Машҳур “Такси” филмидаги Петра — актриса Эмма Виклунднинг тақдири қандай кечди?

Машҳур “Такси” филмидаги Петра — актриса Эмма Виклунднинг ҳаёти қандай кечди?
Эмма Виклунд 1968-йилда Стокголмда дунёга келган. Унинг отаси швед, онаси эса африкалик бўлиб, улар қиз ҳали кичкина пайтидаёқ ажрашиб кетган. Оила парчаланганидан кейин Эмма аста-секин атрофдагилардан ўзини четга ола бошлаган.
Бир неча йил ўтгач, актриса кутилмаган синовга дуч келди — у онкологик касалликка чалинди. Унга қон саратони ташхиси қўйилди. Онаси доимо Эммани қўллаб-қувватлашга уриниб, бу оғир йўлни у билан бирга босиб ўтди. Касаллик қайтгач, қиздаги депрессия ҳам йўқолди. Шундан кейин Эмма ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини қадрлаш кераклигини англаб етди — дўстлар орттирди, очиқкўнгил, қувноқ ва хущақчақ қизга айланди.
Йиллар давомида Эммани балерина бўлиш орзуси тарк этмади, бироқ унинг жуда баланд бўйи бунга халал берди. Қиз тушкунликка тушмай, ўз истеъдодини юзага чиқариш учун бор кучини сарфлади. Кутилмаганда у камера қаршисида ҳам маҳоратга эга эканини англаб етди. Айнан шу қобилият актрисанинг тақдирини белгилади — у 16 ёшида машҳур моделга айланди. Ўзига хос гўзаллиги туфайли у “Гавайи гўзали” танловида бемалол ғолиб чиқди. Бундай ютуқ Швеция тарихида биринчи эди.
Танловдан кейин Эмманинг шуҳрати тобора ошиб борди. У Вогуе, Элле ва Сосмополитан каби нуфузли журналлар учун суратга тушди. Ҳатто моделлик агентлари Эмма билан ишлаш учун навбатда туришга мажбур бўлишди. Шунингдек, машҳур франсуз модельери ва дизайнери Кристиан Лакруа унга ўз мода уйида иш таклиф қилиб, машҳурлигининг янада ортишига ҳисса қўшди.
Актрисаликдаги илк тажриба 1992-йилда Жорж Майклнинг “Жуда қизиқ” видеофилмида юз берди. Ўша пайтда Эмма бошқа моделлар билан бирга рол ижро этган. Айнан шу йилдан бошлаб у филмларда суратга туша бошлади ва буни муваффақиятли уддалади. 1994-йилда у Марчелло Мастроянни, Софи Лорен, Жулия Роберц, Ким Бейсингер каби машҳур актёрларнинг ижодий ишига гувоҳ бўлди — улар моделлаштириш бизнеси ҳақидаги филм устида ишлаётган эди, унда Эмма ҳам суратга тушди.
1998-йилга келиб, Эмманинг “Такси” комедиясидаги асосий роллардан бирига таклиф этилиши уни машҳурлик чўққисига олиб чиқди. Актриса филмда полиция ходими образини гавдалантирди. Картина шу қадар муваффақият қозондики, у “Сезар” мукофотига сазовор бўлди ва 210 миллион доллар даромад келтирди.
Филм илиқ кутиб олингач, унинг 5 та қисми намойиш этилди, Эмма эса тўртинчи қисмгача рол ўйнади. Шу билан бирга, актриса бошқа филмларда ҳам суратга тушишда давом этди. Бундан ташқари, Эмманинг Швеция томошабинлари орасида жуда машҳур бўлган телевизион дастури ҳам бор.
Эмма Собер таниқли кино юлдузи бўлиш билан бирга, меҳрибон онадир ҳам. Унинг икки фарзанди бор: ўғли Элис ва қизи Тайра. Фарзандларининг отаси Ганс Виклунд билан муносабатлари муваффақиятли кечмаган — улар 13 йил бирга яшаб, ажрашишга қарор қилган. Бироқ улар муносабатларини яхши даражада сақлаб қолган. Ҳозирда Эмма муваффақиятли тадбиркор бўлиб, Линдех компанияси директори ҳисобланади. Бундан ташқари, актриса тери парвариши косметикасини ишлаб чиқаришга мўлжалланган Эмма С савдо белгисининг эгаси ҳамдир.
Эмма ҳаётда фаол бўлишга интилади, мунтазам спорт билан шуғулланади. Эстетик завқ олиш учун театрларга боради, саёҳат қилишни ҳам яхши кўради.
Эмма кўпинча ўзини хайрия ишларига бағишлайди, айниқса саратон касаллигига чалинган инсонларга ёрдам беради. У беморларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Касалликка қарши курашда кучли бўлишни ўргатади.

