Иқтисодиёт

Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиёти қандай ўзгаряпти?

Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти беш йилда икки баробар ўсди. 2021-2025 йиллар оралиғида энг яхши ўртача реал ўсиш Қирғизистонда кузатилди - 9,2 фоиз. Минтақа ялпи ички маҳсулотининг мамлакатлар кесимидаги таркибида Қозоғистон энг катта улушга эга бўлиб қоляпти. Аммо охирги 5 йилда бу кўрсаткич 60 фоиздан 56 фоизгача қисқарган. Ўз навбатида Ўзбекистоннинг улуши 24 фоиздан 27 фоизгача ошди.

Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти қандай ўзгариб боряпти?

2021–2025 йилларда Марказий Осиё давлатларининг жами ялпи ички маҳсулоти 285 млрд доллардан 543 млрд долларга кўтарилиб, қарийб икки баравар ўсиш қайд этилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Руслан Абатуров Жаҳон банки маълумотлари асосида минтақа мамлакатларининг иқтисодий кўрсаткичларини таҳлил қилди.

2025-йил якунига кўра, минтақа ЯИМининг мамлакатлар кесимидаги таркибида Қозоғистон энг катта улушни сақлаб қолмоқда. Бироқ ҳисобот даврида унинг умумий улуши 60 фоиздан 56 фоизга тушди. Аксинча, Ўзбекистон улуши 24,6 фоиздан 27,1 фоизга, Қирғизистонники 2,9 фоиздан 4,2 фоизга, Тожикистонники 2,9 фоиздан 3,3 фоизга ошди. Туркманистон улуши эса 9,6 фоиздан 9,2 фоизга камайди.

Қозоғистон иқтисодиёти 5 йил ичида 171 млрд доллардан 306 млрд долларга етди. Ўртача йиллик реал ўсиш 4,8 фоизни ташкил этиб, бу минтақа давлатлари орасида энг паст кўрсаткич бўлди. Шу сабабли Қозоғистоннинг минтақа иқтисодиётидаги улуши қисқарди.

Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши 5,4 фоиздан 3,7 фоизга, саноат ва қурилиш улуши эса 33,1 фоиздан 32,3 фоизга камайди. Шу билан бирга, хизматлар соҳаси улуши 56,1 фоиздан 57,7 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг ўртача йиллик реал ўсиши 3,5 фоизни, саноат ва қурилишда 5,5 фоизни, хизматлар соҳасида 4,4 фоизни ташкил этди.

Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 8,3 млрд доллардан 22,6 млрд долларга чиқди. Ўртача йиллик реал ўсиш 9,2 фоизни ташкил этиб, минтақа мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич бўлди. 2021-йилдан кейин иқтисодий ўсиш тезлашди: 2022–2023-йилларда реал ЯИМ ўсиши йилига қарийб 9 фоизни, 2024–2025-йилларда эса 11 фоиздан кўпроқни ташкил этди.

Қирғизистон иқтисодиёти таркибида қишлоқ хўжалигининг улуши 12,2 фоиздан 8 фоизга камайди. Саноат ва қурилиш улуши деярли ўзгармай, 26,9 фоиздан 26,5 фоизга тушди, хизматлар соҳаси улуши эса 50,7 фоиздан 51,2 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматнинг ўртача йиллик реал ўсиши 2,3 фоизни, саноат ва қурилишда 10,5 фоизни, хизматлар соҳасида 8,5 фоизни ташкил этди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.