Дунё

Мелания Трамп Россия ва Украина вакилларини Оқ уйда учраштирмоқчи

Учрашув 5-ноябр куни ўтказилиши кутилмоқда. Унда Олешкидаги гуманитар операция муҳокама қилинади. Россия ва Украинадан кимлар иштирок этиши ҳозирча номаълум.

Мелания Трамп Россия ва Украина вакилларини Оқ уйда учраштирмоқчи

АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп Оқ уйда Россия ва Украина вакилларини учраштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Оқ уй маълум қилди. Учрашув 5-ноябр куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шу куни Мелания Трамп Херсон вилоятининг Россия назорати остидаги Олешки шаҳрида ўтказилган гуманитар операция юзасидан нутқ сўзлайди.

“Биринчи хоним Мелания Трамп ҳозир уруш ҳолатида бўлган икки давлат — Россия ва Украина вакилларини Оқ уйда шахсан бир жойга тўплайди. Бу воқеа Америка тарихида ўзига хос ҳодиса бўлади”, — дейилади Оқ уй баёнотида.

Учрашувда Москва ва Киев номидан айнан кимлар қатнашиши ҳозирча номаълум.

23-октябр куни Оқ уй Россия ва Украина Олешки аҳолисини хавфсиз эвакуация қилиш учун оташкесимга келишганини эълон қилганди. Келишувга Мелания Трамп иштирокида эришилгани айтилган.

Томонлар 27-октябрдан 1-ноябргача жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, Олешкида қўшма гуманитар операция ўтказди. Шаҳар аҳолиси Россия ёки Украинага эвакуация қилиниш имкониятига эга бўлди.

Операцияни Россия томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Яна Лантратова, Украина томонидан эса омбудсман Дмитрий Лубинец назорат қилган.

Ле Монде маълумотига кўра, Олешкидан тинч аҳолини эвакуация қилиш операциясини аслида Россия ва Украина разведка хизматлари тайёрлаган. Бироқ у жамоатчиликка Мелания Трамп воситачилигида амалга оширилган ташаббус сифатида тақдим этилган.

Олешки шаҳри 2022-йилда Россия назоратига ўтган. 2026-йил кузига келиб шаҳарда гуманитар вазият кескин оғирлашган. Аҳоли озиқ-овқат, электр энергияси ва зарур тиббий ёрдам етишмовчилигига дуч келган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.