Маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилади
Чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субьектларида рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун қўлланиладиган жарималар тадбиркорнинг даромадига боғланмаган ҳолда, қатъий миқдорда белгиланадиган бўлди. Маркировкалаш қоидалари бузилганда биринчи марта огоҳлантириш берилади. Тегишли қонун лойиҳаси ноябр ойигача тайёр бўлиши керак. Шунингдек, маркировка масаласида кафе-ресторанлар ва меҳмонхоналар дуч келаётган муаммо ҳал этилди.

Маркировка қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилади
Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан учрашувида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармон қабул қилинди. Ушбу фармонда маркировка тизимига оид бир қатор янгиликлар ҳам ўрин олган.
Хусусан, 28-августдан кучга кирган фармонга кўра, меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субьектлари томонидан сув, салқин ичимликлар, пиво ва тамаки маҳсулотлари харид қилинганда, уларнинг рақамли маркировка кодлари ушбу субьектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб ҳисобланади.
Бундан ташқари, 2026-йил ноябр ойининг охирига қадар маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини енгиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Мутахассислар маркировка қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тадбиркорларни банкротликка олиб келаётганини таъкидламоқдалар. Мисол учун, 96 минг сўмлик ҳаракат учун 140 миллиард сўм жарима қўлланилиши мумкин.
Маълумот учун, амалдаги Солиқ кодексида маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун чораклик соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима белгиланган. Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори чораклик соф тушумнинг 20 фоизига тенг бўлади.
Мутахассислар бу ҳолатни "иқтисодий сиёсатга зид" деб баҳолаб, маркировкалаш қоидасини бузганлик учун жаримани айланмага боғламасликни таклиф қилмоқдалар.

