Дунё

Машраб зиёратгоҳи ва Навоий қурдирган ҳовуз: Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги обидаларни ўрганди

Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги Бобо Раҳим Машраб зиёратгоҳи, Алишер Навоий қурдирган Бобо Вали ҳовузи ва бошқа тарихий обидаларнинг бугунги ҳолатини ўрганди. Афғон томони билан ушбу ёдгорликларни сақлаш ва қайта тиклаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Машраб зиёратгоҳи ва Навоий қурдирган ҳовуз: Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги обидаларни ўрганди

«Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Азизжон Арипжонов раҳбарлигидаги делегация Афғонистоннинг Балх, Тахор, Сари-Пул ва Фарёб вилоятларида бўлди.

Сафар давомида вакиллар буюк ўзбек алломалари ва мутафаккирлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар, мақбаралар ҳамда тарихий-маданий ёдгорликларни кўздан кечириб, уларнинг ҳолати юзасидан маълумот тўплади.

Хусусан, делегация Мазори Шарифдаги Равзаи муборак мақбараси, Тахор вилоятининг Ишкамиш уездидаги Бобо Раҳим Машраб зиёратгоҳи, Сари-Пул шаҳридаги тарихий ғишт кўприк, Хишт пул ва Эидгоҳ масжидлари билан танишди.

Шунингдек, Имомзода Яҳё мақбараси, Фарёб вилоятининг Андхой уездидаги Бобо Вали Жон мадраса мажмуаси, Алишер Навоий хайрия йўли билан қурдирган Бобо Вали ҳовузи ҳамда Мирсаид Барака меъморий обидаси ҳам ўрганилди.

Афғонистоннинг маданият соҳаси вакиллари билан учрашувларда Ўзбекистонда тарихий обидаларни қайта тиклаш борасида катта тажриба ва малакали мутахассислар мавжудлиги таъкидланди. Ёдгорликларни келажак авлодларга асл ҳолида етказишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотларда ўзбек ва афғон халқларини асрлар давомида тарихий, маданий ва диний ришталар боғлаб келгани, Афғонистондаги бой маданий меросни шакллантиришда ўзбек халқининг ҳам ҳиссаси борлиги қайд этилди.

Тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш асосида тарихий обидаларни асраш ва қайта тиклаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш режалаштирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.