ ўша йил ноябрида ғор ташриф буюрувчилар учун бутунлай ёпилади. Бунга Жон Жонс исмли йигитнинг ўлими сабаб бўлади.

