Маҳаллий

Маст ҳайдовчи пора бераётганда қўлга олинди

Ҳайдовчи I.Yu. содир этган ҳуқуқбузарлигидан хулоса чиқариш ўрнида ундан қутилиш йўлини қидирган.

Маст ҳолатда машина бошқарган ҳайдовчи йўл-патрул хизмати ходимига 10 миллион сўм пора таклиф қилганида қўлга олинди.

Бухоро шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида ҳаракатланаётган "Чевролет Собалт" русумли автомобил ЙПХ инспекторининг диққатини тортди. Автомобил тўхтатилиб, текширилганда ҳайдовчининг маст ҳолатда эканлиги аниқланди. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (Транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш) 1-қисми бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобил жарима майдончасига жойлаштирилди.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати масъул ходими Муроджон Раҳматуллаевнинг "Xabar.uz"га маълум қилишича, ҳайдовчи I.Yu. содир этган ҳуқуқбузарлигидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига, вазиятдан қутулиш йўлини излаган. У ЙПХ ходимига ўзига нисбатан қонуний чора кўрмаслик ва автомобилини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 10 миллион сўм пора таклиф қилган.

ЙПХ ходими I.Yu.ни бир неча бор огоҳлантирганига қарамай, фуқаро ўз ишини "ёпиб" бериш таклифидан воз кечмаган.

Шундан сўнг, ЙПХ ходими ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда мурожаат қилишга мажбур бўлган. Мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида фуқаро жарима майдончаси ҳудудида ходимга келишилган пулнинг 9 миллион 950 минг сўмини пора сифатида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.