Сиёсат

Мариупол қамалини ёриб ўтган ва “Изварино қозони”дан чиққан қаҳрамон — Украина армияси бош қўмондони Драпатий ҳақида

Мариупол қамалини ёриб ўтган ва “Изварино қозони”дан чиққан қаҳрамон — Украина армияси бош қўмондони Драпатий ҳақида

Украина президенти Владимир Зеленский мудофаа вазиридан сўнг мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийни ҳам лавозимидан озод этди. Унинг ўрнига анча ёш ва ҳарбийлар орасида яхши танилган генерал-маёр Михаил Драпатийни тайинлади. Украиналиклар етакчиси бу қарорга жамоатчилик босими ортидан келди. Мудофаа вазири Михаил Федоровнинг истеъфосидан сўнг йирик шаҳарларда бўлиб ўтган намойишлар, айниқса, бу ўзгаришга жиддий туртки берди. Чунки жамоатчилик вазир ва бош қўмондон ўртасида зиддиятлар борлиги ҳақида аллақачон хабар топиб бўлганди.

Янги бош қўмондон бу лавозимга тайинланишидан аввал ҳам харизма, шахсий жасорат ва илғор ташаббуслари ортидан халқ орасида оммалашиб улгурганди. Қолаверса, у истеъфога чиққан вазирни ижтимоий тармоқлар орқали очиқча қўллаб чиқди. Ушбу мақолада Михаил Драпатийнинг босиб ўтган йўллари ҳақида ҳикоя қилинади.

**Мариупол қамалини ёриб кириш**

Генерал-маёр Михаил Драпатий ҳозир 43 ёшда. У дастлабки олий таълим дипломини Харков танк қўшинлари институтида олган. 2021-йилда эса мамлакатнинг етакчи ҳарбий та'лим муассасаси — Миллий мудофаа университетининг энг яхши битирувчиси бўлган. Драпатийни 2009-йилдаёқ, аниқроғи олийгоҳни битирганидан беш йил ўтиб, катта лейтенант унвонидан маёр даражасига кўтаришган. Унинг ўша даврдаги сафдошларидан бири воқеани мана шундай эслайди:

> Драпатий ўшанда ҳам худди ҳозиргидек меҳнаткаш эди. Ҳамма нарсани ижобий томонга ўзгартиришни хоҳларди. Катта лейтенантни маёр лавозимига, айниқса тинчлик даврида, фақат алоҳида хизматлари учун тайинлашади.

2014-йилнинг апрел ойига келиб Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги айирмачиларга қарши аксилтеррор операциясини бошлади. Ўша пайтлар маёр Драпатий мамлакат қуруқлик кучларининг 72-бригадаси таркибида баталён қўмондони эди. У хизмат қилаётган бригадани Мариупол атрофига юборишди. Ўша пайтда шаҳарда россияпараст гуруҳлар фаоллашиб, маъмурий бинолар ҳамда куч тузилмаларига тегишли обьектларни эгаллашга ҳаракат қилаётганди.

Шундан сўнг шаҳарга кириш нуқталарига, шунингдек Мариупол аеропортига армия қисмлари жойлаштирилади. Аммо бу ҳам хавфсизликни тўлиқ таъминлаш учун етарли эмасди. Ўша йилнинг 9-май куни айирмачилар шаҳар ички ишлар бошқармаси биносига ҳужум уюштирди. Ўша пайтда бинода куч тузилмалари вакилларининг йиғилиши бўлиб ўтаётган эди. Тўқнашув давомида “Днипро” баталёни қўмондони Сергий Демиденко ҳамда шаҳар ЙҲХБ бошлиғи Виктор Саенко ҳалок бўлди. Мариупол милицияси бошлиғи Валерий Андрущак эса гаровга олинди. Шундан сўнг армия бўлинмалари, жумладан 72-бригада аскарларини ёрдамга чақиришди. Драпатий ана шу воқеаларни қуйидагича эслаганди:

> Белгиланган обьектга етиб келганимиздан сўнг зарур тадбирларни амалга оширдик. Бино ёна бошлагач, ўт ўчирувчилар етиб келди ва уларнинг нарвонлари орқали одамларни қутқаришга муваффақ бўлдик. Шундан кейин тартибли равишда чекиндик. Кейинги тозалаш ишларини бошқа бўлинмалар бажарди, аммо менимча, бу вазиятда асосий ролни айнан бизнинг аскарлар ўйнаган.

Вазият кескинлашган ўша вақтларда шаҳарнинг россияпараст аҳолиси милиция биноси олдига тўпланиб, йўлларда баррикадалар қурди. Аммо ичида Драпатий бўлган БМП-2 пиёда жанговар машинаси сунъий тўсиқ устидан юқори тезликда ошиб ўтди. Қолганлар эса унга эргашди. Шундай қилиб, ҳарбийлар шаҳардан вақтинчалик чекинишга ва Мариупол ташқарисидаги ўз позицияларига қайтишга муваффақ бўлди.

> “Механик-ҳайдовчи олдимиздаги баррикадалар баландлиги бир метрдан ошишини айтиб, нима қилишни сўради. Мен эса ъянчиб ўтамизъ дедим. Воқеа тасвирланган видео кейинчалик бутун дунёни айланиб чиқди”, деган эди Драпатий ўша воқеаларни эслаб.

Июн ойининг ўрталарига келиб Украина армияси шаҳарни айирмачилардан қайтариб олди. Аммо бу сафарги жангларда 72-бригада қатнашмади.

**Қуршовдан олиб чиқилган 260 нафар ҳарбий**

Драпатий хизмат қилаётган бригада Мариупол йўналишидан олиниб, Луганск областининг Россия билан чегарадош ҳудудларини қўриқлаш учун Изварино ва Краснопартизанск аҳоли пунктларига юборилди. Уларга айирмачилар Россиядан ҳарбий техника, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар олишига йўл қўймаслик вазифаси юклатилганди. Унинг айтишича, бригада бу вазифани “вазият кескин ёмонлашгунга қадар” муваффақиятли бажарган. Кўп ўтмай украиналик ҳарбийларни Россия ҳудудидан “Град” ракета тизимлари ва миномётлар ёрдамида ўққа тутиш бошланди. Украина қўмондонлиги бу Кремл учун тўлақонли урушга баҳона бўлишидан қўрқиб, жавоб қайтармасликни буюради. Драпатий ўша кунларни шундай эслайди:

> Энг даҳшатлиси — Россия Федерацияси ҳудудидан артиллерия зарбалари остида қолиб, бунга умуман жавоб бера олмаслик эди. Одамлар окопдан бошини ҳам кўтара олмасди. Бомбардимон эса уч-беш соат, баъзан эса тун бўйи давом этарди.

Ҳам рус армияси, ҳам айирмачилар томонидан ўққа тутилган Украина аскарлари учун вазият оғирлашиб борарди. Орадан кўп ўтмай, исёнчилар уларни уч томондан ўраб олди. Тўртинчи томонда эса Россия бор эди. Бу воқеалар тарихга “Изварино қозони” номи билан кирди. Бир неча юз ҳарбий хизматчи чегарани кесиб ўтиб, қуролларини топширди. Аммо Драпатий русларга таслим бўлишни хоҳламасди. У ўз баталёни билан қуршовни ёриб чиқди. 260 нафар ҳарбий хизматчи уч кун давомида 160 км йўл босиб, атиги бир нафар қурбон беришди. Улар, шунингдек, 30 та техникани ўзлари билан олиб чиқишди.

> “Агар ўша ҳудудларда қолишда давом этганимизда, шахсий таркиб ва техника борасида анча кўпроқ қурбон берган бўлардик. Вазият шундай тус олгандики, бизда фақат битта йўл қолганди”, деган Драпатий ўша воқеаларни эслаб.

**Херсон ва Донецкдаги вазиятни барқарорлаштирган**

Маёр Драпатий 2016-йили 58-алоҳида бригада қўмондони этиб тайинланди. 2019-йилга келиб унга полковник унвони берилди. Кенг кўламли уруш бошлангунга қадар Драпатий Донецк областида хизмат қилиб, шу билан бир вақтда Украина Миллий мудофаа университетида таҳсил олган. У 2022-йилнинг март ойида “Жануб” оператив бирлашмаси қўмондони этиб тайинланган. Кейинчалик ушбу бирлашма “Херсон” қўшма қўшинлар гуруҳи таркибига киритилди.

Драпатий 2022-йил кузига келиб Херсон областининг ҳозиргача Украина назоратида қолаётган қисмларини озод қилиш операциясида қатнашди. Улар қарийб 30 та аҳоли пунктини, жумладан Берислав шаҳрини озод қилиб, тахминан 30 километр олдинга силжишга эришди. Орадан бир йил ўтиб Драпатий “Херсон” қўшинлар гуруҳи қўмондони бўлди. Херсон йўналишида у билан бирга жанг қилган баталён қўмондонларидан бири “Украинска Правда” нашрига интервю бериб, Драпатий йўқотишларни имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилишини айтган. Материалда келтирилишича, у бир сафар қўмондонларни аскарлар билан ҳаддан ташқари қўпол муомалада бўлмасликка ундаган.

2024-йили Владимир Зеленский Драпатийни Бош штаб бошлиғининг ҳарбий тайёргарлик бўйича ўринбосари этиб тайинлади. Ўша йил май ойида Россия Харков шимолига ҳужум бошлади. Бош штаб вазиятни барқарорлаштириш учун ушбу йўналишга раҳбарлик қилишга айнан Драпатийни танлади. Шундан сўнг Украина кучлари ҳужумни тўхтатишга муваффақ бўлди. Ҳатто русларни айрим аҳоли масканларидан қувиб чиқарди.

Драпатий ўша йилнинг ойида Донецк областига юборилди. Боиси Россия қўшинлари Украина армиясининг Торецк ва Ню Ёрк аҳоли пунктлари атрофидаги позицияларини эгаллаётганди. “Бабел” нашри манбасининг таъкидлашича, у келганидан сўнг фронтнинг мазкур участкасидаги вазият барқарорлашган. Шундан сўнг ҳарбийлар орасида Драпатийни “ўт ўчирувчи”, деб аташ оммалашган. 2024-йилнинг октябр ойида Драпатийга генерал-маёр унвонини олди. Яна бир ой ўтиб эса у Украина Қуруқлик қўшинлари қўмондони этиб тайинланди. Янги қўмондонга тизимни ислоҳ қилиш вазифаси юклатилганди. Аммо Покровск яқинида вазият оғирлашгани боис у яна фронтга йўл олди. 2025-йили юз берган иккита ҳолат эса унинг бу лавозимдан кетишига туртки бўлди.

**Полигонга зарбалардан сўнг истеъфога чиққан**

Ўша йилнинг 1-март куни Россия ҳарбийлари Днепропетровск вилоятидаги полигонга ракета зарбаси берди. Украиналиклар ҳужум вақти очиқ осмон остида тўпланиб тургани боис 30 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Шундан сўнг Драпатий бош қўмондон Александр Сирскийдан ҳайфсан олди. Орадан роппа-роса уч ой ўтиб, худди шу полигонга яна “Искандер” тизими билан зарба берилди. Бу сафар 12 киши ҳалок бўлди. Шундан кейин Қуруқлик қўшинлари қўмондони истеъфо берди. У ўз баёнотида шундай ёзганди:

> Бу менинг шахсий масъулият ҳиссим туфайли қабул қилинган онгли қарордир. Воқеаларни ўзаро яшириш ва жазосизлик армия учун заҳар ҳисобланади. Мен буларни Қуруқлик қўшинлари сафидан йўқ қилишга ҳаракат қилдим. Аммо фожиалар такрорланаётган экан, демак менинг саъй-ҳаракатларим етарли бўлмаган.

Бир неча кундан сўнг у Қуруқлик қўшинлари қўмондони сифатидаги фаолиятига якун ясаб, яна бир шов-шувли баёнот эълон қилди. Унда шундай дейилганди:

> Мен лавозимни қабул қилган пайтда Қуруқлик қўшинлари қўмондонлиги ма'мурий турғунлик ҳолатида эди. Қўрқув муҳити ҳукм сурарди. Ташаббус йўқ эди. Танқид ва фикр-мулоҳазаларни қабул қилишга тайёрлик бўлмаган. Шахсий таркиб муаммоларига бефарқлик, фақат ташқи кўринишдаги интизом ва штаб билан жанговар бўлинмалар ўртасида чуқур узилиш мавжуд эди. Тизимли суиъистеъмол ҳолатлари, таниш-билищилик асосидаги кадрлар сиёсати ҳамда ички ташкилотчиликнинг паст даражаси кузатиларди.

Истеъфодан сўнг Зеленский уни дарҳол Қўшма кучлар қўмондони этиб тайинлади. 2025-йил октябр ойида эса у янги ташкил этилган Қўшма кучлар гуруҳига қўмондонликни қабул қилиб олди. Мазкур гуруҳнинг масъулият ҳудуди Харков вилояти ва унга туташ ҳудудларни ўз ичига олади. “Украинска Правда” буни Драпатий ваколатларининг торайиши сифатида баҳолаган. Нашр манбаларидан бири эса Сирский шу орқали рақибидан қутулмоқчи бўлаётганини таъкидлаган. Боиси ўша вақтлардаги Бош қўмондон Қуруқлик қўшинлари қўмондонида сиёсий амбициялар кўра бошлаган.

> “Драпатий коррупсияга аралашмаган. Ноодатий фикрлайди ва ҳеч қачон ниманидир 'ҳал қилиб беришга' рози бўлмаган. Шу сабабли у бошқалардан ажралиб турадиган одам сифатида кўрилади. Бу эса унинг сиёсий амбициялари борлиги ҳақида гумон қилишларига сабаб бўлади”, дея таъкидлаган манбалардан бири.

**Лавозимидан бўшатилган мудофаа вазирини қўллаб-қувватлаган**

Жорий йилнинг 16-июл куни Владимир Зеленский мудофаа вазири Михаил Федоровни лавозимидан озод қилди. Замонавий қарашларга эга технократ амалдорнинг ишдан олиниши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Уни қўллаб чиққанлар орасида Драпатий ҳам бор эди. Қўмондон ишдан олинган мудофаа вазири ҳақида тармоқлар орқали қуйидагиларни ёзди:

> Мудофаа вазирлигига янги жамоа келиши билан ҳарбий тизим йиллар давомида амал қилиб келган қоидаларни ўзгартиришга ҳақиқий уриниш бошланди. Гап янги номлар ёки қоғозда қолиб кетадиган навбатдаги ислоҳотлар ҳақида эмасди. Гап жангчилар ва қўмондонлар ҳар куни салбий оқибатларини ўз танасида ҳис қилаётган муаммолар ҳақида эди. Мен Мудофаа вазирлиги жамоасига ушбу ишни бошлагани ва тизим йиллар давомида сукут билан четлаб ўтган масалаларни кўтаришдан қўрқмагани учун миннатдорчилик билдираман.

Орадан беш кун ўтиб президент Зеленский бош қўмондон Александр Сирскийни ҳам лавозимидан озод қилди. Унинг ўрнига эса Михаил Драпатий тайинлади. Шундан сўнг Федоров ҳам янги тайинловга муносабат билдириб, баёнот э'лон қилди.

> “Генерал-маёр Михаил Драпатийни Украина қуролли кучлари бош қўмондони лавозимига тайинлангани билан табриклайман! Бу эркин инсонларнинг озодлик ва адолат учун курашида янги шамол ва янги умиддир”, дейилади унинг баёнотида.

Зеленский Федоровни ўз жамоасида сақлаб қолиш учун “янги ва муносиб” лавозим таклиф қилган. Собиқ вазир бу лавозимда давлатнинг технологик йўналишини бирлаштириш ва соҳани ривожлантириш билан шуғулланади. Бироқ “Украинска Правда” манбалари Федоров бу таклифни рад этганини билдирган. Қайд этилишича, у Россияни жиловлаш бўйича ўз стратегиясини Мудофаа вазирлигига тегишли ваколат ҳамда ресурсларсиз амалга ошира олмаслигига ишонган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.