“Мен — Жейн Доу”: Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам болаликдаги жинсий зўравонликлар ҳақида аноним хабарлар қолдирилмоқда
Тармоқларда жинсий зўравонликлар ҳақида ҳикоя қилувчи #ИамЖанеДое флешмоби авж олмоқда. Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан ҳам аёллар ва эркаклар болаликда ўзлари дуч келган зўравонликларни очиқламоқда. Муаммога Қирғизистон Жўқорғу Кенгеш депутати ҳамда мамлакат ИИВ эътибор қаратди.

“Мен — Жейн Доу”: Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам болаликдаги жинсий зўравонликлар ҳақида аноним хабарлар қолдирилмоқда
Ижтимоий тармоқларда бошдан кечирилган жинсий зўравонликлар ҳақида ҳикоя қилинаётган “И ам Жане Дое” флешмоби тобора кенгаймоқда. Қозоғистондан кейин бу аксияга қирғизистонлик фойдаланувчилар ҳам қўшилди — аноним тарзда ёзилган хабарлар орасида болалигида зўравонлик қурбони бўлган аёллар ва эркакларнинг ҳикоялари бор.
Бу каби кўплаб хабарларга 7-октабр куни Жўқорғу Кенеш депутати Элвира Сурабалдиева эътибор қаратди, деб ёзмоқда
“Қирғизистондан болалигидаги зўравонлик ҳақида ёзаётган аноним фойдаланувчилар статистикаси одамни даҳшатга солади… Бу фақат Қирғизистон эмас: Қозоғистон, Ўзбекистондан ҳам қизлар болаликдаги зўравонликлар ҳақида ёзишмоқда. У ерда ёзилаётган нарсалар даҳшат. Ёши — тўрт, беш, олти ёш. Биз бу фақат қизлар бошига тушадиган кўргилик деб ўйлаймиз. Аслида эса ўғил болалар ҳам бу ҳақда аноним тарзда ёзишмоқда… Шунинг учун педофилия мавзуси — мана нима сабабдан бунчалик катта шов-шувга сабаб бўлди — ниҳоятда оғриқли мавзу. Кўпчилик буни бошидан ўтказган”, — деди у парламент мажлисида.
Унинг айтишича, яна бир алоҳида муаммо шундаки, содир бўлган воқеадан кейин болалар ҳатто ўз яқинларидан ҳам ҳар доим қўллаб-қувватлов ололмайди.
Сурабалдиеванинг қайд этишича, айрим ота-оналар жамиятнинг қоралашидан ва “уят” тушунчасидан қўрқиб, болаларидан жим туришни талаб қилади.
“Кўплаб ота-оналар: „Уят бўлади“ деб, бу ҳақда гапиришни тақиқлашади. Эркаклар ва аёлларда бу жароҳат умрбод сақланиб қолади”, — деди депутат.
АҚШдаги Корнелл университетининг собиқ талабаси бошидан кечирган воқеа халқаро кампаниянинг бошланишига туртки бўлди. 2026-йилнинг сентабр ойида ҳақиқий исми сир сақланаётган ва ҳужжатларда Жане Дое сифатида қайд этилган аёл университет, талабалар уюшмаси ва етти нафар эркакка қарши фуқаролик даъвоси аризасини киритган.
Унинг таъкидлашича, 2024-йилнинг октабр ойида уни спиртли ичимлик ва гиёҳванд модда истеъмол қилишга мажбурлашган, сўнгра у гуруҳ бўлиб содир этилган жинсий зўравонликка учраган. Айбланувчилар ҳали суд томонидан айбдор деб топилмаган, жиноий тергов эса давом этмоқда.
Янги тўлқиндаги шов-шувлардан сўнг Ню Ёрк штати ҳукумати вазиятга аралашди, Корнелл университети эса олийгоҳ талаба аризасига қай даражада муносабат билдирганини мустақил текшириш учун АҚШ бош прокурорининг собиқ ўринбосари Салли Ейцни жалб қилди.
Аёлнинг шахсини ошкор қилишга бўлган уринишлар фонида ижтимоий тармоқларда #ИамЖанеДое — “Мен — Жейн Доуман” ҳештеги пайдо бўлди. Вақт ўтиши билан у бир аёлни қўллаб-қувватлаш аксиясидан турли давлатлар аҳолиси ўзлари бошидан кечирган жинсий зўравонлик воқеаларини очиқлайдиган кенг кўламли флешмобга айланди.
Марказий Осиёда бу флешмоб, айниқса, Қозоғистон ва Қирғизистонда кенг тарқалди.
Қозоғистонда иштирокчилардан бири саккиз ёшида ўз акаси томонидан зўравонликка учраганини ёзиб қолдирган. Бошқа бир иштирокчи (эркак) эса илк бор беш ёшида катта ёшли қўшниси томонидан зўравонликка дучор бўлгани ва бу ҳақда узоқ йиллар ҳеч кимга айта олмаганини маълум қилган.
Ҳикоялар орасида муаллифлар зўравон сифатида ўз қариндошлари, оилавий танишлари, қўшнилари ва боланинг яқин атрофидаги бошқа одамларни тилга олган ҳолатлар бор. Фойдаланувчилар, шунингдек, болаликда бошидан кечирган бу мудҳиш воқеаларнинг асоратлари туфайли орадан йиллар ўтиб психотерапевтларга мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтмоқда.
Қирғизистонлик иштирокчилар ҳам тўрт-олти ёш оралиғида содир бўлган ҳодисалар ҳақида ёзмоқда. Эътиборлиси, муаллифлар орасида эркаклар ҳам бор бўлиб, бу болаларга нисбатан жинсий зўравонлик гўёки фақат “аёлларга хос” муаммо деган тасаввурга зиддир.
Ушбу аноним иқрорлар тўлқинига Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдирди. Идора зўравонлик қурбони бўлган фуқароларни милицияга мурожаат қилишга чақирди ҳамда барча аризалар белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, кўриб чиқилишини маълум қилди.
“Агар сиз жинсий зўравонликка дуч келган бўлсангиз, илтимос, бу вазиятда ёлғиз қолманг. Сиз милицияга мурожаат қилиб, содир бўлган воқеани айтиб беришингиз мумкин. Сиз ёлғиз эмассиз. Биз сизни тинглашга ва ёрдам беришга тайёрмиз. Мурожаатингиз қонунда белгиланган тартибда қабул қилинади ва кўриб чиқилади”, — дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистонда бундай хабарлар юзасидан ҳозирча ҳеч қандай расмий баёнот берилмаган.
Жейн Доу (Жане Дое) — инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларда (биринчи навбатда, АҚШ, Британия ва Канадада) аёлнинг ҳақиқий исми номаълум бўлганда, сир сақланганда ёки ҳуқуқий сабабларга кўра ошкор қилинмаганда ишлатиладиган шартли ном-эквивалентдир. Бу, ўз навбатида, #МеТоо ҳештегини ёдга солади.
2017-йилда ижтимоий тармоқларда жинсий зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватловчи #МеТоо ҳештеги остидаги кампания кенг тарқалганди (бу ҳештег илк марта 2006-йилдан қўллана бошлаган). Бунга 80 дан ортиқ аёлнинг америкалик продюсер Харви Вайнштейнга нисбатан жинсий зўравонлик айбловларини илгари сургани туртки бўлган. Шундан сўнг аввал АҚШда, кейинчалик бошқа мамлакатларда ҳам миллионлаб одамлар ўзларининг худди шундай зўравонлик қурбони бўлгани ҳақидаги постларида ушбу ҳештег билан чиқа бошлади. Мазкур ишда эса собиқ талабани қўллаб-қувватлаб жойланган пост ва видеолар ТикТок ҳамда бошқа платформаларда ўнлаб миллион марта кўрилиб улгурган.

