«Марказий Осиёни транспорт ва логистика тармоғи билан боғлаш зарур» — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё мамлакатларини ягона транспорт ва логистика тармоғи билан боғлашни ҳамда янги йўналишлар бўйлаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ривожлантиришни таклиф қилди. «Биз глобал савдонинг асосий қуруқликдаги йўналишларидан бирига ва йирик иқтисодий фаоллик марказига айланишимиз мумкин».

«Марказий Осиёни транспорт ва логистика тармоғи билан боғлаш зарур» — Шавкат Мирзиёев
Марказий Осиё мамлакатларини замонавий транспорт ва логистика тармоғи бирлаштириши зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида маълум қилди.
«Биз глобал савдонинг асосий қуруқликдаги йўналишларидан бирига ва шу билан бирга йирик иқтисодий фаоллик марказига айланишимиз мумкин. Аммо бунинг учун фақат автомобиль ва темир йўллар қуришнинг ўзи кифоя қилмайди. Транспорт инфратузилмасини ривожлантиришнинг умумий мантиғи керак», — деди давлат раҳбари.
У йўналишлар бир-бирини давом эттириши ва «ягона тизим сифатида ишлаши» учун йирик лойиҳаларни ўзаро мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Президентнинг фикрича, янги транспорт йўлаклари бўйлаб ишлаб чиқариш, логистика ва сервис объектларини, индустриал зоналарни ташкил этиш лозим.
«Шунда транспорт йўналиши ўз атрофида иқтисодиётни яратади ва у ўтадиган ҳар бир давлатга жуда катта самара келтиради», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
У Инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгаш тузишни тезлаштиришни ва унинг илк йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

