Технология

Марсда доимий яшаш учун учта асосий шарт айтилди

Инсоният Марсда доимий яшаши учун Ер билан ишончли алоқа ўрнатиш, икки сайёра ўртасида юк ташишни йўлга қўйиш ва инсоннинг тирик қолиши учун шароит яратиш зарур. Хитойлик тадқиқотчи Чжан Сзяцзюн Қизил сайёрани ўзлаштиришдаги учта асосий вазифани санаб ўтди.

Марсда доимий яшаш учун учта асосий шарт санаб ўтилди

Накед Ссиенсе нашри Глобал Тимесъга таяниб хабар беришича, Хитой Фанлар академиясининг Шанҳай астрономия обсерваторияси кичик илмий ходими бу фикрларни «Нега биз Марсга йўл оляпмиз?» номли мақоласида баён қилган.

Биринчи вазифа — Ер ва Марс ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш. Бу космик аппаратлар билан алоқа қилиш ва уларнинг ҳаракат йўналишини аниқ белгилаш учун муҳим ҳисобланади.

Чжаннинг айтишича, Шанҳай астрономия обсерваторияси раҳбарлигида ишлаб чиқилган радиоинтерферометрия тизими Марсга йўл олган аппаратлар траекториясини юқори аниқликда ҳисоблаш ва уларни орбитага чиқаришга ёрдам беради. Ушбу технология «Тянвен-1» миссиясида синовдан ўтказилган.

Иккинчи вазифа — икки сайёра ўртасида юк ва намуналарни ташишни йўлга қўйиш. Инсоният Марсга космик аппаратлар юборишни ўрганган, бироқ у ердаги моддаларни Ерга қайтаришнинг амалда синалган технологияси ҳозирча йўқ.

Хитой бу йўналишда «Тянвен-3» миссиясини амалга оширишни режалаштирмоқда. Уни тахминан 2028-йилда учириш, Марс тупроғи намуналарини эса 2031-йил атрофида Ерга олиб келиш кўзда тутилган.

Учинчи вазифа — Марсда инсон ҳаётини таъминлаш. Қизил сайёрада ҳарорат жуда паст, радиация даражаси юқори, тортишиш кучи заиф ва атмосфера босими паст. Сув ҳамда кислороддан фойдаланиш имкониятлари ҳам чекланган.

Олимнинг таъкидлашича, одамларнинг яшаши ва илмий тадқиқотлар ўтказиши учун Марснинг маҳаллий ресурсларидан қандай фойдаланиш мумкинлигини аниқлаш керак.

Шунга қарамай, Чжан Марсни инсоният Ер - Ой тизими чегарасидан ташқарига чиқишида эришиш мумкин бўлган мақсад деб ҳисоблайди.

Унинг тушунтиришича, Меркурий Қуёшга жуда яқин, Венерадаги шароит эса ўзлаштириш учун ўта ноқулай. Бошқа осмон жисмлари анча узоқда жойлашган.

Марсда эса сийрак атмосфера ва сув музи бор. Сутка давомийлиги ҳамда фасллар алмашинуви Ердагига ўхшайди. Тадқиқотчига кўра, шу хусусиятлар Қизил сайёрани сайёралараро сивилизация сари йўлда муҳим оралиқ босқичга айлантириши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.