Марғилонда еттинчи халқаро «Атлас байрами» бўлиб ўтади
Марғилонда еттинчи бор анъанавий тўқимачилик халқаро фестивали «Атлас байрами» бўлиб ўтади. Дастурда — кўргазмалар, маҳорат дарслари ва мода намойишлари. Дастур.

Марғилонда VII «Атлас байрами» халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтади.
12-16 сентябрь кунлари касбий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ўтказилади, асосий дастур эса 17-19 сентябрь кунларига мўлжалланган.
Иштирокчилар орасида турли мамлакатлардан келган усталар, дизайнерлар, тўқимачилик соҳаси мутахассислари, тадқиқотчилар ва маданият арбоблари бор.
Фестивал 2015 йилдан буён ўтказиб келинмоқда ва тўқимачилик ҳунармандчилиги анъаналарини сақлаш, ривожлантириш ва авлоддан-авлодга узатиш, шунингдек, меросни замонавий креатив индустрияларга интеграция қилиш майдонига айланди.
Бу йилги дастурдан «Водий гавҳари» туристик мажмуаси, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази ва Марғилон тарихи музейида бўлиб ўтадиган қатор кўргазмалар, маҳорат дарслари, намойишлар ва ишчи учрашувлар ўрин олган.
Иштирокчилар ЮНЕСКО ва Европа Иттифоқининг анъанавий техникалар ва замонавий дизайн синтезини намойиш этувчи кўникмаларни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаси натижаларини тақдим этадилар.

