Махфий хизматнинг ББСъга қарши кураши: МИ5 ирқчи ва зўравон жосусини ҳимоялаш учун нималар қилганди?

Махфий хизматнинг ББСъга қарши кураши: МИ5 ирқчи ва зўравон жосусини ҳимоя қилиш учун нималар қилган?
2022-йилда Буюк Британия жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлган воқеа юз берганди. Ўшанда ҳужжатларда исми “Бетҳ” деб кўрсатилган аёл унинг ишқий шериги зўравонлик қилганини, ҳатто уни мачете қиличи билан урганини айтиб чиқди. Аммо бу оддий икки инсон ўртасидаги можаро эмасди. Чунки эркак ўзини Буюк Британия ички хавфсизлик хизмати — МИ5 ходими сифатида таништирган, бундан ташқари, қонундан устун эканини даъво қилган.
Шундан кейин ББС журналисти Даниел де Симоне бу масалани ўрганишга киришади. Бундан хабар топган МИ5 ўз ходимининг фош бўлишидан хавотирланиб, жараёнга тўсқинлик қилишга уринади. “Агент Х” номи билан танилган эркак ўнг қанот экстремистлари ва нео-нацистлар орасида информатор бўлиб ишларди. МИ5 аввалига бош прокурор орқали судга мурожаат қилиб, бу мавзунинг матбуотда ёритилишини тақиқловчи махсус буйруқ чиқаришга эришади. Шу тариқа агентнинг шахси сир сақланади.
Бироқ бу тақиқ журналистик суриштирувни тўхтатиб қўймайди. Шу сабаб ББС материал устидаги ишни давом эттиради. Телеканал шу билан бирга судга ҳам мурожаат қилиб, материални ёритиш учун рухсат олишга уринади. Жараён давомида МИ5 “на тасдиқлаш, на инкор этиш” (НСНД) сиёсатини қалқон сифатида ишлатади. Яъни ташкилот айбланувчи ўз агенти экани ҳақидаги саволларга расман жавоб бермайди. Аммо ББС журналистлари суриштирув давомида видео ва овоз ёзувлари каби рад этиб бўлмайдиган далилларни қўлга киритади.
Орадан бироз вақт ўтгач, ташкилотнинг суддаги позициясини заифлаштирган ҳолат юз беради. МИ5 вакиллари маҳкама давомида НСНД сиёсатига таяниб, айбланувчининг шахси ошкор этилмаслигини айтиб келганди. Бироқ кейинроқ судга берилган бу кўрсатма ёлғон экани маълум бўлади. Гап шундаки, ташкилот ходими ББС журналисти билан суҳбатда “Агент Х” ҳақиқатан ҳам хавфсизлик хизмати билан ишлашини тан олганди. Улар ўртасидаги телефон суҳбатининг аудиоёзувлари эълон қилингач, судни икки хил маълумот билан чалғитгани учун МИ5 кескин танқид остида қолади. Ташкилот устидан текширув бошлангач, воқеалар янада жиддий тус олади.
2022-йилда ББС материални эълон қилади. Аммо суднинг вақтинчалик тақиқи сабаб агентнинг шахси ошкор этилмайди. Кейинчалик тақиқ доимий шаклга келтирилади, бироқ томонларда судга қайта мурожаат қилиш имконияти сақланиб қолади.
Ўша йилнинг ўзида яна бир муҳим текширув ўтказилади. Ишга Тергов ваколатлари комиссари идораси (ИПСО) ҳам аралашади. Бу Буюк Британияда махфий хизматлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа давлат органларининг яширин кузатув ҳамда тергов усулларидан фойдаланишини назорат қилувчи мустақил муассасадир.
ИПСО ўша йили “Агент Х” иши бўйича МИ5 устидан текширув бошлайди. Ўрганишлар давомида бир қатор жиддий муаммолар аниқланади. Жумладан, ташкилот “Агент Х”ни бошқариш, унинг ва яқинларининг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, тегишли ҳужжатларни юритишда қатор камчиликларга йўл қўйганди. Идора, бундан ташқари, МИ5 агентнинг махфий хизматлар билан ишлашини ББСъга ўзи маълум қилгани ҳақида хулосага келган. Аммо кўп ўтмай бу хулоса ҳисоботдан олиб ташланган.
Кейинчалик вазият бутунлай ўзгаради. МИ5нинг ўша пайтдаги позицияси нотўғри бўлгани расман тан олинади — раҳбарият узр сўрайди. Бироқ муаммо фақат битта ходим билан боғлиқ эмаслиги маълум бўлади. Текширувлар вазият анча мураккаб бўлганини кўрсатади. Агент нафақат зўравон, балки ашаддий нео-нацист ва ирқчи бўлиб чиқади. Шунга қарамай, МИ5 уни ҳимоя қилишга астойдил уринган.
“Бетҳ” тўхтамоқчи эмасди
МИ5 ишни ёпишга уринганига, тергов ва суд жараёнлари чўзилиб кетганига қарамай, “Бетҳ” таслим бўлмайди. У ҳуқуқий курашни давом эттиради. 2024-йилда иш махсус хизматлар фаолияти устидан шикоятларни кўриб чиқадиган махсус трибуналга етиб боради. Орадан бир йил ўтиб эса Англия Олий суди иш бўйича муҳим қарор чиқаради.
Маҳкама икки ишда МИ5 томонидан ёлғон маълумот берилганини аниқлайди ва “Агент Х” бўйича янада чуқурроқ мустақил текширув ўтказишни буюради. Суд буни ИПСО доирасида амалга оширишни тавсия қилади. Бу қарор воқеалар ривожини янги босқичга олиб чиқади. Чунки энди гап фақат зўравонликда айбланган жосус ҳақида эмас, балки МИ5 судларни қандай алдагани ҳақида кетаётган эди.
Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Кир Стармер ҳам масалага аралашади. У 2025-йил 16-сентябр куни судлар талабидан келиб чиқиб, мустақил назорат органи орқали чуқурлаштирилган текширув бошлаш ҳақида расмий директива имзолайди.
Текширувни Сер Жоҳн Голдринг бошқаради. У ИПСО раҳбарияти таркибидаги юқори мартабали судя эди. Текширувнинг асосий вазифаси махфий хизмат қандай қилиб Олий суд ва Тергов ваколатлари комиссари идорасига нотўғри маълумот бергани ва бунга нима сабаб бўлганини аниқлашдан иборат эди. Жараён бир неча ой давом этади.
Бу вақт ичида МИ5нинг ички ҳужжатлари, ходимлар кўрсатмалари, аввалги суд материаллари ва “Агент Х” билан боғлиқ ёзувлар қайта кўриб чиқилади. Натижада текширувчилар олдида воқеаларнинг анча тўлиқ манзараси шаклланади. 2026-йил июлида эса якуний ҳисобот эълон қилинади.
Ҳисоботда МИ5 фаолиятида “жиддий ва тизимли камчиликлар” бўлгани қайд этилади. Жумладан, ташкилот махфий агентнинг мақоми бўйича НСНД сиёсатидан чекингани учун тегишли рухсат олинмаганди. Аслида бундай маълумотни ошкор қилишдан олдин керакли тасдиқ бўлиши керак эди.
Бундан ташқари, журналист билан гаплашиб, агентнинг МИ5 билан алоқаларини тасдиқлаган ходим ўз ҳаракатларининг оқибатларини тушунган. Аммо бу ҳақда тегишли тартибда хабар беришни лозим топмаган. Ташкилотнинг бошқа ходимлари эса НСНД сиёсатига риоя этилмаганини билган ёки бундан хабардор бўлиши керак эди. Шунга қарамай, нотўғри версия ташкилот ичида шаклланиб, кейинчалик суд жараёнларига ҳам кириб борган.
Энг катта муаммо — ёлғон маълумотнинг судларгача етиб боргани
Голдринг ҳисоботининг энг жиддий жиҳати шундаки, нотўғри маълумот фақат МИ5 ичида қолиб кетмаган. У суд мажлисларида ишлатилган. Аввал Олий суд кўрган ишда, кейин бошқа маҳкамаларда ҳам айни нотўғри тушунча асосида маълумот берилган. ИПСО ҳисоботига кўра, МИ5 ичида ҳақиқатни аниқлаш ва нотўғри маълумотни тузатиш учун бир неча имконият бўлган. Аммо бу имкониятлардан фойдаланилмаган.
ИПСО текширувчилари МИ5 ходимлари судларга тўлиқ ва рост маълумот бериш мажбуриятини бажармаганини ҳам қайд этган. Ташкилот юристлари айрим ходимларга маҳкама олдидаги мажбуриятларини етарлича тушунтирмаган.
МИ5 ниҳоят ҳисоботни тўлиқ тан олди
2026-йил июлида эълон қилинган ҳисоботдан кейин МИ5 ўз ходимлари йўл қўйган жиддий камчиликларни тан олди. Шундан сўнг ташкилот ички ислоҳотлар дастурини бошлади.
ИПСО раҳбари Сир Бриан Левесоннинг фикрича, суд ва назорат қилувчи органларнинг чалғитилгани бу ишдаги энг хавотирли жиҳатлардан биридир. У буни махсус хизматлар устидан назорат айнан давлат органлари ва судларга бериладиган тўғри маълумотларга таяниши, агар маълумот нотўғри бўлса, назорат тизимининг ўзи ҳам издан чиқиши мумкинлиги билан изоҳлаган.
Аммо бу МИ5 раҳбарияти узр сўраши билан ёпилиб кетадиган масала эмасди. 2026-йил сентябрида иш яна маҳкамага қайтди. 18-сентябр куни Олий судда “Агент Х” иши бўйича янги эшитув бўлиб ўтди. Бу сафар МИ5 вакили ташкилот Голдринг ҳисоботида келтирилган хулосаларни “ҳеч қандай изоҳсиз тўлиқ тан олишини” билдирди.
Яъни МИ5 энди аввалги позициясини ҳимоя қилишга уринмади. Ташкилот ҳисоботда кўрсатилган жиддий муаммоларни тан олди. Айрим юқори лавозимли ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. “Офицер 2” ҳамда “Офицер 3” шулар жумласидан.
Улардан биринчиси ББС журналистига агентнинг МИ5 билан алоқалари ҳақида маълумот берган ходим ҳисобланади. Голдринг жамоаси текширувлар давомида унинг воқеалар ҳақида бир неча бор нотўғри маълумот берганини аниқлаган. Иккинчи ходим эса ҳамкасбларини чалғитган ва ўзига маълум бўлган маълумотларни тўлиқ етказмаган. “Офицер 2” истеъфога чиққан, шериги эса лавозимидан четлаштирилган бўлиб, унга нисбатан интизомий жараён бошланган.
МИ5 ва маҳкама: ташкилот судга нисбатан ҳурмацизлик қилдими?
Олий суд юритувидаги ишда энди на агентга нисбатан зўравонлик айблови, на МИ5 берган маълумотларнинг қанчалик ҳаққонийлиги кўриб чиқилмоқда. Маҳкама ташкилотнинг айрим ходимларини судга нисбатан ҳурмацизлик моддаси бўйича жавобгарликка тортиш масаласини ўрганмоқда. Бу жуда жиддий ҳуқуқий масала ҳисобланади.
“Бетҳ” ва ББС суд жараёнларини давом эттиришни сўрамоқда. МИ5 эса янги иш бошлашга ҳожат йўқлигини таъкидламоқда. Ташкилотнинг позициясига кўра, Голдринг ўтказган текширув, расман сўралган узр, аёлга тўланган компенсация ва тизимда бошланган ислоҳотларнинг ўзи етарли.

