Мбаппе, Ҳоланд, Ямал: янги мавсумнинг асосий қаҳрамонлари ким бўлади?

**Мбаппе, Ҳоланд, Ямал: Янги Мавсумнинг Асосий Юлдузлари Ким Бўлади?**
Европанинг энг кучли бешта чемпионатида 2026/27-йилги мавсум старт олиш арафасида. Клублар ҳозирда мавсумолди йиғинлар ва ўртоқлик ўйинлари билан банд. Барча диққат яна трансферлар ойнасига қаратилган бўлиб, жамоалар ўз таркибларидаги бўшлиқларни тўлдиришга интилмоқда.
Ёзги трансфер бозорининг энг йирик келишувлари қаторида Англия терма жамоаси аъзоси Эллиот Андерсоннинг “Ноттингем Форест”дан “Манчестер Сити”га ва Кот-дъИвуар вакили Ян Диоманденинг “Лейпсиг”дан “Реал”га ўтишини қайд этиш мумкин. Шунингдек, Родри “Барселона”га ўтиши ҳақидаги миш-мишлар ҳамон долзарб. Шунга қарамай, бу йилги бозор аввалги йилларга нисбатан анча сокин ўтмоқда.
Шу муносабат билан, “Дарё” нашри хорижий матбуотга таяниб, янги мавсумда ўз жамоалари муваффақиятида ҳал қилувчи рол ўйнайдиган асосий футболчилар рўйхатини тақдим этади.
**Деклан Райс — “Арсенал”**
Ўтган мавсумда Деклан Райс “Арсенал”нинг ҳимоядаги барқарорлиги, тўп назорати ва стандарт вазиятлардаги асосий қуролига айланди. Лондонликлар Англия Премьер Лигасида стандартлардан гол уриш бўйича етакчи бўлишди – жами 24 та гол. Уларнинг саккизтасида Райснинг узатмалари муҳим рол ўйнаган бўлса, учтаси бевосита унинг ассисти билан якунланган.
Фото: Геттй Имагес
“Арсенал” ярим ҳимоясига Бруну Гимараешнинг қўшилиши Райснинг зиммасидаги юкни бироз енгиллаштириши мумкин, бироқ бу унинг жамоа ўйинидаги ўта муҳим аҳамиятини заррача пасайтирмайди.
**Бруну Фернандеш — “Манчестер Юнайтед”**
Португалиялик плеймейкер “қизил иблислар”нинг асосий футболчиси бўлиб қолмоқда. Ўтган 2025/26-йилги мавсумда Фернандеш Англия Премьер Лигаси доирасида 21 та голли узатма амалга ошириб, чемпионатнинг мутлақ рекордини ўрнатди. Шунингдек, Бруну яратилган хавфли имкониятлар ва ҳимоячилар ортига узатилган аниқ тўплар сони бўйича ҳам лигада етакчи бўлди.
Унинг аҳамияти фақат қуруқ статистика билан ўлчанмайди. Фернандеш “Манчестер Юнайтед”нинг деярли барча хавфли ҳужумларини шакллантирувчи марказий фигура ҳам ҳисобланади.
**Коул Палмер — “Челси”**
Коул Палмернинг “Челси” ўйинидаги роли ҳужумдаги ўта юқори самарадорлик билан баҳоланади. У 2024/25-йилги мавсумда АПЛда 29 та голга бевосита иштирок этган (гол+пас). 2025/26-йилги мавсум эса унинг учун бироз пасайиш билан ўтди. Шу сабабли Лондон клуби мухлислари ва раҳбарияти янги мавсумда ундан яна аввалги юқори даражасига қайтишни кутмоқда.
**Эрлинг Ҳоланд — “Манчестер Сити”**
Эрлинг Ҳоланднинг “Сити” учун қанчалик муҳимлигини битта рақам билан тўлиқ тушунтириш мумкин: 2025/26-йилги мавсумда АПЛда урилган 27 та гол. Бу натижа норвегиялик ҳужумчига фаолиятидаги учинчи “Олтин буца”ни тақдим этди.
Фото: Геттй Имагес
“Шаҳарликлар” ҳар ўйинда жуда кўп ҳужумлар ташкил этадиган жамоа бўлгани учун, уларни муваффақиятли якунлашда Ҳоланднинг совуққонлиги катта аҳамият касб этади. Агар у ўз формаси ва самарадорлигини сақлаб қолса, Энсо Мареска жамоасининг чемпионлик имкониятлари доимий равишда юқори бўлиб қолади.
**Доминик Собослаи — “Ливерпул”**
Собослаи мерсисайдликларнинг ҳужумларини ривожлантиришдаги энг муҳим футболчилардан бирига айланган. Ўтган мавсумда венгриялик хавбек 13 та гол, 12 та ассист, 78 та яратилган вазият ва 68 та калит узатма қайд этди.
Унинг универсаллигини ҳам алоҳида эътироф этиш керак (у айрим ўйинларда ўнг қанот ҳимоясида ҳам ишончли ҳаракат қилди). Яримҳимоячининг прессингдаги фаоллиги, ҳужумни бошлаши ва турли позицияларга мослаша олиши “Ливерпул” учун ўта муҳим. Агар у шу темпни сақлаб қолса, шубҳасиз, жамоанинг янги бош мураббийи Андони Ираоланинг энг ишончли вакилига айланади.
**Килиан Мбаппе — “Реал Мадрид”**
Мбаппенинг янги мавсумдаги ҳолати “Реал”нинг чемпионлик пойгасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Франсиялик юлдуз 2025/26-йилги мавсумда Ла Лиганинг 31 ўйинида 25 та гол ва 5 та ассист қайд этиб, кетма-кет иккинчи бор “Пичичи” совринини ўзиники қилди. Барча турнирларда эса 44 ўйинда 42 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди (шулардан 15 таси Чемпионлар Лигасига тўғри келиб, турнир тўпурари бўлди).
Фото: Геттй Имагес
Эндиликда жамоа олдидаги асосий ўзгариш — Мбаппе фақат ўзи гол уриши эмас, балки Жуд Беллингем ва Винисиус Жуниор билан биргаликда даҳшатли триога айланишидир. Бу юлдузларнинг имкониятидан максимал фойдаланиш жамоа устози Жозе Моуринёнинг асосий вазифаси бўлади.
**Ламин Ямал — “Барселона”**
Ламин Ямалнинг “Барселона”даги роли йилдан йилга эмас, ойдан ойга ошиб бормоқда. Эндигина 19 ёшни қаршилаган вундеркинд ўтган мавсум Ла Лиганинг 28 та ўйинида қатнашиб, 16 та гол ва 11 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Унинг яккакурашлардаги ишончли ҳаракатлари, ақлбовар қилмас дриблинги ва вазият яратиш қобилияти рақибларни унга қарши алоҳида тактика қўллашга мажбур қилмоқда.
Фото: Геттй Имагес
**Усмон Дембеле — “ПСЖ”**
Амалдаги “Олтин тўп” соҳиби Усмон Дембеле шубҳасиз “Пари Сен-Жермен”нинг асосий ҳужум қуролидир. Дембеле 2024/25-йилги мавсумда 35 та гол уриб, жами 51 та голли вазиятда бевосита иштирок этганди. Ўтган 2025/26-йилги мавсумда жароҳатлар сабабли бироз камроқ ўйнаган бўлса-да, унинг кўрсаткичлари барибир даҳшатли: Чемпионлар Лигасида 8 та ўйинда 10 та гол, Лига 1 доирасидаги 22 та баҳсда эса 17 та гол. Унинг турли қанотларда бирдек ўйнай олиши парижликлар ҳужумига эркинлик беради.
**Ҳарри Кейн — “Бавария”**
Ҳарри Кейн Мюнхенда ҳақиқий гол машинасига айланган. Англиялик ҳужумчи 2025/26-йилги Бундеслига мавсумининг 31 учрашувида 36 та гол ва 5 та ассист қайд этди.
Фото: Геттй Имагес
Бу билан Кейн нафақат кетма-кет учинчи бор чемпионат тўпурари бўлди, балки Бундеслига тарихида ўзининг дастлабки уч мавсумида тўпурарликни ҳеч кимга бермаган илк футболчига айланди. ЙЧЛда ҳам 14 та гол уришга эришди. Энг муҳими, Кейн шунчаки жарима майдончасида тўп кутиб ўтирадиган типик ҳужумчи эмас. У мудофаа чизиғигача тушиб ҳужумларни бошлашда иштирок этади ва прессингда жамоасига улкан ёрдам беради.

