Маҳаллий

Маъқулланган алифбо ўзгариши ва камбағалликни тугатиш вазифаси - ҳафта дайжести

Алифбодаги тўртта ҳарф ўзгаришини Сенат маъқуллади; ҳукумат лотин ёзувига тўлиқ ўтишга ваъда бермоқда. Камбағалликка қарши курашда сафарбарлик: ҳокимлар ҳаммани иш билан таъминлаш мажбуриятини оляпти. Тошкентдаги уйлар нархи оммавий баҳолаб чиқилди: расмийлар солиқ юки масаласига изоҳ берди. Европалик президент Ўзбекистондаги энергетика лойиҳаларини мақтади; иккинчи АЕСни Хитой қуриши айтилди.

Маъқулланган алифбо ўзгариши ва камбағалликни тугатиш вазифаси - ҳафта дайжести

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни ўзгартириш ҳақидаги қонун Сенатда маъқулланди. Ҳужжат Ғ, Ў, Ш, Ч ҳарфларини “бир товуш – бир ҳарф” тамойилига ўтказишни (Ğ, Ö, Ş, Ç) назарда тутади.

Парламентнинг иккала палатаси ҳам тасдиқлаган бу ўзгаришни қабул қилиш ёки рад этиш энди давлат раҳбарининг ихтиёрида. Агар қабул қилинса, қонун 21-октабр – Ўзбек тили байрами кунигача имзоланиши мумкин.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов алифбодаги тўртта бирикма ўрнига яхлит ҳарфларнинг жорий этилиши ўзбек тилини рақамлаштиришдаги жиддий муаммоларга ечим бўлишини айтди.

“Қисқа қилиб айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши – Ўзбекистоннинг ўз миллий манфаатлари йўлида сиёсий ва маданий жиҳатдан нақадар қатъиятли эканини кўрсатади. Ушбу ислоҳот фақат бугунги кун учун эмас, балки келажак авлодларимизни саводли, рақамлашган ва ўз тили билан фахрланадиган бўлиб улғайиши учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир”, – деди сенатор.

Қонун имзолангач, уни амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастури қабул қилинади. Давлат ташкилотларининг эски ҳарфларни ўз ичига олган рамзий белгилари, герб тасвирлари, кўрсаткичлар, пешлавҳалар ва бошқа нарсалар ё яроқсиз ҳолга келгунча, ёки дастурда белгиланган муддатгача фойдаланилади.

Дарсликлар масаласи Сенатда биринчи бўлиб кўтарилди. Саволга мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев жавоб берди:

“Дарсликларимиз ҳар йили синфлар кесимида янгиланиб боради. Масалан, 1-синфлар учун дарсликлар шундоғам ҳар йили янгиланади. 2-4-синфлар учун дарсликларни янгилаш даврийлиги уч йилни ташкил қилади, демак, ҳар уч йилда 2-4-синфлар учун дарсликлар янгиланиб боради. 5-11-синфлар учун ҳар 5 йилда бир марта дарсликларимиз янгиланади. Демак, қонун кучга кирганидан кейин, 2027-йилдан бошлаб биз 1-синф дарсликларини шундоғам янги алифбода чоп этамиз ва 2031-йилга қадар барча дарсликларимиз тўлиқ янгиланади. Шу нуқтайи назардан қўшимча маблағ талаб этилмайди”.

Йиғилишда ҳали ҳам лотин алифбосига тўлиқ ўтилмагани, натижада тўртта ҳарфнинг ўзгариши билан амалиётда ўзбекча ёзувларнинг уч хил алифбодаги шакли пайдо бўлиши ҳақида ҳам гапирилди. Бу масалани кўтарган сенатор Ҳусан Эрматов: “Лотин алифбосини танладиг-у, лекин унга ўтишга қатъиятимиз етишмади” дея, бор ҳақиқатни тан олди:

“Лотин алифбосига ҳали тўлақонли ўта олмадик. Бунга лотин алифбосини танладиг-у, шунга ўтишга қатъиятимиз етишмагани ҳам сабаб бўлди, деб айтишимиз мумкин. Лекин бугунги кунга келиб, мана шу қонуннинг қабул қилиниши билан, агар бу ерда ҳам бир қатъияцизлик бўладиган бўлса, реал ҳолатда учта алифбо ишлаши мумкин бўлиб қолади. Шу қатъиятни сал жиддийлаштириш нуқтайи назаридан аҳолимизга тушунтириш берсак: аниқ бир муддат белгиланадими? Масалан, оммавий ахборот воситалари ва китоблар қачон ўтади бунга?”

Бунга жавобан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти директори Нодиржон Холбўтаев ҳукумат қўшалифбо амалиётига чек қўйиш арафасида турганини айтди:

“Ҳақиқатан ҳам биз икки алифбо орасида жуда кўп аросатда юрдик. Ҳурматли президентимизнинг ташаббуси, иродаси билан шу икки алифболикка чек қўйиш арафасида турибмиз. Табиийки, савол туғилади: уч алифболик масаласи чиқмайдими? Шунинг учун мана шу қонун кучга кирганидан кейин бу масалани қатъий кун тартибига қўймоқчимиз. Хусусан, қонун кучга кирганидан кейин барча ОАВ ягона стандартга айланган, тасдиқланган, такомиллаштирилган алифбода иш юритишини қатъий қилиб қўйишни режалаштиряпмиз.

Албатта, фуқаролар ўзларининг эркин ёзишмаларида ўзлари ўрганган алифболардан фойдаланиши мумкин, лекин расмий иш юритиш, расмий ОАВда тўлиқ ўтишни кун тартибига қўямиз”.

Қонун Сенатда бир овоздан маъқулланди – қаршилар ҳам, бетарафлар ҳам бўлмади. Энди ҳужжатни президент ҳам имзоласа, у расман эълон қилинганидан кейин 6 ой ўтиб кучга киради.

Ижтимоий реестрдаги фуқароларни реестрдан мажбуран чиқариш ҳолатлари яна кузатилмоқда. Бундан ташқари, айрим ҳудудларда ходимлар иш вақтидан ташқари ишлашга, ҳатто дам олиш кунларида ҳам турли топшириқларни бажаришга мажбурланаётгани айтиляпти.

Меҳнат инспексияси мажбурий меҳнат тақиқланганини эслатди; шунингдек, ватандошни ижтимоий реестрдан асоссиз чиқариб юбориш уни кафолатланган ижтимоий ҳимоядан маҳрум қилишини билдирди.

“Ҳеч қандай топшириқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ёки фуқаронинг ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди. Мурожаатлар ўрганилиб, ҳолатлар тасдиқланган тақдирда, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади”, – дейилади Бандлик вазирлиги баёнотида.

Шу баёнот янграган куни Маҳаллалар уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев лавозимидан олингани маълум бўлди. Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – Маҳаллалар уюшмаси раиси лавозими жорий этилиб, унга Ғофуржон Мирзаев тайинланди. Мирзаев шу пайтгача эгаллаб келган президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими эса тугатилди. Мирзаевнинг Администрациядаги ўринбосари, собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов энди Маҳаллалар уюшмасида унга ўринбосар сифатида фаолиятини давом эттиради.

Мазкур кадр ўзгаришлари камбағалликни қисқартириш бўйича янги, кучайтирилган чоралар фонида рўй бермоқда. Ўтган ҳафта эълон қилинган янги тизимга асосан, “маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар, ҳокимлар ва банклар кучайтирилган иш режимига ўтган. Уларнинг ишини Ғофуржон Мирзаев мувофиқлаштириб боради. Шунингдек, камбағаллик ва бандлик масалалари бўйича маҳаллий штаблар ташкил этилиб, оилавий тадбиркорлик ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати штаб бошлиқлари бўлмиш ҳокимларга ўтказилди. Бу тизимнинг амалдаги ифодасини биринчилардан бўлиб Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов кўрсатиб берди:

“Ҳурматли президентимиз айтди: "Тадбиркорлик қиламан деётганларга [кредитни] хоҳласа нақд кўринишда қилиб беринглар, хоҳласа пластигига солиб беринглар, хоҳласа “перечисление” қилиб беринглар" деб. Бундан буёғига тадбиркор бўламан деганга кредит берилишига, бизнесининг юришига, лойиҳасининг натижасига ҳокимлар жавоб беради, деган вазифани юклатган эди. Бугун, мана, Андижонда биринчи қалдирғоч Зулхумор қизимизга 50 млн сўм кредитни нақд пулда қилиб беряпмиз”.

Чоршанба куни президент ҳузуридаги йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича қўшимча чоралар эълон қилинди. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг 1-қаватида сартарошхона, гўзаллик салони, кичик дўкон, ателье каби савдо-сервис фаолиятини ташкил этиш учун хонадонни нотурар жой тоифасига ўтказиш шарт бўлмайди. Шавкат Мирзиёев шу ва бошқа вазифаларни белгилаб бераркан, аҳоли даромадини оширишга масъулларнинг фаолиятига йил охирида баҳо берилишини айтди.

“Яна бир марта огоҳлантирмоқчиман: қайси раҳбар маҳаллага тушмаса, ҳақиқий ҳолатни ўз кўзи билан кўрмаса, “еттилик”ка ўзи бош бўлиб, ким нима билан шуғулланишини кўрсатиб бермаса, иш юрмайди. Ҳозирги сиёсатни тушунмайдиган раҳбарлар ишдан албатта кетади”, – деди давлат раҳбари.

Йиғилишда ҳукумат аъзолари ва ҳокимлар ўтган ҳафтадан бошланган янги тизим доирасида нималар қилаётгани ҳақида ҳисобот берди. Масалан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 6 кун ичида 18 269 та оилада 14 382 та муаммо аниқланганини айтди:

“Биз топшириқ берган кунингизоқ кечаси билан ўтириб штабларни туздик. Ҳар битта шаҳар-туманда 8 тадан ищи гуруҳ қилдим, ҳурматли президент. [...] Мен сизга ваъда берганман, 20 кунда қўлимда 100 фоиз картина бўлади: Андижонда ким ишсиз, нима хоҳлаяпти, кимни ўқитишим керак, кимга кредит беришим керак, кимга ер беришим керак. [...] Албатта, сиз айтгандек, камроқ ухлаймиз, кўпроқ юрамиз. Худо хоҳласа, юзимиз ёруғ бўлади деб сизни ишонтираман, ҳурматли президент”.

Наманган, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари ўз ҳудудини йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришга яна бир бор ваъда беришди.

“Камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича имкониятимиз бор – буни бажаришни таъминлаймиз. Туман ҳокимларимнинг ҳаммасини ўзингиз ёшларни қўйиб бергансиз, ҳаммасини ишлатаман, ҳурматли президент. Масала бўлмайди, ҳаммаси ишлайди”, – деди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов.

“Ҳар бир маҳаллани аудитдан ўтказяпмиз. Топшириққа кўра, ҳар бири билан ишлаб, манзилли ишни ташкил қилдик. [...] Қашқадарё вилояти бўйича ресурсимиз жуда катта, агар биз ишларимизни тизимли йўлга қўйсак, муҳтарам президент, олдинам ваъда берувдик, Қашқадарёни камбағалликдан ва ишсизликдан холи ҳудуд қилишга имкониятимиз ҳам, шароитимиз ҳам етади, ҳурматли президент”, – деди Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов.

“Бухоро вилоятида камбағаллик ва ишсизликни давлат қарамоғидан ташқари бўлган аҳоли қисми бўйича тўлиқ тугатиш бўйича зиммамизга мажбурият олганмиз. Жорий йил якуни бўйича белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилади”, – деди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов.

Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида ўтказилган кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Мулкдорлар баҳолаш натижаси билан МйГов порталидаги тегишли хизмат орқали танишиши ва рози ёки норози эканини билдириши мумкин.

Баҳолаш методикасига асосан, мулкдорларга ҳавола қилинган қийматлар бозор баҳосидан 30 фоизгача пастлиги айтиляпти. Мулкдор уйининг давлат томонидан баҳоланган қийматини маъқулласа, “розиман” тугмасини босади. Агар баҳоланган қийматни нотўғри деб ҳисобласа ёки баҳолаш ҳисоботида техник хатоларни кўрса, эътироз билдириши мумкин.

Расмийларга кўра, мулкдорнинг баҳолаш натижасига рози ёки норози эканини билдириши ҳозирча ҳеч қандай юридик оқибатга эга эмас. Кўрсатилган қиймат юридик кучга киргандан кейин ҳам, мулкдор унга эътироз билдириш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Маълумки, мол-мулк солиғи мулкнинг кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади. Оммавий баҳолашда ҳисобланган қийматлар эса кадастр қийматларидан каррасига юқори. Шу сабабли одамларда мулк солиғи кескин ошиши эҳтимоли бўйича хавотирлар пайдо бўлди. Расмийлар ҳозирча буни рад этяпти.

Фискал таҳлиллар институти директори ўринбосари Дилшод Султоновнинг айтишича, оммавий баҳолаш натижасида кўчмас мулкнинг қиймати ошгани солиқ юкининг автоматик равишда шунча миқдорда ошишини англатмайди. Унинг сўзларига кўра, солиқ юкини оширмаслик бўйича топшириқ берилган. Шу сабабли ҳозир асосий вазифа янги қийматлар базасини шакллантириш, методикани синовдан ўтказиш ва кейинчалик солиқ ставкаларини белгилаш масаласини кўриб чиқишдан иборат.

Агар пойтахтда тажриба тариқасида ўтказилган бу оммавий баҳолаш натижалари ва унда қўлланган методика тўғри деб топилса, кейинчалик бу тизим вилоят марказларида ҳам жорий этилади.

Ўзбекистон Европадаги яна бир мамлакат билан муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга давлат ташрифида икки давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация имзолади. Президент Александр Вучич ўзбекистонлик ҳамкасбини олий давлат мукофоти – Катта занжирли Сербия Республикаси ордени билан тақдирлади; Белград шаҳри кўчаларидан бирига Тошкент номи берилгани ҳам ўзаро дўстликнинг яна бир ифодаси бўлди. Белградда Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси очилиши, Тошкентда эса Сербия элчихонаси фаолият бошлаши, икки давлат пойтахтларини тўғридан тўғри авиақатнов билан боғлаш кўзда тутилган.

Президентлар ҳузурида 20 та ҳужжат имзоланди: эркин савдо тўғрисидаги битим устида музокара бошлаш, меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, юк ташувларини соддалаштириш ва Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлаш каби келишувлар шулар жумласидан. Шавкат Мирзиёев Сербия компанияларига Ўзбекистонда саноат ва қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди. Ўз навбатида, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Сербия темирйўлларини модернизация қилиш доирасида 200 км масофада темирйўл линиясини қуриши устида музокара олиб бориляпти.

Александр Вучичнинг айтишича, ҳамкорликнинг яна бир йўналиши мудофаа соҳаси бўлиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Сербия тахминан бир йилдан кейин узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлайди. “Биз ўзбекистонлик дўстларимиз билан бу йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деди Сербия президенти. Қайд этиш керак, Сербиянинг қурол-яроғ ва ҳарбий техника экспорти 2020-йилдаги 384 млн доллардан 2023-йилда 1,6 млрд долларга етган.

Вучич Ўзбекистон–Сербия бизнес-форумидаги нутқида Шавкат Мирзиёев билан тет-а-тет форматдаги суҳбатидан яна бир детални очиқлади: маълум бўлишича, Ўзбекистондаги иккинчи АЕС Хитой билан ҳамкорликда қурилиши режа қилинган.

“Бугун эрталаб тет-а-тет мулоқотимизда президент Мирзиёевдан сўрадим ва у менга шундай деди: “Битта атом стансиясини руслар билан, иккинчи стансияни хитойликлар билан қуряпмиз, лекин менга бу етарли эмас. Буни тугатмасимдан яна қуришни бошлайман, ишлашда давом этаман”, – дея ўзбекистонлик ҳамкасбидан иқтибос келтирди Сербия президенти.

Александр Вучичга кўра, Ўзбекистон келажакда электр энергиясига талаб ошиб боришини олдиндан кўра билиб, энергетика қувватларини ошириб боряпти. Шавкат Мирзиёев келажакда дата-марказлар, сунъий интеллект, инновациялар ва электромобиллар учун анча кўп электр энергияси керак бўлишини ҳисобга оляпти, деди Вучич.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда иккинчи АЕСни ҳам қуриш бўйича “катта тайёргарлик” кетаётгани ўтган ойда эълон қилинган, лекин маҳаллий расмийлар ҳамкор-давлат номини ҳали очиқламаган эди.

Янги тезюрар поезд Тошкентдан Андижонгача масофа вақтини сезиларли қисқартирди. 10-сентабрдан эътиборан Тошкент–Андижон–Тошкент йўналишида Хитойдан келтирилган СРРС-Далиян электропоезди қатнай бошлади: бу билан орадаги масофа 6-7 соатдан 4 соат-у 15 дақиқагача қисқарди. Худди шу русумдаги поезднинг иккинчиси 9-сентабрдан бошлаб Хива–Бухоро–Хива йўналишида қатнай бошлади. Бундан ташқари, 7-сентабрдан Паркент–Тошкент–Паркент йўналишида Россиядан харид қилинган янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди.

Хусусийлаштириш бўйича янги дастур тасдиқланди. Президент фармонига кўра, йил охиригача умумий қиймати 100 трлн сўмга яқин активлар сотувга чиқарилиши, шундан камида 14 трлн сўмлик тушум таъминланиши керак. Дастур 84 та корхона, 1200 дан ортиқ кўчмас мулк ва 8 минг гектарлик ер участкаларини қамраб олади. Бошланғич тўлов ҳажми 30 фоиздан 15 фоизга туширилди; йирик активларни чегирмали нархда ва бўлиб тўлаш бўйича янги имкониятлар белгиланди. Эътиборлиси, сотувлар рўйхатида аввалроқ сотиб бўлинган Ҳумо Аир ҳам бор – маълум бўлишича, бу авиакомпанияни хусусийлаштириш бўйича 2022-йилдаги битим бекор қилинган.

Йўл-патрул ва пост-патрул хизматлари бир-бири билан ваколатларини бўлишяпти. Президент қарори билан, ички ишлар органлари тузилмаларида “ҳар хил вазифалар – ягона ваколат” тамойили ўрнатиляпти. Бунда, масалан, йўлдаги тирбандликни бартараф этиш ёки айрим турдаги йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун чора кўриш билан ППХ ходимлари ҳам шуғулланиши мумкин. ЙПХ ходимлари эса, аксинча, маҳалла осойишталигини таъминлашда иштирок этади; белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган ёки жамоат жойида алкогол ичган шахсларга маъмурий жазо қўллай олади. Шунингдек, оммавий тадбирларда жамоат тартибини бузган шахсларнинг келгуси оммавий тадбирларга киришини вақтинча чеклаш ҳам кўзда тутилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.